Кейинги йилларда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, аҳолини хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунинг боиси аниқ: истеъмол кўпайиб боряпти, ер ва сув ресурслари эса чекланган. Янги Ўзбекистонда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга эришиш учун мамлакатда қишлоқ хўжалиги имкониятини инновацион ривожлантириш мақсад қилинган. Ушбу стратегик мақсад ва вазифаларга эришиш эса бевосита тупроқнинг ҳолатига боғлиқ. Яъни ҳосилдор тупроқни сақлаб қолиш учун сиёсат ва рағбат зарур.
Шу жиҳатдан олганда, бундан бир йил аввал қабул қилинган “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунда табиий экологик тизимларни муҳофаза қилиш, тупроқдан самарали ва эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, сифатини сақлаш, салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш каби долзарб масалалар белгилаб қўйилган. Энг асосийси, қонунга биноан тупроққа расмий ҳуқуқий мақом берилди. Чунки ушбу қонуннинг бутун мазмун-моҳияти Ўзбекистон ҳудудида барқарор тупроқ сифатига эришиш ва сақлашга қаратилган.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 январдаги “Тупроқ мониторингини амалга ошириш ҳамда тупроқнинг унумдор қатламини аниқлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур қонуннинг мантиқий давоми сифатида қатор зарур ва устувор вазифалар қайд этилди. Масалан, унга кўра, Тупроқ мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисида ҳамда Тупроқнинг унумдор қатламини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Тупроқ мониторингини амалга ошириш тўғрисида мулоҳаза юритсак, аввало, тупроқ мониторингининг ўзи нима ва нима учун керак, деган саволларга ойдинлик киритиб олишимиз зарур.
Аслида, мониторинг кутилмаган оқибатларни аниқлаш учун эрта огоҳлантириш тизими, дегани. Тупроқ мониторинги эса тупроқни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини баҳолашга ёрдам беради. Бу чора номақбул тенденцияларни эрта аниқлаш ва зарар етказилишининг олдини олишда қўл келади. Умуман олганда, ердан фойдаланиш учун асосли қарорлар қабул қилишда мониторингнинг аҳамияти катта.
Олимларимиз томонидан тупроқ мониторинги бўйича тадқиқот ишлари 2000 йилдан буён ўтказиб келинади. Бунда суғориладиган, яйлов ва лалми ерларда табиий шароитда ёки инсон фаолияти таъсирида содир бўлаётган ўзгаришлар характери, жадаллиги ҳамда йўналиши мунтазам кузатилади.
Ҳозир республикамиз бўйича жами 210 та (шундан 105 та суғориладиган, 65 та лалми ва 40 та яйлов) ердаги калит майдонларда тупроқ доимий мониторинг қилиб келинмоқда. Таҳлилларга кўра, янги ўзлаштирилаётган ер ҳисобига бу каби калит майдонлар сонини янада ошириш зарур. Айтайлик, биргина Орол денгизининг қуриган тубида 4 миллион гектардан ортиқ ер мавжуд бўлиб, турли иқлим ва геоморфологик районларда жойлашган. Ана шу ерларда ҳам тупроқ мониторингининг ўрни ва аҳамияти катта.
Қарорга асосан, энди тупроқшунос олимлар томонидан мулкчилик шаклидан ва ер фонди тоифасидан қатъи назар, шаҳарсозлик фаолияти, геологик-қидирув, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун тупроқнинг унумдор қатлами бўйича тадқиқот ишлари бажарилади. Бундан кўзланган мақсад қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ернинг унумдор қатлами йўқолиб кетишининг олдини олишдир. Яъни бундай тупроқли ерларда уй-жой қурилиши ёки шаҳарчалар пайдо бўлиши, саноат корхоналари ташкил этилиши мумкин эмас.
Ўтган йилдан бошлаб тажриба тариқасида мамлакатимизнинг 13 та туманида тупроқ унумдорлигини ошириш учун мақсадли субсидия ажратиш тизими жорий этилди. Шундан келиб чиқиб, ушбу туманлар пахта майдонида гумификация ва дегумификация жараёни таҳлил қилинди. Бунда гумус миқдори кам бўлган тупроқлар аниқланиб, шунга оид хариталар ишлаб чиқилди. Тупроқларда содир бўлаётган гумификация ва дегумификация жараёни таҳлили бўйича қўлланма ишлаб чиқилди.
“Агросубсидия” платформаси орқали 2521 нафар ердан фойдаланувчининг аризаси кўриб чиқилиб, 2417 таси ижобий қаноатлантирилди. Мамлакат бўйича 80 минг гектар ерга субсидия ажратилиб, молиялаштирилди.
Ҳозир қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер ресурсларига табиий ва антропоген таъсирлар кучайиб бормоқда. Натижада экинлар ривожланиши сусайиб, унумдорлик ва ҳосилдорлик пасаймоқда. Сув тақчиллиги тобора кучаймоқда. Бундай шароитда ерни асраш, тупроқ унумдорлигини ошириш давр талабига айланади.
Бугун мамлакатимизда тупроқнинг шўрланиши муаммоси, айниқса, кескин. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги 4,2 миллион гектар суғориладиган ернинг қарийб 1,8 миллион гектари турли даражада шўрланган. Бу муаммо қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни пасайтиради, ернинг деградацияга учрашига олиб келади. Юртимизда суғориш ва сув ресурсларини бошқариш тизимини яхшилаш, тупроқни бошқаришнинг янги усуллари, технологик инновациялар ҳамда қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар кўрилаётгани ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Ер ва тупроқ ресурслари — ҳамма соҳанинг таянчи, асосий ишлаб чиқариш воситаси. Иқтисодиётимиз, аграр секторнинг ривожланиши шунга боғлиқ. Шу боис, унумдор тупроқ барқарорлиги ва ҳолатини сақлаш заруратдир.
Шуҳрат БОБОМУРОДОВ,
Тупроқшунослик ва агрокимёвий
тадқиқотлар институти директори,
биология фанлари доктори