UzAuto Motors «Malibu-2» автомобиллари Хитойдан олиб келинаётганини маълум қилди

    Ижтимоий тармоқларда автовозга ортилган янги «Malibu-2» автомобиллари акс этган видео тарқалди.

    Ролик муаллифи ўз изоҳида ушбу автомобиллар гўёки Қозоғистонда қайтарилиб, Ўзбекистонга етказиб берилаётганини таъкидлайди.

    «UzAuto Motors» АЖ ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Видеода кўрсатилган «Malibu-2» автомобиллари партияси Хитойдан Қозоғистон ҳудуди орқали белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда Ўзбекистонга юборилмоқда.

    Компания ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан нотўғри маълумотларни тарқатмасликни сўради.