Бугунги кунда метаболик синдром бутун дунё миқёсида тиббиёт фанининг энг долзарб муаммоларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БЖССТ) маълумотларига кўра, ушбу синдром тарқалиш суръати ва ўлим ҳолатлари бўйича юқори кўрсаткичларга эга глобал тиббий-ижтимоий муаммо ҳисобланади.
Айниқса, аёлларда менопаузадан олдинги ва кейинги даврларда метаболик синдромни аниқлаш, клиник белгилари ва диагностика мезонларини чуқур ўрганиш, дифференциал ёндашув асосида даволаш йўлларини топиш бугунги тиббиёт фанининг устувор йўналишларидандир.
Шу йўналишда фаолият юритаётган устозимиз – профессор, тиббиёт фанлари доктори Нурхон Ҳалимовна Муҳамедова олиб борган илмий изланишлари билан замонавий тиббиёт фанининг ривожига улкан ҳисса қўшмоқда.
У киши томонидан ҳимоя қилинган «Аёлларда менопаузадан олдинги ва кейинги даврда метаболик синдром ташхисига дифференциал ёндашув» мавзусидаги докторлик (ДСc) диссертацияси ҳозирда нафақат долзарб, балки бевосита амалиётда қўлланилаётган илмий ишланмалардан биридир.
Дунё миқёсида ортиқча вазн ва семизлик ҳолатлари глобал эпидемияга айланган бир даврда, профессор Муҳамедованинг илмий қарашлари ва изланишлари нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга. «Халқаро абдоминиал семизликни баҳолаш куни» доирасида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган инсонларнинг 24 фоизи эркаклар, 27 фоизи аёллар семизликдан (БМИ > 30), яна 40 фоизи эркаклар ва 30 фоизи аёллар ортиқча вазндан (БМИ 25–30) азият чекмоқда.
Тахминларга кўра, 2026 йилга бориб бу кўрсаткичлар икки баравар ошади. Шундай оғир шароитда метаболик синдромга олиб келувчи нейрогуморал, вегетатив ва яллиғланиш омилларини чуқур ўрганиш ҳамда уларга қарши самарали дифференциал терапия ёндашувларини ишлаб чиқиш – бугунги тиббиётнинг асосий йўналишларидан бири саналади.
Устозимиз Муҳамедова Нурхон Ҳалимовна айнан мана шу долзарб масалаларга илмий асосланган, чуқур, амалий ечимлар таклиф этган олималардан биридир.
У киши 100 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар, 4 та дарслик, 4 та услубий тавсиянома, 3 та монография, бир нечта ихтиролар патенти ва 10 га яқин ДГУ/БГУлар учун яратилган ўқув дастурлари муаллифи. Бундан ташқари, 30 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар билан тиббиёт илмига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Муҳамедова Нурхон Ҳалимовна нафақат мустаҳкам илмий асосга, балки талабага тушунарли ва ҳаётий методикага ҳам эга бўлган устоз. Унинг дарслари доимо қизиқарли, долзарб, амалий билимга бой бўлиб, талабалар томонидан интиқ кутилади. Ҳар бир машғулотда у нафақат тиббий билим, балки ҳаётий сабоқ, инсонийлик ва касбий ахлоқ-одобни ҳам ўргатади.
Устозимиз халқаро ва республика миқёсидаги илмий журналларда фаол муҳаррирлик қилади, ёшларнинг қалбида илмга бўлган қизиқишни уйғотиб, уларни тиббиётга меҳр билан йўналтиради.
Устозимиз 20 дан ортиқ бакалавр талабаларига, 10 нафар магистрантга ва 2 нафар фан номзодига илмий раҳбарлик қилган. Шогирдлари Талабалар илмий жамиятининг кўрик танловларида, республика ва халқаро фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Ҳамкорлик материали