Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда буюк ўзгаришлар кечаётган айни кунларда устоз ижодкорларнинг таваллуд санаси, хотира йиғилишларининг ташкил этилиши Президентимизнинг адабиётга, маънавият-маърифатга бўлган эътибори юксак намунаси эканини таъкидлади.
– Алп Жамол ва у яратган образлар ҳақида гап кетганида ҳар биримизнинг юзимизга табассум ёйилиши бежиз эмас, – деди Сирожиддин Саййид. – Ижодкор узоқ йиллар “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Телевизион миниатюралар театри” кўрсатувларида ранг-баранг актёрлар билан бақамти ижод қилган. У яратган образлар қуруқ сўз қули бўлиб қолмаган ёрқин, тиниқ, тирик образлар эканлиги билан аҳамиятлидир. Масалан, Ғизғизон мисли кўрилмаган даражада дилозор, ичиқора, ҳасадгўй банда образидир. Драматургнинг усталиги шундаки, муаллиф нуқул уни қора бўёқлар билан чаплаб ташламаган. Уни тирик инсон сифатида гавдалантирган.
“Меҳрибонлар” китобининг масъул муҳаррири “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев Алп Жамол яратган асарларни ҳар қандай замонда ҳеч қандай ўзгартириш ва таҳрирсиз эълон қилиш мумкинлиги, мазкур ҳажвиялар ўзбекона лутф, аския, қочиримларга уйғун экани билан аҳамиятли эканлигини айтиб ўтди.
– Таниқли ўзбек драматургининг хотира тадбирида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – деди Буюк Британиянинг Оксфорд университети ўқитувчиси Лейла Нажафзода. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Учинчи Ренессанс ҳақида жуда кўп гапиради. Айни тараққиёт паллаларига Европада ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур Ренессанс сари йўл ўзбек ижодкорларининг асарларини асл ўзбек тилида ўқиш билан бошланади. Хорижлик ўқувчилар Алишер Навоий, Бобур Мирзолар қаторида Алп Жамол каби ижодкорларнинг асарларини ҳам ўзбек тилида мутолаа қилишни истайди.
– Мен бугунги тадбирга ижодий фаолиятимнинг энг қизғин ва ёрқин дамларидаги хотираларим завқи ва ҳаяжони билан келдим, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев. – Алп Жамолдек ижодкор билан ҳамкорликда ишлаганимдан жуда бахтлиман. Ўша дамларда мухлисларимиз телевизорда “Миниатюралар театри” бошланган пайтларда кўчада одамлар сийрак бўлиб қолади деб кўп таъкидлашар эди. Айниқса, вилоятларга ижодий сафарга борган чоғларимизда телетомошабинлар Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримовни “ойимдан қолган тошойна қани?» дея кутиб олишар, “Пахтакор ютган кун” интермедиясини қайта-қайта саҳнада қўйиб беришимизни талаб қилишар эди.
Таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммаднинг таъкидлашича, Алп Жамол асарларида тилга олинган иллатлар бугун ҳам жамият муросасизлик билан кураш олиб бориши керак бўлган камчиликлардир.
– Алп Жамолнинг асарлари телевидение ва радиода қайта-қайта намойиш қилиниб, республикамиз театрларида саҳналаштирилганлигига қарамай унинг бирон китоби чоп этилмади, – дейди таниқли режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов. – Бир куни устоз менга “Мен барча асарларимни халқимизнинг самимий эътирофлари, ҳаётий ҳақиқатлари асосида ёзганман. Ҳозирча асарларимни чоп этишга рухсат беришмаяпти, ҳали ўзинг гувоҳ бўласан, болам, вафотимдан сўнг китобларим бирин-кетин нашр қилинади”, деган эдилар. Шурким, шу кунларни кўриш менга насиб этди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев, таниқли режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ва бошқалар Алп Жамолдек тахаллус билан ижод қилиб миллионлаб юракларни забт этган Жамолиддин Асомиддинов 200 дан ортиқ ҳажвий ҳикоя, интермедия муаллифи эканини таъкидлади. Алп Жамолнинг “Тоштешар”, “Жафога вафо”, “Қувғин”, “Тўйдаги тугун”, “Меҳрибонлар”, “Ғизғизон” каби асарлари вилоят ва пойтахт театрларида саҳналаштирилган.
“Меҳрибонлар” китобини варақлар эканмиз, таниқли драматург, миллий телеминиатюралар театри кўрсатуви асосчилардан бири ҳақида замондошлар хотиралари, ижодкорнинг мураккаб ҳаёт йўли, дунёқараши кўз ўнгимизда гавдаланади.
Хотира тадбирида Алп Жамол ижодининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Ижодкор ҳақидаги илиқ хотиралар ёдга олинди. Марҳум ижодкорнинг фарзандига Алп Жамолни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилиш бўйича гувоҳнома топширилди. Йиғилганларга “Меҳрибонлар” китоби тақдим этилди.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири