Туркий дунё деб атайдиганимиз қутлуғ ҳудудда кўнгилларни бирлаштирган энг муҳим ришта муштарак умумий лисонимиз – туркий тилдир. Орамизда минглаб километрлик масофа борлигига қарамай, кўҳна тилимиз ва тамаддунимиз туфайли илдизи туташ мақолларни, маталларни ва ибораларни қўллашимиз, бир-биримизнинг миллий шеър ва ашулаларимизни тинглаб, айни завқни ва туйғуни ҳис қилишимиз туркий оламнинг бутунжаҳон миқёсидаги энг катта бойлигидир. Шундай яқинлик туфайли минглаб чақирим олисда бўлсак-да, қалбларимиз битта орзу – Турк халқлари бирлиги йўлида уриб туради. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид билан куни кеча Навоий шаҳрида бўлиб ўтган “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали ва ТУРКСОЙ ёзарлар бирлигининг I йиғилишида қардошларимиз қалбида кечган ана шу муштарак қувончлар ва орзулар тафти ҳақида суҳбатлашдик.
— Сирожиддин ака, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда халқ маънавиятини юксалтириш, миллий адабиёт ва санъатни ривожлантириш ҳамда қардош халқлар ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор берилаётгани ва бу туркий дунё учун ўрнак ва намуна бўлиб хизмат қилиши ўтган тадбирлар давомида алоҳида эътироф этилди. Келинг, суҳбатимиз аввалида айни маданий-гуманитар алоқаларнинг, маънавий-маърифий ҳамжиҳатликнинг рўёби сифатида шу йилнинг 7 март куни таъсис этилган ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги ва бу ўзига хос жамиятнинг мақсадлари ва келгусидаги режалари ҳақида гаплашсак... Турк маърифий дунёсининг улуғвор дарёлари бирлашуви қандай мақсадлар рўёбидан дарак бермоқда?
— Кейинги йилларда Туркий давлатлар кенгаши доирасида маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликлар ҳам жадал ривожланаётгани бизни беҳад қувонтирмоқда. Хусусан, қисқа вақт давомида қардош халқлар ўртасидаги адабий алоқалар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Ушбу мамлакатларда фаолият кўрсатаётган ижодий ташкилотларнинг биргаликда адабий анжуманлар уюштириши, ўзаро таржималарни амалга ошириб, китоб тақдимотларини ташкил қилиши ўзига хос анъанага айланди.
Шу йилнинг 5–6 март кунлари ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг ташаббуси билан Анқара шаҳрида Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмалари ҳамда Евроосиё Ёзарлар бирлиги раҳбарлари иштирокида уюштирилган анжуманда бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти қароргоҳида ТУРКСОЙ раҳбари Султон Раев иштирокида Ёзувчилар уюшмалари раҳбарларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги ташкил этилиб, унинг низоми тасдиқланди. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, ардоқли адиб Анар муаллим мазкур уюшмага фахрий раис, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Улуғбек Эсдавлат раис этиб сайланди. Қардош давлатлар Ёзувчилар уюшмалари раислари мазкур халқаро ижодий ташкилотнинг ўз мамлакатидаги вакиллари саналади.
Йиғилишда менга сўз берилган чоғида юртимизда қардошларимга айтсам кўнглим кўтариладиган кенг кўламли адабий-маданий лойиҳалар ва эътиборга молик тадбирлар амалга оширилаётганидан фахрланиб кетдим.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда ўзбек тилида нашр қилинган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик мажмуасига бағишланган махсус видео-лавҳа намойиш қилинди. Эътиборли жиҳати, анжуман иштирокчилари ушбу мажмуани давримизнинг буюк адабий бунёдкорлиги, туркий халқларнинг улкан маънавий хазинаси сифатида эътироф этишди. Шунингдек, ижодкорлар Ўзбекистондаги бугунги янгиланиш ва бунёдкорликлар, айниқса, ўзбек адабиётини ривожлантириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатларга юксак баҳо беришди.
Туркий тилли адиблар ижодини кенг ёритиб борадиган халқаро адабий нашрлар ва сайтларни ташкил этиш ҳақидаги таклифлар ҳам якдиллик билан маъқулланди.
Шу куни қардош халқлар адабиётини кенг тарғиб этиш, ўзаро ижодий ҳамкорликларни янада юксалтириш йўлидаги хизматлари учун ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти раҳбари Султон Раев ва мазкур ташкилотнинг бир гуруҳ вакилларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ташаккурномалари топширилди. Шунингдек, Алишер Навоийнинг Тошкентда янги чоп этилган 5 жилдлик “Хамса” мажмуаси ҳамда ҳурматли Президентимиз сўзбошиси билан чоп этилган Юнус Эмро асарлари тўпламининг ўзбек тилидаги нашри ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти кутубхонасига тақдим этилди.
Сиз таъкидлаб ўтганингиздек, бу улуғ дарёларнинг ўзаро бирлашиши келгусида улуғвор уммон қадар маънавий-руҳий афзалликлари ва адабий кашфиётлари билан кўнглимизни нурлантириши, шубҳасиздир.
— Улкан маърифий мезонларни ўз маслагига қамраб олган “Мумтоз шеърият” фестивалининг Навоий шаҳрида ўтказилгани бежиз эмас... Тарих саҳифаларига назар ташласак, Шарқда Иккинчи Ренессанс жараёнини бошлаб берган Темурийлар давлатидаги миллат маънавияти боғининг энг гуллаган даври айнан Султон Ҳусайн Бойқаро ва амир Алишер Навоий замонига тўғри келади, десак адашмаган бўламиз. Зеро, мутафаккир бобомиз ўз асарларида миллат маданияти ва маънавий оламининг ривожи учун ўз давлатчилигига эга бўлиши, айни пайтда, ҳар бир миллат давлатчилигини сақлаб қолиши учун ўз тафаккур оламини сақлашига, маънавий оламнинг асосларидан бўлмиш тил ва адабиётини ривожлантириш учун қайғуриши лозимлиги, бу борада Амир Темур ва унинг авлоди ўрнак бўлишини бот-бот таъкидлаган. Шундай эмасми?..
— Буюк бобокалонимиз айни дамда кўнглимизни нурафшон айлаётган улкан руҳий кўтарилишларни ҳис қилиб, бугунги кунларни орзу айлаб шундай лутф қилган эканлар:
Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Кўнгил бермиш сўзумға турк, жон ҳам,
Не ёлғиз турк, балки туркмон ҳам.
Айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва хоҳиш иродаси туфайли Туркий дунё бирлигига беқиёс ҳисса қўшган шеърият мулкининг султони, улуғ мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ҳақидаги қарорнинг қабул қилиниши ва ташкил этилиши, бунинг Туркий давлатлар раҳбарлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, айниқса, унутилмас воқеа бўлди. Илк мукофотнинг қирғиз адиби Чингиз Айтматовга топширилгани эса адабиёт аҳлини бирдай хурсанд қилди.
Барчамиз бирдамликда тиклаётган Тинчлик ва омонлик иморатига ушбу китоблар ҳам мустаҳкам ғиштлар бўлиб қўшилмоғига шак-шубҳа йўқ. Зеро, одам болалари учун дўстликдай мустаҳкам истеҳком, китобдай садоқатли дўст топилмагай. Жаҳолатга қарши фақат маърифат билангина курашмоқ мумкин. Бунга Туронзамин халқлари адабиёти гувоҳлик бериб турибди.
Ҳазрат Навоийдан тимсол байт олган,
Ўз сўзин дунёга дадил айтолган.
Минг йил қурмаганни бир йилда қуриб,
Ўз юртин қайтадан бунёд этолган.
Оламга таралган шавкатим, шоним,
Марди майдонимсан, буюк Туроним.
Фақат бир йўл бордир – нажотга элтар:
Миллатлар, давлатлар, эллар, элатлар
Аҳдлашиб, дўстлашиб, қадрдонлашиб,
Бирлашиб оламни обод этсалар...
Олам аҳли билан сайру жавлоним,
Давру давронимсан, буюк Туроним.
— “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали ҳамда ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилишида атоқли адиб, устоз ижодкор, ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги фахрий раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар Рзаевнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони асосида “Дўстлик” ордени билан тақдирланиши кўплаб адабиётсеварларнинг кўнглига ўзгача ёруғлик олиб кирди. Анар муаллимнинг асарлари билан илк бора танишганимда унинг шўро замонидаёқ дунё тан олган ёзувчи сифатида танилиши бежиз эмаслигини англаганман. Сиз бу ижодкорнинг қайси жиҳатлари ўзбек китобхони эътиборини кўпроқ ўзига жалб қилган деб айта оласиз?
— Анар муаллим том маънода туркий адабиётнинг жонкуяри. Таваллудига 85 йил тўлган бу ижодкорни адабиёт мухлислари борки, “Анар муаллим”, деб атайди. Ёзувчи умри давомида “Қобустон” санъат альманахи, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси, мамлакат Миллий Мажлиси ( Парламенти), Туркийзабон давлатлар Ёзувчилар уюшмасида самарали фаолият кўрсатди. Унинг асарларида замон муаммолари, анъана ва қадриятлар, уларга одамларнинг муносабати каби долзарб масалаларга кенг ўрин берилган. Анар муаллим она тили ривожи, миллий анъаналарни асраш, китобхонларнинг адабий дидини юксалтириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган зиёлилар дарғаси сифатида эъзозланади. Адиб “Дантенинг юбилейи”, “Оқ кўрфаз”, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати”, “Мулоқот”, “Сизсиз” каби асарларида замондошлар образини яратишга интилади. Анъанавий тушунча ва урф-одатлар, меҳр ва оқибатнинг одамлар ҳаётига таъсирини тадқиқ қилади. Ижодкорнинг бир қатор асарлари асосида кинофильмлар ҳам яратилган.
Анар муаллим ҳар сафар Ўзбекистонга келганида мамлакатимизда миллий адабиёт ривожи йўлидаги эътибор, амалий ғамхўрликни юксак эътироф этади. Ёзувчининг “Мен дунё кезган одамман, бироқ бошқа бирор ерда Ўзбекистонда адиблар учун қуриб берилган ҳашаматли бино каби бир кошонани кўрган эмасман, буни адабиётга эътибор дейдилар. Мен ўша вақтдаёқ озар матбуотида бу ҳақда чиқиш қилганман. Ўзбекистон Президенти томонидан қилинаётган хайрли ишлар ҳақида ҳавас қилиб ёзганман”, деган сўзлари менга фахр бағишлаган. Ёзувчининг давлатимиз раҳбари томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланиши илдизи, ўзаги туташ, бир-биридан илҳом олган, бир-бирини тўлдирган, ўзига хос анъаналар билан бойитган туркий адабиётимиз ривожига мамлакатимизда кўрсатилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
— ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг таъсис этилиши туркий тилли давлатларнинг кўплаб ижодкорлари томонидан орзиқиб кутилаётган воқеа эди. Мазкур ташкилотнинг биринчи йиғилишида 2024 йилда Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорларининг халқаро форумини ўтказиш ҳақидаги таклифингиз барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Айтинг-чи, бугунги ёш ижодкорлар руҳиятидаги қайси устуворликлар сизни хурсанд қилади-ю қайси камчиликлар сизни кўп ташвишга солади?
— Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов айтгандики, ёшларнинг қилаётган ишига, юмушига ғашинг кела бошладими, демак, қарияпсан, эҳтиёт чораларини кўр. Бугунги ёшларга ғашимиз эмас, ҳавасимиз келяпти. Бизнинг болалигимиз қаттиқ меҳнатда, заҳматда кечди. Ўқувчилик, талабалик паллаларимиз милён эгатлар орасида ўтди. Бугун ёшлар эга бўлган имкониятларни кўриб, рости қувонаман.
Мен ҳам тўп тепардим. Яқинда Президентимиз ёш футболчиларни тақдирлаганида уларга жуда ҳавасим келди. Ҳаммаси 15–16 яшар йигитлар. Мен шеъриятда, адабиётда ҳам шундай бўлишини орзу қилганман. Қишлоғимдан 16 ёшимда чиқиб кетганман. Онам: “Кўрпамнинг тагидан чиқиб кетганингга 50 йил бўлди”, дейди. Биттигина ният билан келганман. Ўқишга кириб, ота-онамнинг юзини ёруғ қиламан-да, қишлоғимга машҳур шоир бўлиб қайтаман, деганман. Машҳур шоир бўла олдимми-йўқми, билмадим, лекин мен ёшлигимда орзу қилган барча йўллар бугун ёшлар учун очиқ. Мана, Зомин семинарларимиз қайта тикланди. Йиғилишда Халқаро ёшлар форумини ўтказиш ҳақида таклиф билдирганимда мени иштирокчилар қўллаб-қувватлашди.
Мен Анар муаллим ва ижодкорларнинг ҳайратларини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳаттоки бир дўстимиз: “Ўзбекистонда қолиб кетсам бўладими?”, деб чин дилдан айтди бизга ҳавас қилиб.
Фестиваль иштирокчиларига “Ватан манзумаси” адабий-мусиқий дастури ёш ижодкорлар томонидан тақдим этилди. Буни кўриб меҳмонларнинг кўзида ёш қалқди.
Тўғри, ёшларнинг ҳаракатларида, ижодий ишларида кам-кўстлари бор. Лекин уларнинг ҳаяжони, ғурури зўр, завқ-шавқи баланд. Китоблари 10 000-20 000 нусхада чоп этиляпти. Тўғри, қалам ҳақи камроқдир. Лекин “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси таржимон муаллифлари ўртача 60–70 миллион сўмдан қалам ҳақи олишди. Энг ками 7 милллион сўм.
Ёшларда ёшлик деган буюк имконият бор. Мана шу замонда вақтни бекор ўтказмаслик керак. Вақт қаламқош нигордай, оҳудай тез ўтиб кетади. Аммо вақтни бекорга бой бермаслик керак.
— Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтказилган биринчи саммити арафасида юртимизда 100 жилддан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” жамланмаси, яъни китоблар туркуми нашр этилди. 629 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари жамланган ушбу ноёб дурдонани варақлаб, ҳозирги туркий халқлар адабиётидаги қандай мутаносибликлар ва фарқли жиҳатларни кўра олдингиз?
— Президентимиз 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Ушбу эзгу ташаббус асосида биринчи бўлиб Ўзбекистонда мана шу муҳташам адабий мажмуа яратилди. Мазкур кенг кўламли, залворли бадиий асарлар силсиласига умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилди.
Ушбу адабий ганжина нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳанинг амалий ифодаси, аниқроқ айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистоннинг янги ижодий маҳсули, она юртимизда маданият ва санъатга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг, халқимизнинг қардош миллатлар ва уларнинг сўз санъатига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир. Мир Алишер Навоий бобомиз бундан беш юз йиллар аввал:
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур, –
дея фахр ва ғурур билан башорат қилган муборак сўзлари мана шу 100 жилдлик маънавий хазинада ўз аксини топиб турибди.
Мажмуада барча туркий тилли халқлар адабиёти вакилларига кенг ва муносиб ўрин берилганини зукко китобхон дарҳол илғаб олади.
Хусусан, тўпламда жами 117 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилган. 52 нафар ижодкорнинг асарлари ўзига замондош, услуби ва йўналиши жиҳатидан яқин ва ҳамоҳанг бўлган бошқа адиб ва шоир билан битта жилдга киритилган. “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилддан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибату-л-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” каби мумтоз асарлари ўрин олган. 28 жилдни ташкил этган “Ўзбек адабиёти намуналари” ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг “Сайланма ғазаллари” билан бошланиб, “Замонавий ўзбек насри антологияси” билан якунланади.
Ундан сўнг кетма-кетликда келадиган қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман адабиёти намуналарига ҳам кенг ва мўл ўрин ажратилган бўлиб, уларни мутолаа қилган китобхон қондош, қардош халқлар сўз санъатининг энг улуғ намояндалари ижоди билан ошно бўлади.
Таниқли можор адиби Арон Яношнинг ўзбек шарқшунос олими Исҳоқ Иброҳим томонидан 19-асрда таржима қилинган “Ажойиб суйғуннинг ҳикояти” номли достони мажмуанинг якунловчи жилди сифатида тақдим этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Тарихий манбалардан маълумки, қадимий Можористон – ҳозирги Венгрия халқининг азалий илдизлари Туронзаминга бориб тақалади. Ушбу ажойиб асарда айнан мана шу тарих ҳақида ҳикоя қилинади.
Бундан ташқари, мажмуадан замонавий ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман адабиётлари антология – баёзлари ҳам ўрин олган бўлиб, уларда ушбу мамлакатлар шоир ва ёзувчиларининг асарларига атрофлича ва муносиб ўрин берилган.
Бир сўз билан айтганда, ушбу “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси жами 450 дан ошиқ муаллифни қамраб олган бўлиб, бу ўз навбатида, ижодий лойиҳанинг кўлами ва миқёсидан далолат беради.
Шак-шубҳасиз, қисқа муддатда катта меҳнат, залворли ижодий иш амалга оширилди. Муаллифлар ва асарлар таркибини белгилашда даставвал ҳар қайси мамлакатнинг тегишли ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир миллий адабиёт вакилларининг рўйхати шакллантирилди. Туркий миллатлар адабиётидан ўзбек тилига қилинган таржималар алоҳида ўрганиб чиқилди. Ғоят синчковлик ва катта масъулиятни талаб қиладиган бу заҳматли жараёнда шу кунга қадар амалга оширилган таржималар орасидан энг саралари, таржима санъатининг мумтоз намуналари сифатида эътироф этилган етук асарлар танлаб олинди. Устоз таржимонлар меҳнатининг авлодлар томонидан яна бир бор эътироф этилиши баробарида, узоқ йиллардан бери қайта нашр этилмаган машҳур асарларни такроран чоп этиш ва ўқувчиларни улардан баҳраманд этиш имкони ҳам яратилди.
Умуман олганда, ушбу 100 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлашда икки юздан зиёд таржимон қатнашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан яна юздан зиёд адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар нашрга тайёрлаш, чоп этиш ишларига кенг жалб этилди.
Шу ўринда Халқаро Туркий мажданият ташкилоти томонидан Можористон (Венгрия)да буюк можор шоири Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро шеърий таржима танловига алоҳида тўхталмоқчиман. Туркий тилли давлатларда яшаб ижод қилаётган 100 нафардан ортиқ шоирлар Шандор Петёфи шеърлари таржимаси танловида иштирок этган. Шоирнинг 500 га яқин шеъри туркий тилларга таржима қилинган. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан Даврон Бириккажули (Қозоғистон), Тўлуқ Бек Байзоқ (Қирғизистон), Турсун Аян (Туркия), Рамил Аҳмед, Жовид Мавсумли (Озарбайжон), Ақмурат Ражабов (Туркманистон), Рустам Мусурмон (Ўзбекистон) каби шоирлар танлов ғолиби дея эълон қилинди. Ғолиблар Можористонда 2023 йилнинг 11–19 март кунлари Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллиги ҳамда можор халқининг миллий мустақиллик байрами доирасидаги тадбирларда қатнашди ва тақдирланди. Танлов ғолиблари сафида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир ва таржимон Рустам Мусурмоннинг ҳам мукофотлангани бизни қувонтиради. Можористондаги ушбу тадбирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Шандор Петёфининг шеърларининг ўзбек тилида чоп этилган “Озодлик” номли янги китобини ҳадя қилдик.
Президентимиз томонидан “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” деган шиор бекорга илгари сурилмаган. Халқаро адабий алоқаларимиз бундан кейин ҳам давом этади.
— Бир шеърингизда: “Ҳазрат Навоийга етмоқ-чун, эй, дил, Яна беш юз йиллар юрмоқ керакдир”, деган мисралар бор. Биласизми, нима учун бу мисраларни келтирдим... Айни пайтда, ҳар куни негатив хабарларни эшитиш, агрессияга тўла зўравонлик, ахлоқсизликка ундовчи рекламаларни томоша қилиш, ўқиш ҳар биримизнинг руҳиятимизга ўзгача таъсир қилади. Фестиваль иштирокчиси, таниқли қозоқ шоири, адиб ва таржимон Насипбек Айтулининг таъкидлашича, ҳар бир инсонда руҳий юксакликка ундайдиган маънавий-руҳоний эҳтиёжлар бор. Айниқса, тарбиячилар, муаллимлар, ва албатта, ота-оналар инсон тарбиясида шу жиҳатга кўпроқ эътибор қилишлари зарур. Алишер Навоий қаҳрамонлари камолотга интилиши билан ажралиб туради...
– Фестиваль доирасида Навоий вилоятининг Маънавият ва маърифат марказида 30 жилддан иборат “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” китоби ҳамда Алишер Навоийнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев сўзбошиси билан қозоқ тилида чоп этилган “Хамса” китоби тақдимоти ўтказилди. Тақдимот давомида “Хамса” таржимони, Қозоғистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, шоир Несипбек Айтулига халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун Навоий шаҳри фахрий фуқароси гувоҳномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзолигига ҳам қабул қилинди. Несипбек замондошларимизнинг айни глобал муҳитдаги ташвишли ҳолатларини тўғри таъкидлаб ўтибди. У билан суҳбатлашганимда “Хамса”ни таржима қилиш жараёнида ўз руҳиятида сезган илоҳий шуълалар, фитратида кечган юксалишлар ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Айни пайтда Несипбек мазкур асарнинг бошқа достонларини ҳам қозоқ тилига таржима қилиш устида изланишлар олиб бормоқда. Бу ҳам адабиёт аҳли ва мухлисларини ғоят мамнун қилди.
Навоийдаги учрашувлар давомида маҳаллий ўқитувчилар ҳамда ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқот ва мушоирада сўзга чиққан энг камгап ва камтар Анар муаллим Янги Ўзбекистонимизда бадиий адабиёт, шунингдек, ижодкорлар меҳнатига давлат миқёсида кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб, катта завқу ҳаяжон билан шундай тимсол келтирди: “Мен “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” деган асар ёзганман ва айни дамларда ўзимни ўша уйнинг олтинчи қаватида тургандек ҳис этяпман!” Муаллимнинг бундай самимий сўзлари она Ватанимизда рўй бераётган улуғвор ўзгаришларнинг жаҳоншумул эътирофидир.
Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.