Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ҳукумати аъзолари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда туркман диаспораси вакиллари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Тошкент шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик муассасалари ва халқаро тузилмаларнинг ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Концертнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хожаев ва Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Язгули Маммедов сўзга чиқди.
Дастурда ўзбек ва туркман қўшиқлари, икки халқнинг буюк шоир ва мутафаккирлари шеърлари янгради, миллий рақслар намойиш этилди.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ўзбек-туркман халқлари дўстлигини ифода этувчи шеърлардан ўқиди.
Ўзбекистон-Туркманистон дўстлигига бағишланган китоблар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирлар икки мамлакат халқларини бирлаштириб келаётган кўп асрлик яхши қўшничилик ришталари дахлсизлигининг яна бир далили бўлди.