Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берди.
– Таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятида ижобий тенденция кузатилиб, сўнгги уч йилда илмий-тадқиқот фаолиятидан 2017 йилдаги 49,7 миллиард сўмдан 193,3 миллиард сўмга етди.
Ҳозирги кунда 60 та олий таълим муассасаларида ОТМда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларининг давлат грантлари асосида ўтказилаётган тадқиқотлардан олинган маблағлари 295 миллиард 949,6 миллион сўмни ташкил этади, – деди Ш.Турдиқулова.
Форумда табрик сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Ҳакимов Раҳимжон Расулжонович иштирок этди.
Мазкур тадбирда республикадаги барча олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар иштирок этди. Ушбу форумга, шунингдек, 10 нафар хорижлик меҳмонлар таклиф этилди. Улардан Истанбул тижорат университети ректори Юсел Ўғурлу, (Туркия), Варвик университети профессори Тони Лиддиcоат (Буюк Британия), Турин политехника университети профессори Рикардо Весипа (Италия), Гумболтд университети профессори Гафуров Аброр Асроржонович (Германия) маърузалар билан иштирок этишди.
«Университетларнинг илмий ва инновацион фаолияти бўйича биринчи халқаро форуми» ўтказилишидан асосий мақсад глобаллашув даврида олий таълим муассасаларида илмий ва инновацион фаолиятда рўй бераётган янгиликлар билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш ва биргаликда соҳага доир муаммолар ечимини топиш; молиявий мустақилликка эришган университетларнинг илм-фан ва инновациялар, шунингдек, тижоратлаштириш орқали ўз-ўзини бошқаришда дуч келаётган муаммоларни биргаликда ҳал этиш; илм-фан, инновация ҳамда тижоратлаштириш бўйича хорижий экспертлар тажрибаларини ўрганишдан иборат.
Форум якунида хорижий университетлар билан шартнома ва меморандумлар имзоланди, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.