Уйғониш, бирлашиш онлари муборак бўлсин!

    Пойтахтимизда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташаббуси билан Фанлар академияси Тарих институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва Туркий давлатлар ташкилоти кўмагида ташкил этилди.

    Давлатимиз раҳбари халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади.

    “Ўз моҳият эътиборига кўра ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, тараққийпарвар аждодларимизнинг илғор ғоя ва қарашларини тадқиқ этиш ва тизимлаштириш, Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик ривожидаги ўрни ва таъсирини ўрганиш, XX асрнинг биринчи чорагида улар томонидан барпо этилган давлат тузилмаларининг қонунчилик базасини таҳлил қилиш, дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият қуришга қаратилган фаолиятига тарихий баҳо бериш, янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни бунёд этишда ушбу мероснинг мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан боғлиқ масалалар бугунги конференциянинг асосий муҳокама мавзулари этиб белгилангани алоҳида аҳамиятга эга”, дейилади мурожаатда.

    Дарҳақиқат, жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар. Улар ана шу эзгу мақсад йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.

    Шу билан бирга, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия, солиқ тизимлари, ер масалаларини тадрижий асосда тубдан ислоҳ қилиш учун ғоявий ва амалий ҳаракатлар қилдилар. Бир сўз билан айтганда, улар миллий уйғониш, миллий тараққиёт ғоясини рўёбга чиқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Афсуски, ўша даврдаги мавжуд вазият, ижтимоий тузум бу улуғвор мақсадларни амалга оширишга йўл бермади.

    – Ҳозирги кунда Ўзбекистон Президентининг инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотлари жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир, – деди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Қубаничбек Омуралиев. – Ўзбекистон туркий тилли давлатлар ташкилотига асос солинган даврда унинг нафақат фаол иштирокчиси, балки ташаббускорларидан бири ҳам бўлган эди. Шавкат Мирзиёевнинг қўшни, қардош давлатлар ва қатор минтақавий ташкилотлар билан очиқ ва конструктив ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган оқилона ташқи сиёсати Туркий кенгаш доирасидаги алоқаларда ҳам ҳал қилувчи роль ўйнади. Жадидларнинг ғоялари, ўзаро бирдамлик борасидаги орзу-интилишлари Ўзбекистон раҳбарининг айни пайтдаги сиёсатида ўз аксини топмоқда, десак адашмаган бўламан. Янги Ўзбекистон, жадид боболар орзу қилганидек, дунёвий ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини бунёд этиш, сифатли таълим тизимини яратиш, сўз эркинлиги ва очиқликни таъминлаш йўлидан дадил одимлаётгани қувонарлидир.

    Анжуманда Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева турли мамлакатлардан келган иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз учун энг муҳим мавзулардан бири – миллат таълим-тарбияси масаласини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда жадидлар бошлаган ишларни давом эттириш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлади.

    Саида Мирзиёева алифбони ислоҳ қилиш масаласига ҳам эътибор қаратиб, ўтган йиллар давомида бу борада кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилгани, қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтгани, аммо масала ҳамон очиқ турганини қайд этди.

    – Бу йил Ўзбекистонга бир неча бор таба келдим, – деди Мичиган университети фахрий профессори, жадидшунос олим Темур Хўжа ўғли. – Охирги марта Шарқшунослик институтидаги докторлик диссертацияси ҳимоясида қатнашиш учун келгандим. Бу сафар “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги конференцияда илмий изланишларимни тақдим этиш ва тадқиқотчиларнинг жадид боболаримиз борасидаги эътиборга молик мулоҳазаларидан баҳраманд бўлиш учун келдим. Бу жуда катта халқаро қурултой. Албатта, бу Ўзбекистон Президентининг жадид боболаримизнинг қилган ишларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш сиёсатини юритаётгани билан бевосита боғлиқ.

    Таъкидланганидек, жадидлар Марказий Осиёда Учинчи Уйғониш пойдеворига биринчи ғиштни қўйган эдилар. Чунки бутун туркий миллатнинг тараққий этишида айнан жадидларнинг ғоялари муҳим аҳамиятга эга.

    – Мен Туркиядан келдим, – дейди тадқиқотчи Аҳмед Бийжан Эржуласун. – Маърузамнинг мавзуси “Жадидчилик ҳаракати ва Туркия”. Жадидлар дунёни кўрмоқ истадилар. Бухоро, Самарқанддан чиқиб, Қрим, Москва ва Истанбулга қадар кетдилар. Истанбулда бу ҳаракат аъзоларининг фаолияти ижтимоий ҳаётимизда кузатилди ва 1910 йилда газеталарда уларнинг фаолияти ҳақида хабарлар бўй кўрсатди. 1920 йилда эса Мустафо Камол Бухорога Иброҳим Субҳий деган одамни юборади. Зеро, Мустафо Камолнинг тарихий қарашлари акс этган китобларини жадидчилар ҳозирлаган. Уларни қозонлик жадидчи Исмоил Гаспирали оиласининг куёви Юсуфак Чура тайёрлайди. Ўз вақтида бу китоблар жадидчилик ҳаракатини ўрганишда турк ўқувчиларига дастак бўлди. Кейинчалик маърифатпарвар жадидчи Мунавварқорининг талабаси Иброҳим Ёрқиннинг 1960-70 йилларда чоп этилган ёзма манбаларидан маълумотлар ўргандик. Шоир Чўлпоннинг “Йиғлаган менман” шеърини ҳам илк дафъа шу мажмуадан ўқидик. Жадидчилик ҳаракати ҳозир АҚШ, Германия ва бошқа мамлакатларда ҳам ўрганилаётгани эътиборга молик. Айтиш лозимки, бу ҳаракат бутун туркий заминнинг бирлашуви азалий эканини кўрсатади.

    – Фахр билан айтиб ўтишимиз мумкинки, атоқли маърифатпарварларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда, – дейди Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи раҳбари Бахтиёр Ҳасанов. – Уларнинг азиз номлари билан аталадиган ёдгорлик мажмуалари, таълим муассасалари, музейлар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда. Ўзбекистон Олий суди мустабид тузум қатағонига учраган 1030 дан зиёд ватандошимизни оқлангани тарихий адолатни тиклаш йўлидаги янги қадам бўлди. Юртимизда ҳар йили август ойини “Қатағон қурбонларини ёд этиш ойи” сифатида ўтказиш, фидойи ватандошларимиз ва уларнинг авлодлари яшаган ва яшаётган хонадонларга ёдгорлик лавҳалари ўрнатиш, ворислари ҳамда яқин кишиларига ҳурмат-эътибор кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.

    Айни пайтда юртимиз маҳаллалари идораларида “Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари” ва “Маҳалла хотира китоблари”ни ташкил этиш, ҳар йили камида 100 нафар қатағон қурбони ҳамда жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини акс эттирадиган тўплам тайёрлаш режалаштирилган. Ушбу муҳим мавзуда архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илмий тадқиқот ишлари учун мақсадли грантлар эълон қилиш, янги бадиий ва публицистик асарлар яратиш, хорижий илм-фан марказлари, фондлар ва музейлар, кутубхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилаётгани ҳам айтиб ўтилди.

    – Тожикистонда ҳам Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларга катта қизиқиш бор, – дейди Панжикент шаҳридаги Тожикистон педагогика институти проректори, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов. – Тарихий воқеликларни шу икки халқ биргаликда бошдан кечирган. Азалдан ёнма-ён яшаб ижод қилган, биргаликда курашган, қувонган. Мана, ҳозир илмий таҳлил жараёнида Иброҳимбек ҳақида гап бўлди. Кейинги йилларда Жанубий Тожикистонда – Афғонистон чегарасида жанг олиб борган қўрбошилар ҳаётига оид кўплаб тадқиқотлар қилинди. Мени ҳамиша Абдурауф Фитрат ҳаёти ва ижоди қизиқтириб келган. Кейинги пайтларда унинг асарлари ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилинаётгани, кирилл ва лотин ёзувида китоблар чоп этилаётганини кўриб қувонаман. Бундоқ олиб қарасак, биз ҳам жадидмиз, яъни неожадидмиз. Улар ўз ғоялари учун жонларини тикканлар, курашганлар, биз эса ўша курашларнинг назарий асосларини тиклаб, ёш авлод қалбига олиб киришга ҳаракат қиламиз. Изланишларим асносида Садриддин Айний ёзган мана бу сўзларни ўқиб титраб кетдим: “1917 йил март ойида мендан жадид ким, деб сўрадилар. Ким газета ўқиса, тугмали қора кийим ва хориж пойабзалидан кийса, ҳафтада бир Тошкент ёки Самарқандга бориб келса, ўша одам жадид, деб жавоб бердим. Афсуски, икки ҳафта ичида шундай одамларнинг бир ярим минг нафари қатл қилинди”.

    Тадқиқотчи олимлар мунозара жараёнида жадидлар ҳақидаги ҳамма маълумотлар ҳам ҳақиқатга яқин эмаслигини, шу боис уларни ўрганаётганда ниҳоятда ҳушёрлик ва зукколик билан ёндашиш зарурлигини айтиб ўтишди. Зеро, архив ҳужжатларида ҳамон оқланмай келаётган боболаримиз номлари анчагина. Хўш, бугунги кун олимлари архив ҳужжатларини ўрганишда қандай муаммоларга дуч келмоқдалар?

    Ушбу саволимизга Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти бўлим бошлиғи Машҳура Дармонова бундай жавоб берди:

    – Биз “jadidlar.uz” электрон платформасини яратиш борасида ишладик. Шу кунгача 230 нафардан ошиқ янги жадид маърифатпарварини аниқладик. Энди Абдуваҳоб Ибодий, Файзулла Усмонов, Мўйинжон Аминжонов, Шокиржон Раҳимий, Отаулли Хўжаев, Муҳаммир Бурҳонов каби миллатпарвар юртдошларимиз номлари тарих саҳифаларига ёзиладиган бўлди. Уларнинг барчаси ҳам ижод қилмаган бўлиши мумкин. Лекин сиёсий чиқишлари, замонавий қарашлари ва дадил ҳаракатлари билан ватанимиз озодлиги учун курашишган. Мана шу жараёнда муаммоларга дуч келдик. Афсуски, кўплаб архивларда ҳали бу ҳужжатлар махфийлик доирасидан чиқарилмаганини айтишади. Президентимиз фармойишига кўра, 1865 йилдан то шу кунгача бўлган қатағон қурбонлари ҳақида хотира китобини яратиш устида тадқиқот ўтказдик. Давр ва замон мезонлари ўзгариши билан оқланган бўлса-да, ҳуқуқий жиҳатдан оқланмаган, ҳужжатлари тўғриланмай махфийлигича қолиб кетган кўплаб юртдошларимиз борлиги бизни ташвишга солди. Шу боис, архив ходимларидан замонга мос фикрлаб, ҳушёр фаолият юритишни сўраган бўлардим. Қариндошлари қатағон қилинган инсонлар эса ҳужжатларни излаб астойдил изланишини, ота-боболари номлари оқланишида охиригача жонбозлик кўрсатишини сўраган бўлардим.

    АҚШнинг Мичиган университети докторанти Кристофер Форт билан суҳбатлашар эканмиз, мазкур конференция уни кўплаб жадид маърифатпарварлари билан таништираётганидан қувониб сўзлади.

    – Бу анжуман излаб юрган кўплаб олимлар ва тадқиқотчиларни жамлай олгани учун ҳам хурсандман. Шу ерда мен билмаган кўплаб турк олимлари билан танишдим. Уларнинг маърузаларини чанқоқлик билан тинглаяпман. Мен Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг қарашлари ва ижоди ҳақида маъруза тайёрлаганман. Бу сиз эшитган бошқа маърузалардан шуниси билан фарқ қиладики, Ҳамза аслида большевик бўлмаган, уни драматург Комил Яшин большевиклаштирган. Агар сўзимга эътироз қилмоқчи бўлсангиз, унинг ижодини яхшилаб ўрганинг. У, асосан, жадидлар ғояларини тарғиб қилган. Мен конференциядаги мунозаралар майдонида жадид Маржоний номини кашф қилдим. Шунингдек, суҳбатдошларимга таржималарим ҳақида сўзлаб бердим. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Исажон Султоннинг “Навоий” романини таржима қилганман. Айни пайтда эса Чўлпоннинг “Замон хотини” пьесаси, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романи ҳамда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасини инглиз тилига ўгирдим. Менга туркий халқлар тили ва ўзига хос талаффузи жуда ёқади. Таржима жараёнида билдимки, жадидлар ўз асарларида илгари сурган ғоялар бугунги кунимиз учун ҳам ниҳоятда долзарбдир.

    Дарҳақиқат, буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар айни глобал дунёда улғаяётган ҳозирги авлод учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради.

    Бу каби мулоҳазалар бир қанча маърузаларда таъсирли ёритиб берилди.

    – Илмий анжуман аҳлига юзланиб, фахр билан айтмоқчиманки, мен уч буюк сиймо – Файзулла Хўжа, Усмон Хўжа, Атоулло Хўжага тааллуқли оилада дунёга келганман, – дейди бухоролик олим Иноятулло Сулаймонов. – Узоқ йиллар “халқ душмани” деган тамғани олиб юрган инсонларнинг бириман. Ҳар сафар Тошкентга келганимда боболарим қабрини зиёрат қилиш истагида қўлимда гул билан йиғлаб-йиғлаб Бўзсув канали бўйларига бораман. Уларнинг қачон ва қаерда отилганию кўмилганини ҳозиргача аниқлай олганим йўқ. Ниҳоят Файзулла Хўжаев отилган ва кўмилган жойни бориб кўриш менга насиб этди. Москвада Коммунарка деган жойдаги қабристонга бордим. Россия Президенти таклифи билан ўша жойда отилган 6600 кишининг номи ёзиб қўйилибди. Ана шу рўйхатда Файзулла Хўжаев номи борлигини кўриб, чексиз қувондим ва йиғлаб-йиғлаб дуо ўқиб, зиёрат қилиб қайтдим. Президентимиз 2016 йилда Бухорога ташриф буюрганида “Биз Файзулла Хўжаев ва унинг сафдошлари олдида қарздормиз!” деган эди. Шундан сўнг мен бор салоҳиятимни ишга солиб, жадид боболарим ҳақида учта китобни чоп эттирдим. Ушбу китобларни Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига тақдим этаман.

    Халқаро конференция ўз ишини якунлади. Анжуман Марказий Осиё минтақасидаги кўҳна тарих қаърида ёнган озодлик гулханлари ўз қаҳрамонларини ёш авлод кўз ўнгида, қалбида тирилтира олгани, юксак илмий лойиҳаларни ўртага ташлагани билан иштирокчилар кўнглини равшан қилди. Дам кўзимизга ёш олдириб, дам қувонтирган ушбу нуфузли анжуманда юзага келган самимий муҳит ва бирдамлик шуълалари Учинчи Уйғонишнинг ёрқин саҳифалари сифатида тарих саҳифаларига ёзилади.

    Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон айтганидек: “Эй, кўҳна Турон, арслонлар ўлкаси! Уйғониш, бирлашиш онлари муборак бўлсин!”

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates