Ўзбек ва умумтуркий адабиётда шу чоққача ёзилган ўнлаб романлар номини санаш мумкинки, уларнинг қатларида, айниқса, лирик тасвирлар бобида Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларидан ижодий таъсирлар изини кўриш мумкин. Албатта, бу тақлид эмас, балки анъанани давом эттириш, унга эргашиш, ундан ижодий ўзлаштиришдир. Ёки тарихий роман жанридаги анъанани олайлик. Бу йўналиш ибдидосиданоқ Қодирий асарлари билан боғлиқ. Ойбек, Миркарим Осим, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Муҳаммад Али, Асад Дилмурод каби ёзувчиларимизнинг тарихий мавзудаги изланишларида Қодирийнинг ҳар икки йирик романи тажрибаси қўл келган деб бемалол айтиш мумкин.
“Ўткан кунлар”дан тахминан ўн йиллар кейин ёзилган “Кеча ва кундуз”, ўтган асрнинг турли чоғларида битилган “Сароб”, “Навоий”, “Муқаддас”, “Уч илдиз”, “Икки эшик ораси”, “Севгим, севгилим” каби қатор асарларда Қодирий романлари таъсиридан кўз юмиб бўлмайди. Шу маънода, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, Хайриддин Султонов, Исажон Султон каби турли авлодга мансуб ёзувчиларнинг ижодида айнан Қодирий анъаналарининг ҳаётбахш давомини кўриш мумкин. Ўлмас Умарбеков асарларининг қаҳрамонлари ёрқинлиги, хушрўй бичимга эгалиги, бошқалардан ҳар жиҳатдан ажралиб туриши, ёрқин бўёқларда чизилган портретларининг эсда қолиши, Ўткир Ҳошимов асарлари фабуласининг қизиқарлилиги, зиддиятларга бойлиги, қаҳрамонлари ҳаётининг кутилмаганда кескин бурилиб, ўрни келганда, фожиаларга эврилиб кетиши, Хайриддин Султонов услубининг майинлиги, қаҳрамонлари характерининг миллий руҳ билан суғорилгани, улар дунёқарашидаги ўзбекона залвор, Исажон Султон асарларидаги миллий колорит ва бошқалар Қодирий анъаналарининг ҳали-ҳамон яшаб келаётганини исбот қилади. Ёки Тоҳир Малик асарларида улуғ ёзувчи анъаналарининг янада изчил, янада кучли бир тарзда давом қилаётганининг гувоҳи бўламиз.
Хайриддин Султоновнинг “Раъно гулининг суви” номли ҳикоясида нафақат ушбу ёзувчининг, айни пайтда, умуман ўзбек ижодкорларининг Қодирийга, унинг сиймоси ва асарларига бўлган азим муҳаббатини ёрқин бўёқларда ўқиб, ҳис қилиш мумкин. Ҳикоянинг номи ҳам тагмаъноли. Маъноки, ҳақиқий ижод мана шу сув – Раъно гулининг суви ила битилмоғи керак деган. Раъно – Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи бош қаҳрамонларидан бири. Демак, ҳикоя номининг ўзидаёқ Қодирий қаҳрамонларига эътибор бор.
Қодирий ва истиқлол даври ўзбек насри. Бугун ўзбек насри янгиланиб бормоқда. Кимдир бу янгиликни 90-йиллардан, масалан, Назар Эшонқул сингари ёзувчиларнинг ҳаракатларидан эътиборан юз берди деса, кимдир сал аввалроқдан, масалан, 80-йиллардан, хусусан, Олим Отахонов, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларидаги ўзгаришлардан ибтидо олган дейди. Аслида, даврани ҳеч иккиланмай кенгроқ олавериш керак. Юқорида номлари саналган ва яна (2000 йилларда) Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Раҳимжон Раҳмат, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош, Саломат Вафо, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, Қўчқор Норқобил, булардан каттароқ авлод Аҳмад Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов каби ёзувчилар ижодидаги жиддий ҳикоялар ўзбек насридаги чинакам янгиланишнинг кейинги тўлқинларидир. Биринчи тўлқин, шубҳасиз, Қодирий ва Чўлпоннинг ижоди билан боғлиқ. Гарчи ҳар икки улуғ ёзувчининг йўллари бир-биридан жиддий фарқ қилса-да, уларнинг айрим ижодий экспериментлари борки, моҳият-эътибори билан бугун замонавий ўзбек насрида кечаётган улкан эврилишларнинг дебочаси бўлиб кўринади. Масалан, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романидаги психологизмлар, Қодирийнинг “Жинлар базми” ҳикоясидаги ғайриоддий тасвир ва ҳоказо...
Демак, бир томондан анъана, иккинчи ёқдан эса жаҳон адабиёти бадиий тафаккури маҳсулларини ўқиб-ўзлаштириш замонавий ўзбек насри учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Қарангки, бу ҳақда адабиётшунос олим Талъат Солиҳов башоратнамо (прогноз) бир гапни 90-йилларнинг бошидаёқ айтиб кетган экан: “Назаримда, ХХI аср адабиётининг пойдеворида иккита муҳим нарса бўлиши керак: бири миллий анъана, адабиётимиз, санъатимиз соҳасидаги миллий анъана ва, иккинчиси, жаҳон адабиётининг даражаси, жаҳон бадиий тафаккурининг даражаси ва жаҳон адабиётида эришилган тажриба. Ана шу нарсалар пойдевор асоси бўлади, пойдеворнинг пойдевори бўлади ”.
Аслида, тарихга чуқурроқ кириб борилса, прозада иккита катта – бир-биридан фарқланиб турадиган, айни дамда бир-бирини тўлдирадиган йўналиш бўлиб, бири Қодирий, бошқаси Чўлпон номи билан боғлиқ эканига гувоҳ бўламиз. Бугунги кунда айнан Чўлпон йўналиши бирмунча жонланди ва ўзини рамзий-маъжозий йўсинда намоён эттириб боряпти. Шу билан бирга, Қодирий йўналиши ҳам ўзининг фаол давомчиларига эга.
Одатда, анъана ва унинг шогирдлар, келгуси авлодлар томонидан давом эттирилиши ҳақида сўз юритилганда, даставвал, устоз ва шогирд ўртасида кўзга “манаман” деб ташланиб турган аналогиялар қидирилади. Шундай атрибутлар топилса, икки ижод ўртасидаги муштараклик борасида сўз юритилади. Топилмаса, қиёсга қўл урилмайди. Лекин моҳият ичкарида, кўзга кўринмас теранликларда яшаса-чи?.. Чунончи, замонавий ўзбек насрини кузатганимизда, Қодирий анъаналари бугуннинг пешқадам носирлари ижодида турфа кўринишларда давом этаётганига гувоҳ бўламиз. Масалан, таниқли ёзувчи Собир Ўнар фикрларини олайлик. У Қодирийдек ижодкордан, аввало, эътиқод бобида кўп нарса ўрганиш мумкинлигини, истеъдод шундан кейин келишини таъкидлайдики, ёзувчининг ўз ҳаёти ва ижодига назар ташлаб, айтилган мулоҳазалар бағоят жўяли эканини англайсан, киши. Чунончи, унинг насрий асарлари, публицистик мақолалари таҳлилидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Собир Ўнар чиндан-да ҳалоллик, адолат ва тўғриликни эътиқод даражасида куйлашга мойил адиб. Зеро, ҳар қандай тадқиқотчи ўрганилаётган масаланинг ўзига яқин, таниш ва қадрли бўлган жиҳатига аҳамият беради. Унинг А.Қодирий ҳақидаги мақоласининг номи ҳам “Қодирий эътиқоди” деб номланади. “Биз тенгги ёзувчилар энди ёшмиз, дейишга сира ҳаққимиз йўқ. “Ўтган кунлар” ёзилганида муаллиф неча ёшда эди?.. Кейинчалик замон ўзгарди. “Ошкоралик” деган кунларни ҳам кўрдик. Мафкуранинг тизгини бир оз бўш қўйилган кунлар эди. Империя қайтиб бу тизгинни қўлига ололмади. Шу тариқа асос-ядроси мафкурага қурилган шўро тузуми чок-чокидан сўкилиб кетди.
Шу вақтда диннинг, хусусан, исломнинг ўзи нима эди деган қизиқиш тобора кучайди. Эътиқод эркинлигининг нима эканини билдик.
Отабекнинг ва демакки, Қодирийнинг ҳам эътиқоди даставвал бек Кумуш уйи олдидаги зилол ариқдан таҳорат олгани қўл чўзгани ва шу ҳолда илк бор Кумушбибига кўзи тушгани эсингиздами? Кейинчалик отаси Юсуфбек ҳожининг эътиқодий маслакларидан ташқари “Далойил” ўқиб ўтирган ҳолатига эътибор қилганмисиз? Қодирий ҳожига хос барча фазилатлар билан юрт оғаси вазифасидаги инсон тасвирида орзулари, алам-армонлари белгиларини бир неча шахсларга сингдириши учун, аввало, ўзи шу даражада иймон-эътиқод эгаси бўлгани аён бўлмайдими?
Истеъдод, унинг кучи эса бундан кейинги масала”.
Кўринадики, замондош ёзувчи С.Ўнар буюк Қодирий ижод йўлини кузатиб туриб, аввало эътиқод, сўнг истеъдод деган хулосага келади.
Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги кун ўзбек насрининг пешқадам вакилларидан. Унинг ўтган асрнинг 80-йилларида битган ўша машҳур “Жажман” ҳикоясидан тортиб то кейинроқ яратилган “Қичқириқ” ҳикоясигача, ҳамма-ҳаммасида янгича ёзишга интилиш элементларини аниқ кўриш мумкин. Бу интилиш асосан воқеликни рамзий идрок этишда кўринади. Ёзувчининг ўзи ҳам А.Қодирий адабий мероси ҳақида гап кетганда “қодириёна тимсол-рамз” га урғу беради: “Жонсиз бир хабар ва қўрқинч бир кеч” фаслида кульминация авж пардасига етади. Унда Отабек бирор бир янгилик эшитиш мақсадида қутидорнинг уйидан чиққан икки бегона кишининг изидан тушади ва иттифоқо Кумушбибининг эрга берилаётгани, ҳатто тўй-кунлари белгиланганидан хабар топади. Бу совуқ хабар Отабекнинг баданидан жонини суғуриб олади гўё, унинг ҳуши бошидан учади, эсанкирайди, мошинавори қадам ташлайди, ўзини қаёққа уришни билмай Марғилон кўчаларида тентакларча югура бошлайди. Унинг бу ҳолига қараш юракларни ёради ва бу сафар ҳақиқатда ҳам тасвирга қалам кучи ожиз қолади. Қалам кучи ожиз қолган дақиқаларда адибимиз... қаламни ўз ҳолига қўяди − қоронғу кузнинг қоронғу бир тунида Отабек “Хўжа Маъоз” қабристонига киради. Тасвир тўласича қодириёна тимсол-рамз измига ўтади”.
Х. Дўстмуҳаммад А.Қодирий ўз асарларида кўпроқ мураккаб руҳий ҳолатларни маҳорат билан тасвирлай олганига ҳам эътибор беради ва улуғ адиб ижодини “Мактаб ичидаги мактаб” деб атайди: “А.Қодирий романчилик мактабини яратгани аллақачон халқаро миқёсда эътироф этилган, бироқ ушбу “мактаб”да қаҳрамон руҳий ҳолатининг энг оғир, қалтис ва таҳликали лаҳзаларини тасвирлаш маҳорати алоҳида мавқега эгалиги, алоҳида мактаб ичидаги мактаб эканлиги етарлича ва яхлит ҳолда баҳосини олмаган назаримда”.
Кўриниб турганидек, Х.Дўстмуҳаммад ҳам А.Қодирийдан ўзига яқин қирраларни қидиряпти ва бехато топяпти. А.Қодирий романлари янги ўзбек адабиётида дастлабки жиддий насрий асарлар бўлиши ва унда кўплаб фольклор ва халқ эртаклари анъаналари иштирок этиши билан бир қаторда ўз даври жаҳон адабиётининг психологизм каби янгича йўналишларининг таъсири яққол кўриниб туради. Адиблар ўртасидаги яқинликни мана шу масалалардан қидириш ўринлидир.
Ёзувчи Н.Муҳаммад Рауфхон энди ёзаётган асарига А.Қодирийни устоз этиб танлаганини ёзадики, бу эътироф улуғ адиб романларининг ўз ижодига бўлган мислсиз таъсирини кўрсатади: “...юрагимнинг қават-қават энг ичкарисида Абдулла Қодирий сири мени ўзига тортиб, хумор этиб келган. Абдулла Қодирийни соғинч туйғуси, айниқса, кейинги йилларда жуда кучайди, турсам ҳам, юрсам ҳам ҳеч тинчлик бермай қўйди. Олдиндан ноғора қоқиш бўлиб туюлмасин-у, яшириб нима қиламан, айтишимга тўғри келиб қолди: ҳозир ёзишга киришганим, яхши нарса чиқишидан умид қилиб турганим янги асаримга Бош Ҳакам ва Бош Устоз этиб Абдулла Қодирийни танлаганман. Бугун бир кам олтмишга кирган инсон йигирма тўрт-йигирма саккиз яшар йигитчага шогирд тушмоқчиман. Узоқлашган саримиз орқамизда тобора ўсиб бораётган у муҳташам қояга ўзимда журъат сезиб тирмашгим келиб турибди. Ниятимни нечоғли эплаганим, шогирдликка нечоғли яраганим, насиб этса, асар битганидан кейин билинади. Чин баҳосини ҳам муҳтарам ўқувчиларим беради”.
Ёзувчи Р. Раҳматнинг “Адашвой” деган ғаройиб ҳикояси А. Қодирийнинг “Жинлар базми” ҳикоясига сюжет қурилиши ва сирли моҳиятга эгалиги билан гўё анъана ва унинг давом эттирилишига ўхшайди. Дунёқараш, давр, усул, услуб ва йўналиш жиҳатидан бир-биридан чунонам фарқланиб турадиган бу икки адибнинг ҳикояларидаги уйқашлик қизиқ ҳодиса. Ҳар икки ҳикоя сирли, ғаройиб воқеа асосига қурилган, ҳар икки асар қаҳрамони ҳам юмушни бажариб уйга қайтаётганида тўсатдан бошқа оламга кириб қолишади. Шу ўринда Аҳмад Аъзамнинг “Рўё ёки Ғулистонга сафар” романини эсга олсак бўларкан. Чунки бу асарда ҳам қаҳрамон туғилган гўшасига бораётиб йўлда тамомила ўзга оламга кириб, бутун асар моҳияти ўша ғаройиб дунёда кечади. Умуман, бу ва бунинг каби кўплаб жиҳатларига кўра, учала асар бир-бирининг узвий давомидек туюлади. Гарчанд бирон ерда тақлид ё ижодий ўзлаштириш, ҳатто таъсирланиш элементини кўрмасак ҳам. А. Аъзам ва Р. Раҳмат асарлари чуқур рамзий-тамсилий асосга эга бўлиб, ҳар икки ёзувчи ҳам асар мағзини ана шу рамз зиммасига атайин юклашган. А. Аъзам бу билан ўзга оламга тушиб дабдурустдан ихтиёрини йўқотган, бошқача айтганда, қулга айланган инсонларнинг аянчли ва айни дамда, ғоят фожиали қисматини акс эттиришни мақсад қилса, Р. Раҳматнинг тегирмондан уйига шоли оқлаб велосипедда қайтаётган Адашвой номли қаҳрамони кутилмаганда бошқа бир қишлоққа кириб қоладики, эътибор қилсангиз, у ўзининг онгостига тушиб кетган бўлади. Қодирийнинг “Жинлар базми”да эса, назаримда, ҳол бироз ўзгачароқ. Чунки бу ерда ҳикоя қаҳрамони ўрим ишини якунлаб шом тушган маҳал уйига қайтаётиб, Ҳамдам хумдон уйи олдида тўсатдан жинлар базмига иштирок қилиб қолган ўз отаси ҳикоясини оқизмай-томизмай ўқувчига сўзлаб бераркан, бу билан, аввало, ана шундай ғайритабиий оламлар борлигига ишора қилади гўё. Чунки Қодирий яшаган замон ва замондошлари кайфиятини тасаввур қилсангиз, мана шундай сирли, ғайритабиий “воқеа”ларга нисбатан одамларда ишончга яқин бир муносабат бўлганининг гувоҳи бўламиз. Бас, шундай экан, Қодирий асаридаги биринчи маъно рамз эмасдек туюлади. Ҳикояга жойланган сирли воқеанинг ўзи – унинг бирламчи маъноси. Ҳикоянинг мағзи шу ерда. Йўлда кетаётиб ўзга оламга кириб қолишнинг онгостига тушиб қолиш эканини англаб етгунча ўзбек ёзувчисига оз эмас, кўп эмас, бир асрга яқин муддат керак бўлди. Лекин ҳар қанча айлантириб кўрмайлик, бу учала асарнинг сюжет конструкцияси нақадар бир-бирига ўхшайди. Гўё анъана давом этаётгандек. Назаримда, бу сюжет конструкцияси ўзига хос бир бадиий тафаккур қолипидир. Шундай қолипки, у вақти-вақти билан (муҳит етилганда) у ёки бу миллатнинг ҳар қандай истеъдодли ёзувчиси қалами остидан чиқиб қолиши мумкин. Лекин мазкур ягона қолип уч ёзувчи асарида уч хил маънога хизмат қилаётгани эътиборли бўлиб, айни шу ерда асар асллиги (оригиналлиги) борасида сўз юритиш жоиз. “Жинлар базми”даги ғайриоддий ҳодисанинг моҳияти, аввало, биз кўниккан мавжуд оламдан ўзгачароқ яна бир олам тасдиғи билан ўлчанса, “Рўё” да асар воқелигининг ўзга бир хаёлий маконга кўчирилиши рамзий маъно касб этадию, лекин моҳият-эътиборда ёзувчининг мақсади қуллик психологияси ҳукм сурган ана ўша ярим фантастик жамиятни бадиий-эстетик жиҳатдан “авра-астари”ни чиқариш, сийрати мазмунини англаш ва англатиш билан боғланиб кетади. “Адашвой”да эса қолип яна ўзга бир мазмунни – ботиний оламга сафарни таъминлаган. Бу ерда ҳар қандай шахснинг оломон психологияси таъсирига тушиб қолиши мумкинлиги, шундай ҳодиса юз берса, ўша одам оломоннинг хоҳиш-истагига кўра ҳаракатланиши фожиаси акс эттирилган. Демак, кўриниб турибдики, юқоридаги уч асарда сюжет қолипи деярли бир хил, лекин шу бир хиллик ичра учта бошқа-бошқа асарлар дунёга келган. Бунга сабаб нима? Менимча, бу сабаб ёзувчи индивидуаллиги ва у яшаган даврнинг бошқа-бошқа эканлиги билан ўлчанса ажабмас. Таъкидланганидек, Қодирий ҳикоясида ўтган аср аввалидаги одамлар кайфияти ва қизиқиш эҳтиёжларига жавоб бера оладиган мазмун, ўзгача оламнинг мавжудлиги ҳақидаги мазмун яширин. Шу мазмуннинг ўзи – мақсад. Аҳмад Аъзам ва Раҳимжон Раҳмат асарларида эса ўзгача олам – восита. Бу восита орқали улар реал ҳаётга янгитдан нигоҳ ташлашни истайдилар. Лекин нима бўлганда ҳам ҳозирги насримиздаги ана шу тамойилнинг дастлабки куртаклари Қодирий ижодида ниш урганлигининг ўзиёқ анъана ҳақида гапиришга асос беради. Ҳатто, кўриб ўтганимиздек, ёзувчилар ижоди, дунёқараши ва услублари тамомила бир биридан фарқланиб турса ҳам.
Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош Қодирий бошловчи ёзувчилар орасида тақлидчилар “сонмингта” эканлигидан сўз очиб, лекин барибир, тақлиднинг бефойдалигини тўғри таъкидлайди, ижодий таъсирланиш борасида фикр юритади ва назаримда, масала моҳиятига яқин келади. Чунки замонавий ўзбек насрида биронта ёзувчи йўқки, ёзган асарлари тўла-тўкис Қодирий асарлари руҳида битилган бўлсин! Чунки юқорида таъкидланганидек, бугун давр тамомила бошқа ва у ўз асарларини дунёга келтирмоқда. Қодирийдек улкан ижодкорларнинг бадиий маҳорати, портрет яратиш санъати, психологизм, пейзаж тасвири каби қатор масалалардаги мактаби ҳали-ҳануз кони фойда, лекин унинг қараши билан дунёни бадиий-эстетик идрок этишга уриниш ёш ижодкорни маҳв этиши муқаррар. Шунинг учун ҳам А. Йўлдош “Бошловчи ёзувчиларнинг аксарияти қатори, Қодирийга эргашиш, унингдек таъсирчан ёзишга уриниш менинг ҳам бошимдан ўтган. Шукрки, тақлидчилар сон мингта, аммо Қодирий барибир ягона. Ўзим ҳам орадан маълум фурсат ўтгач, бу ҳаракатим бенафлигини англадим”, деб ёзади ва мен унинг иқрорларини ғоят асосли деб биламан. Агар насрда Қодирийнинг йўналиши ягона бўлганда эди, замондоши Чўлпон “Кеча ва кундуз”дек романни ёзиб, бу соҳада ҳам яна ўзга йўллар борлигини исбот қилмаган, қилолмаган бўларди.
Исажон Султоннинг “Онаизорим” қиссасининг мазмун-моҳияти ҳам Қодирий романлари сюжетини сираям ёдга солмайди. Аммо бу ерда бошқа бир муштараклик бор: у ҳам бўлса, ижодкорлар нуқтаи назаридаги яқинлик. Яъни Қодирий Ўзбек ойим, Офтоб ойим каби образларни яратиш билан ўзбек насрида она образини яратишни бошлаб бердигина эмас, айни пайтда, миллатга хос кўпгина қирраларни ана шу образлар бағрига жойлади ҳам. Қодирий яратган оналар образининг ўзбек адабиётининг кейинги тараққиётига таъсири борасида фикр юритган профессор Умарали Норматов “Қодирий мўъжизаси” номли фундаментал тадқиқотида: “Фармон биби образи (С.Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” комедиясинининг бош қахрамони – У. Ҳ.) асл моҳиятини Ҳожи она типидаги тимсоллар эмас, айни Ўзбек ойим, Холнисо, Ҳамробуви, Бўстон бибилар силсиласи орқали англаш, очиш мумкин”, деб ёзадики, биргина шу мулоҳаза асосида катта бир тадқиқот яратиш мумкин. Исажоннинг қиссасини ўқиб ҳам “ўзбек аёли ким ва қандай?” деган саволга асосли жавоб олиш мумкин бўлади. Мазкур асар шу жиҳатдан улуғ адиб анъаналарини давом эттиради. Қисса ўзбек оилаларидаги ҳамма оналарга ўхшаган бир онанинг қисмати ҳақида. Гап шундаки, ёзувчи асарда ўзбек оналарининг маълум маънодаги умумлашма образини ярата олган. Оддий бир қизчанинг бутун бошли ҳаёт йўли акс эттирилган асарда. Яъни бош қаҳрамон Раънонинг (эътибор беринг: нега бош қаҳрамоннинг исми Раъно? Бу исм қандай ассоцияция уйғотади? Бу номнинг танланишида эҳтимол, Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи қаҳрамони Раънога бўлган ҳалқ муҳаббатининг ҳам қандайдир роли бордир. Ахир, Исажон оддий ўзбек аёлининг тимсолини яратмоқчи бўлган ва шу ўринда кўпчиликнинг симпатиясини ҳисобга олиб иш тутган) бешикдан қабрга қадар давом этган умри мобайнида бошидан кечирганлари қиссанинг сюжетини ташкил этган. Унинг ота-онаси, сўнгра эри, ундан кейин эса болаларининг образлари эса иккинчи даражали қаҳрамонлар сифатида талқин қилинган. Уларнинг бари дастлаб қизча, кейин она, асар якуний қисмида эса кампирга айланган қаҳрамон образининг тўлақонли очилишига хизмат қилдирилган.
Она ўзбек адабиётида кўп ишланган образлардан ҳисобланади. Лекин Исажон Султон асаридаги она образи мавжудлардан кўп жиҳати билан фарқ қилади. Аввало, асарнинг борлиқ компонентлари: деталлар, қаҳрамонлар, асар сюжети, бадиий приёмлар – ҳамма-ҳаммаси бошдан оёқ шу образ талқини атрофида жипслашади. Қолаверса, ёзувчи она образини қизиқарли ва таъсирли сюжет орқали гавдалантиришни мақсад қилмайди, аксинча, асар воқелиги ёдларга михланиб қоладиган даражада ёрқин эмас, қиссада аксарият шарқлик оналарнинг бошидан ўтадиган турмуш тарзи тасвири бор. Лекин бу ерда бошқа нарса ҳам бор – нуқтаи назар, ровийнинг нуқтаи назари. Таъбир жоиз эса, бутун бошли асар мазмун-моҳияти ёзувчининг она сиймосига қаратилган муҳаббатига йўғрилган нуқтаи назари воситасида очиладики, бу жиҳати билан қисса, масалан, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссасидан фарқланиб туради. “Дунёнинг ишлари”да ҳам она образи марказий қаҳрамон. Лекин ўғил у ерда она образидан кам роль ўйнамайди. Ўқувчининг эътибори нафақат онага, балки ўғилнинг ҳаёт тарзига, онаси ҳақидаги ташвиш ва изтиробларига, армонларига сочилади. “Онаизорим”да эса диққат-эътибор, асосан Раънога, яъни онага қаратилади.
Асарнинг яна бир эътиборли жиҳати – унда ўзбекона маросимлардаги турли-туман урф-одатлар (асосан, фарғонача) анча батафсил тасвир этилган. Урф-одатларнинг бир ўзбек қизининг туғилишидан то қаригунича бўлган муддат давомида унга соядек ҳамроҳ бўлиши бадиий далилланган. Шу нуқтаи назардан асарга хорижда ҳам катта қизиқиш уйғониши табиий. Бунинг ёрқин мисоли – Қодирий романлари, уларда акс этган миллий колорит, урф-одат, менталитет. “Онаизорим” ҳам худди Қодирий романлари каби завқ билан ўқилади. Бош сабаби – мавзу ва танланган услубда, деб ўйлайман. Чунки бу ерда модернистик бошқотирмалар, услубий ва шаклий новаторлик қилишга атай уринишлар йўқ, ҳисоби. Лекин бу, асар жўн чиқибди, дегани эмас, асло. Аслида, энг катта бадиий-эстетик дурдоналар қадим-қадимдан бери содда ва равон услубда битилганини ёддан чиқармайлик. Чунончи, Қодирийнинг ўзи ҳам роман ёзишда халқ даражасини ҳисобга олиб, меъёрни сақлаганини таъкидлайдики, бу ерда ҳам шунга ўхшаш йўл тутилганининг гувоҳи бўламиз.
Кўринадики, А.Қодирий насри, хусусан, романлари ХХ асрнинг илк чорагидан то бугунга қадар миллий адабиётимиз, миллатимизнинг маънавий-руҳий ҳаётига сингиб кетгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Ижодкор эса ким, дунёқарашию услуби қандай бўлишидан қатъи назар, шу халқнинг бир вакили. Бас, шундай экан, А.Қодирийнинг ижодкор-зиёли, демакки, халқимизнинг улуғларидан бири сифатидаги таъсиридан ташқарида қололмайди.
Улуғбек ҲАМДАМОВ,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти бўлим мудири,
филология фанлари доктори, профессор