Ватан қолар экан, Ватан абадий

    Ватан, ватанпарварлик ҳақида гап кетар экан, беихтиёр мактаб йилларию “Ватан туйғуси” фанидан дарс ўтадиган озғингина ўқитувчимизнинг парталар оралаб оҳиста юрганча, ушбу сатрларни айтгани ёдимга тушади:

    Баҳрайн сувларга чайдим юзимни,
    Насимлар эсдилар илиқ, арабий.
    Бир осмон тўлдириб келди кўксимни —
    Ватан қолар экан, ватан абадий.

    Биз, эндигина ҳаётнинг ранглари билан танишаётган болалар қўлимизни парта устига қўйиб, дераза ортида оппоқ гуллаган бодомга тикилганча шеърни мароқ билан тинглар эдик. Тўғри, шеърнинг мазмунини тўлиқ тушунмасдик, бироқ ундаги биргина Ватан сўзи ўзгача оҳангда эшитилар, унинг нима эканини билишга ўч эдик. Орадан йиллар ўтиб, ўша шеърнинг давомини яна қайта ўқидим:

    Бобо қирлардаги бир хас ё тикан,

    Шу ҳам кимларгадир зўр армон экан.

    Кўп экан зар топиб, зор бўлиб юрган,

    Ватан қолар экан, Ватан абадий.

    Олмон тупроғида бир немис аёл,

    Кўзда ёш, ўзбекча айлади савол.

    Халқим, нону тузинг ҳамиша ҳалол,

    Ватан қолар экан, Ватан абадий.

    Ҳозир бу гўзал шеърда нима ҳақда гап боришию қандай туйғулар тараннум этилганини жуда яхши англайман. Бироқ барибир яна ўша даврларга қайтиб, айнан шу рангпаргина ўқитувчининг тилидан шеърни қайта тингламоққа боримни беришга-да тайёр бўламан баъзан. Бизга Ватан ҳақида илк марта ўйлатган ўша устозимизга чин кўнгилдан раҳмат айтишни соғинаман, нега ўшанда раҳмат айтмаганман, дея ўзимни койийман.

    Биз у пайтлар ўйинқароқ эдик, дарсда завқланиб ўтирсак-да, қўнғироқ чалиниши билан ўқитувчидан олдин кўчага отилардик. Ҳа, болалик фақат югуриш билангина ўтаркан. Танаффусда мактаб стадионига, дарс тугагач эса қувалашиб уйга югурардик. Ягона бурчимиз мактабга келиб-кетиш, деб билар, кўнглимизда зиғирча ҳам қўрқув ёки ҳадик йўқ эди. Бир-биримиз билан тортишиб қолмасак, бизга бегона бирор киши зиён етказмасди.

    Мактаб уйимиздан тахминан тўрт чақирим узоқда жойлашган. Баъзан синфдошларим бормаган кунлари бир ўзим ҳам кетаверардим. Чунки Ватанимиз тинч эди, шу сабабли бутун дунёни ана шундай тинч, деб тасаввур қилар эдик. Мактабдаги тарбия соатларида терроризму бошқа офатлар ҳақида кўп ва хўп гапирилгани билан улар асл ҳаётда қандай бўлишини ҳеч қачон кўз олдимизга келтира олмаганмиз. Бошқа давлатларда ўқувчилар мактабга қўриқчилар ҳимоясида бориб-келишини эшитиб, кулгимиз қистагани ҳам бор гап. Ахир биз қўриқчи билан келиш тугул, мактаб йўлидаги боғдан ҳали хом олма ўғирлаб чиққанимизда ҳам кекса боғбон бобонинг ҳасса билан ўдағайлаганча қувлаб қолишидан бошқа хавф кўрмас эдик. Шу боис, боғдан пишмаган олмаларни ҳар куни қайта-қайта ўғирлаб чиқаверардик.

    Биздан катта болалар — акаларимизнинг армияга нега боришига эса умуман, ақлимиз етмас эди. Нега армияга боради? Ким билан уришади? Ҳаммаёқ тинч-ку! Тинч давлатга армиянинг нима кераги бор экан, дердик. Бироқ дунёнинг катта қисми тугул, атрофимиздаги мамлакатлар ҳам аллақачон хавф-хатар ўчоғига айланиб бўлганини ёшимиз улғайгач, тушуниб етдик. Мана шу офат ўчоқлари билан ёнма-ён яшаб, биз, болаларни уруш нималигини билдирмай улғайтирган давлатнинг фуқароси эканимиздан фахрландим. Бир сафар урушлар ҳақида ўта аянчли хабарларни ўқиётиб, паспортимни очганча кўзимдан ёш чиқиб кетгани эсимда.

    Бугунги дунё — яширин хавф-хатарлар уяси. Кимнинг кимлигини билиш амри маҳол, сабаби барча халқаро ҳаракатлар ошкорадан пинҳонга кўчган. Дунё худди, “Келинлар қўзғалони” фильмидаги ҳовлига ўхшайди. Азалий одатларга кўра, бир стол атрофида самимий суҳбатлар билан таомланишади-ю, ўз ҳужрасига қайтгандан кейин ҳамма ўз билганича — ғийбат, яширин тарафкашлик ҳамда манфаатлар кураши. Фармонбиби ролидаги дунёнинг асосий муросасози — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам булардан гўё бехабар, чора кўрмоққа ожиздек. Кимга ишонишни эса билмайсан. Ягона чора — ўзингга ишониш. Тафаккурда дарҳол шу савол ярқ этади — биз ўзимизга ишонамизми? Мамлакатнинг асосий ирода кучи унинг халқидир. Халқни халқ ҳолида сақлаб турувчи бош мезон эса — бирдамлик.

    Мингйилликлар қаърида шаклланган халқимиз учун бирдамлик ҳисси бугун ҳар қачонгидан долзарб. Айнан ички бирдамликни мустаҳкамламас эканмиз, ташқи хавфларга қарши иммунитет кўрсаткичларимиз сўроқ ҳолича қолаверади. Нималарга қодир эканимизга ҳам аниқ ташхис қўя олмаймиз. Лекин бирдамликни қандай аниқласа бўлади? Оёғинг остидагини осмондан излама деганларидек, бирдамлик деганда бир неча йилдан буён яшаб келаётганим — пойтахтнинг Яшнобод туманидаги Машинасозлар маҳалласининг одамлари кўз олдимга келади, унинг оз аҳолиси орқали бутун халқимизни таҳлил қилмоққа чоғланаман.

    Барчамиз учун Ватан остонамиздан, маҳалламиздан бошланади. Ҳаммамизнинг ўз маҳалламиз бор. Биз шу маҳаллада яшаймиз, шу маҳалла одамларининг яхши-ёмон кунидан баҳоли қудрат хабардор бўламиз. Маҳалла бир қарашда оддий тузилма каби кўринса-да, ҳақиқий маънодаги кичкина Ватан. Оғриб қолсак, маҳалламиздаги уй шифокорини йўқлаб, энг аввал ундан маслаҳат сўраймиз. Уйимизда нимадир таъмирталаб бўлса ҳам маҳалладош чилангарга қўнғироқ қиламиз. Баъзан нимадир сўраб, қўшнимизникига чиқамиз. Тўй-маъракаларимиз уларсиз ўтмайди. Ижобий ўзгаришларнинг ҳам натижасини даставвал ўз маҳалламизда ҳис қиламиз. Машинасозлар маҳалласининг ҳам ички йўллари тўлиқ асфальтланганда қишда лойнинг азобини тотган оёқларимизни эслаб, қанча қувонган эдик.

    Шунингдек, маҳалламизнинг ҳасратини-да ўз ҳасратимиздек қабул қиламиз. Бир сафар ёлғиз яшайдиган онахоннинг уйида бахтсиз ҳодиса сабаб ёнғин содир бўлганда биз ҳам ўзимизни уйи ёнган одамдек ҳис қилган эдик, ўз онамиздек жонимиз ачиганди — қўлдан келганча маҳалладошлар ёрдамини аямаган.

    Яна бир воқеа, чамаси икки йилча олдин маҳаллага бир “тадбиркор” кўчиб келди. Ҳали маҳаллада узоқ муддат яшамай, одамларни тўла таниб улгурмай, маҳалла ичидаги кўп қаватли уйларнинг шундоққина ёнига кўчма дўкон қуришга киришиб кетди. Пойтахтда бугунги кунда бир кафт ернинг баҳоси тиллога тенг, маҳалла ичида эса сотиладиган ернинг ўзи йўқ. Унинг ягона чораси шу ерда доимий яшовчи аҳолининг розилигини олиш ва бирор кўп қаватли уй атрофига кўчма дўконини ўрнатиб олиш эди. Лекин бунга одамлар рози бўлармикан? Деразасининг остида кечаю кундуз шовқин бўлишига ким кўнаркан? Бу шундоқ ҳам қонунан мумкин бўлмаган ишлиги равшан-ку! Менга воқеалар ривожи қизиқ туюлди.

    “Тадбиркор” ишни энг аввал уйма-уй юриб, ҳар хил ваъдалар бериб, аҳолининг розилик имзосини йиғишдан бошлади. Ишонасизми, қандай ваъдалар билан кўндирганидан бехабарман, “тадбиркор” мингга яқин розилик имзоси йиға олди. Яъни шунча одам шундоққина деразасининг остида кечаю кундуз ишлайдиган дўкон қурилишига розилик берди. Лекин бир неча жонкуяр нуронийнинг жиддий қаршилиги билан у барибир маҳалла ичида кўчма конструкцияли дўконини жойлаштира олмади ва бошқа жойга кўчириб кетди. Мени қизиқтиргани эса бунга қарши бўлганларнинг орасида бирорта ҳам ёш йўқ эди.

    Наҳотки, янги авлоддаги хайрихоҳлик ҳисси кекса авлодга нисбатан кўтарилиш ўрнига сусайиб кетган бўлса? Балки менинг ўз маҳаллам мисолида умумий хулоса чиқаришим хатодир, шунинг учун сиз-да ўз маҳалла ёки қишлоғингизда шу мезонлар асосида таҳлил ўтказишингизни ҳамда хулосаларни таққослаб кўришингизни илтимос қилган бўлардим.

    Мен эса хонадонининг тинчлигига бефарқ бўлган ёшларнинг Ватан тинчлигига хайрихоҳ бўлишига сўроқ назари билан қарайман. Сабаби, азалдан ота-боболар Ватанни овулу маҳалладан бошланади, деб ҳисоблаган. Биз учун Ватан — шу ер. Ҳаммамиз ўз мамлакатимизнинг маълум қисмидагина яшаймиз, ишлаймиз, халқ олдидаги хизматимизни ўтаймиз ҳамда ҳаётимиз ҳам бевосита шу макон билан боғлиқ. Тажриба тариқасида маҳалламиз одамлари орасида “Мамлакатимиздаги ҳамма вилоятга борганмисиз?” деган кичик сўровнома ўтказдим. Натижа шуки, ўн чоғлиқ кишининг атиги икки нафаригина деярли барча вилоятга борган экан , иккаласи ҳам касб тақозоси туфайли.

    Аён бўлганидек, Ватан тушунчаси катта сарҳадларни ичига олувчи ҳудуд мазмунини англатса-да, ватанпарварлигимиз атрофимиздаги маълум ҳудуддагина намоён бўлади. Кўпчилигимиз эса аллақачон уни тадбирбоп тушунчага айлантириб, асл моҳиятидан узоқлашиб кетганимиздан дил хира. Бугун ватанпарварлик туйғуси ҳар қачонгидан ҳам зарурат экан, уни аслига қайтариш учун ҳаракат қилиш замон талабига айланди. Бунинг учун эса хос манзил сифатида маҳалладан-да яхшироқ жой бўлмаса керак.

    Давлатимиз раҳбари жорий йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, дея таъкидлади. Ватанпарварлик тушунчасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган бугунги кунда бу бурч энг қуйи бошқарув тузилмаси бўлган маҳаллаларда қанчалик амалга оширилаётгани, албатта, қизиқ.

    — Маҳаллаларда масъулиятли, ўзини жамият ҳаёти билан боғлиқ ҳисоблайдиган ёшлар доимо бўлган. Лекин синчиклаб назар солсак, сўнгги пайтларда уларнинг салмоғи аввалгига нисбатан камайгандек, — дейди “Машинасозлар” МФЙ раиси Мукаррам Худойбердиева. — Элни бирлаштирадиган тадбирлардан бўлган ҳашарларда бу, айниқса, яққол кўзга ташланади. Кўз ўнгимизда улғайган маҳалламиз ёшлари ҳашар бўлаётган ҳудудни паналаб ўтишга ҳаракат қилади, бирор зарур юмуши бўлса ҳам майли эди, нарироққа бориб, телефон ўйнаб ёки бошқа арзимас ишлар билан банд бўлиб турганига кўп гувоҳ бўламиз.

    Тўғри, ҳашар мажбурий эмас, бироқ бизнинг ёшлик давримизда ҳаммамиз ўзимиз билиб ҳашарларда қатнашардик, кичик ватанимиз бошқа маҳаллалардан чиройлироқ бўлишини, нуронийларнинг дуо қилишини яхши кўрардик, ёшимиз улғайгани сайин маҳаллага бўлган меҳримиз шаҳримизга, шаҳримизга бўлган меҳр эса бутун Ватанимизга бўлган севгига ўзгара борди. Шунинг учун эскилар “Ватан остонадан бошланади”, деган бўлса, ажаб эмас.

    Лекин ҳозир биз ёшликда ундай эдик, биз ўсмирликда бундай эдик, деб ҳикоянавислик қилишнинг ўзи билан иш битмайди. Бугун хайрихоҳлик ҳисси ҳаминқадар бўлган ёшлар билан алоҳида ишлашимиз, уларнинг дунёқарашидаги ёт фикрларни йўқотишига ёрдам беришимиз, Ватанни севиш инсонийликнинг асосий таянчларидан бири эканини уқтиришимиз керак. Машинасозлар маҳалласининг раиси сифатида буни маҳалламиздаги нуронийлардан ҳам, ота-оналардан ҳам кўп илтимос қиламан. Чунки маҳалла ҳам, Ватан ҳам биздан кейин шу ёшларимизга қолади.

    Маҳалла раисининг суҳбатини тинглаб, ёши катталарнинг ватанпарварлигию ҳозирги авлоднинг ватанпарварлиги орасидаги тафовутни таққослаб кўриш иштиёқи пайдо бўлади.

    — Шимолда ҳарбий хизмат чоғида бир куни ўзга миллат вакиллари суҳбатлашиб, Тошкент ва тошкентликларнинг шаъни ҳақида куракда турмас гапларни айта бошлади, — дейди 68 ёшли Фарҳод бобо. — Қоним қайнаб кетди, ҳаммасини аямай ура бошладим, лекин улар кўпчилик, мен ёлғиз. Бўларим бўлган, лекин кўнглим хотиржам. Сабаби халқимнинг, туғилган юртимнинг шаънини ҳимоя қилишга ҳеч йўқса ҳаракат қилдим. Ишонасизми, ўша зўравонлар хизматнинг охиригача қайтиб Тошкент ҳақида ёмон гапирмади. Чунки у ерда битта бўлса ҳам ўзбекнинг қони қайноқ боласи бор эди. Отамиз бизга шундай тарбия берган. “Нонингдан сўраса, оч-наҳор бўлса, бер. Лекин тупроғингдан сўраса, ким бўлишидан қатъи назар, бир ҳовуч ҳам берма”, дерди. Ватан деган тушунча онгимда шундай муҳрланиб қолган.

    Ўйлаб қоламан, бугун ҳам фарзандларига шундай насиҳат қиладиган, Ватанга меҳр-муҳаббат билан фарзанд тарбиялайдиган оталаримиз кўпчиликми? Тил ўргатиб, ҳунарга ўқитиб, пул топмоққа шайлаб, Ватанни севишни ўргатмоқни ёдидан чиқариб қўйишмаяптими?

    Фахрий ўқитувчи Раъно бувининг ҳикояси янада қизиқ.

    — Эндигина университетга кирган йилларим отамнинг яқин ўртоғининг ўғлидан совчи келди. Онамнинг қистови ва мақтови билан учрашувга чиқишга рози бўлдим, — дейди Раъно буви. — Йигит хушмуомала, ширинсухан экани шундоқ кўриниб турарди. Лекин менга унинг кўпроқ дунёқараши муҳим эди. Ундан келгусидаги режалари ҳақида сўрадим. У эса бу ерларда қолиш нияти йўқлиги, имкон топилса, бугуноқ Ватанни тарк этишга, ўша ерларда бир умр қолиб яшашга тайёрлигини айтди. Шу-шу, уйга бордиму онамга узил-кесил рад жавоби беришини тайинладим. Сабаби, ўша пайтлардаёқ яхши шароитга учиб, туғилиб ўсган маконини ташлаб кетишга тайёр йигитни турмуш ўртоқ сиймосида кўра олмаганман. Кейинчалик эшитдим, у барибир хорижга кетибди.

    Деярли барча суҳбатларимдан битта хулоса чиқаверади — Ватанни сева олмаган одам ҳеч нарсани чин дилдан сева олмас экан. Бироқ ватанпарварлик шундай фазилатки, қанийди уни мактабдаги битта фан ёки алоҳида таълим даргоҳи орқали барчага бирдек юқтириб бўлса! Йўқ-йўқ, ватанпарварлик инсон умри давомида орттирадиган бойлик, ширин дарддир. У илғор мамлакатлар сафида юрти номини кўрса, қувонадиган шодлик, бирор ватандоши мағлуб бўлса, қўшилиб ўксийдиган муштипарликдир. Қанийди, бу жаҳон майдонида ҳаммамиз бир хил шодумон, бир хил муштипар бўлолсак. Томирларимизда оқаётган қон Жайҳуну Сайхун сувлари эканини бирдек англасак. Тўрт фаслини телбаларча севиб, “ўзимизники” деган тасаввур ила капалагига ҳам озор бермасак, дарахтларини кесмасак, олтин тупроғини қоғозга алиштирмасак, унинг номини топтаганни тилини суғуриб олгудек шаштимиз оловланиб турса. Қанийди, Ватан ҳимояси фақат қўлда қурол билан чегараларни қўриқлаш эмас, унинг шаъни ва номини ҳам қўриш эканини ҳаммамиз бирдек тушунсак. Биздан зўри, биздан ватанпарвари бўлармиди?!

    Сўзимни эса яна ўша мактаб дарсликларида ўқиганим — такрори йўқ гўзал мисралар билан якунлашга рухсат бергайсиз:

    Ватан — она сўзи нақадар лазиз,

    Сенсан ҳар нарсадан мўътабар, азиз,

    Ҳурматингни сақлар ҳар бир ўғил-қиз,

    Муқаддас, мўътабар, улуғ Ватаним,

    Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан…

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    ("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2024 йил 14 март, № 53)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates