Унда на нифоқ бор, на гина кудрат

    Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, Оҳангарон туманидаги “Овжазсой” қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилган.

    Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан китоб мутолааси муҳимлиги, ёшлар, раҳбарлар орасида бу фазилатни тарғиб қилиш ҳақида кўп бора таъкидланмоқда. Амалга оширилаётган маънавий-маърифий изчил ислоҳотлар жараёнида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шу боис китоб тарғиботи, китобхонлик маданиятини оширишга оид қарорлар ва фармонлар қабул қилиниб, юртимизнинг барча ҳудудларида китобхонликни кенг тарғиб қилиниши орқали китобхонлар салмоғини оширишга асосий эътибор қаратилмоқда. Жорий йилдан бошлаб ҳар йили “Йилнинг энг яхши маҳалла кутубхонаси” ва “Йилнинг энг яхши хусусий кутубхонаси” танловларини ўтказиш ҳам гўзал бир анъанага айланмоқда.

    Айниқса, чекка ва олис туманларда ташкил этилаётган “маҳалла кутубхонаси” ўша ерда истиқомат қилувчи аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим аҳамият касб этади. Тошкент вилояти адлия бошқармаси ташаббус билан вилоятнинг Оҳангарон туманидаги “Ўзбекистон” маҳлласи ва “Овжасой” туризм қишлоғига қилган ижодий сафаримиз давомида маҳаллаларда ташкил этилган “маҳалла кутубхонаси” фаолияти билан яқиндан танишдик.

    – Президентимизнинг тегишли топшириғи ижроси доирасида, Тошкент вилоятининг 22 та шаҳар ва туманларидаги барча маҳаллаларда “маҳалла кутубхонаси” ташкил этилди ва айни дамда кутубхоналар қарийиб 10 мингга яқин турли мавзудаги адабиётлар билан тўлдирилди, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси матубот котиби Эркин Дорипов.

    – Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ушбу эзгу мақсадли ислоҳотларни амалга оширишда адлия органлари ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Зеро бу ҳаётий ташаббусларнинг замирида ёшларимизнинг тақдири мужассам.

    Дастлабки манзилимиз, Оҳангарон туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласи бўлди. 1 минг 105 нафар ёшлар истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада очилган янги кутубхонани маҳалла ёшлари учун муносиб совға дейиш мумкин. Кутубхона турли мавзудаги бадиий, ҳуқуқий адабиётлар билан тўлдирилган бўлиб, замонавий мебель жиҳозлари ва сўнгги русмдаги компьютер тўпламлари билан таъминланган.

    Турли адабиётлар захираси яратилган кутубхона фонди маҳалладаги саховатпеша инсонлар кўмагида янада бойитилиб бораётганлиги қувонарли. – Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини бекорга сарфлаётган ёшлар ҳам орамизда оз эмас, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Фаҳриддин Жўраев. – Айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар ва ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда. Оҳангарон тумани маҳаллаларида жорий йилдан бошлаб вилоят адлия бошқармаси томонидан янги кутубхоналарнинг фойдаланишга топширилиши ёшлар ақлу-идрокини теранроқ қилишга, бўш вақтини мазмунли ўтказишда самара беряпти. Тўғриси, нафақт ёшларни балки қўлида китоб варақлаб турган маҳалла одамларини кутубхоналаримизда кўриш жуда ёқимли.

    Маълумот ўрнида айтибб ўтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, Оҳангарон туманидаги “Овжазсой” қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилган. Бугунги кунда бу мўъжазгина қишлоқда 300 дан зиёд хўжалик ва икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқнинг юқори қисми экотуризм учун жуда қулай. “Овжазсой” қишлоғига борганимизда, вилоят бошқармаси ва туман адлия бўлими томонидан аҳоли учун уюштирилган маданий дам олиш тадбирларида ҳам иштирок этишга ҳам муваффақ бўлдик.

    Тоғ ён-бағридаги кенг далада ёшлар учун ташкил этилган спорт беллашувлари, болакайларнинг мароқ билан варрак учиришларини томоша қилар эканмиз, “мароқли дам, меҳнатга ҳамдам” иборасининг мағзини шу англагандай бўлдик. Иқтидорли ўғил-қизларнинг ўз қўллари билан чизаётган, Ватанга муҳаббат, она табиатни асраш, қардошлик рамзлари ва қишлоқ ҳаёти тасвирланган манзараларида эса, тоғ орасида жойлашган сўлим қишлоқининг сокин ва беғубор нафасини ҳис қилиб, келажаги порлоқ ёшларнинг истиқболли эртасини кўргандай бўлдик.

    Кекса нуроний отахон ва онахонларнинг доира ва дутор чертиб лапар айтишлари, муқом қилиб рақсга тушишлари ва фольклор жамоларнинг бадиий чиқишлари олис ҳудуднинг шавқу-завққа тўлган маърифатли-маданиятли бир кунидан сўйлаётгандай тассурот қолдирди.

    Сафаримиз якунида Тошкент вилояти адлия бошқармаси матубот котиби Эркин Дорипов ҳамроҳлигида туризм қишлоғида ташкил этилган меҳмон уйларининг фаолияти, дам олишга келувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, “маҳалла кутубхонаси” фаолиятига бир қур назар ташлаб, қишлоқ одамларининг китоб ҳақидаги ҳикматли сўзларини ёзиб олишга ҳам улгурдик:

    – Китоб ёлғизликда ва ғамли кунларда мунис улфат, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Фақат китоблар орқалигина кўҳна тарихимизни, миллий меросимиз, бобомерос қадриятларимиз ҳақида маълумот олишимиз ва ўтмишдаги олис аждодларимиз орзу армонларидан хабардор бўлиб уларнинг қувончу қайғуларига шерик бўлишимиз мумкин. Унда на нифоқ бору, на гина-кудрат, шунинг учун ҳам китоб ўқишни доимий одатга айлантириш зарур, – дейди қишлоқ нуронийси, Тўрақул Акбаров.

    Ҳа, баъзан одам моддий манфаатлар, замон янгиликлари, интернет тизими ичра куни ва туни қандай ўтганини билмай қолади. Бундай яшаш тарзидан баъзан зерикади ҳам. Китоблар эса, қалбимизни илитади, кўнглимизни ёритади, дунёни фақатгина илм билан забт этиш мумкин эканлиги ҳақидаги асл ҳақиқатни англатгандек бўлади.

    Маҳаллаларда ташкил этилаётган ”Маҳалла кутубхонаси” эса, ёшларни шахс сифатида комил инсон бўлиб улғайишига, ҳаётда ўз йўлини топиб, касб-кор танлашида катта таъсир кучига эга макон бўлаётир. Зеро, яхши китоб инсоннинг кўнгил кўзгусини поклаб, одамларни тушунишга, кечиришга, эзгулик сари интилиб яшашга ундайди. Битта зўр бадиий асар ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates