Вазирлар депутатга айланадими?

    Марказий сайлов комиссияси раиси жавоб берди

    Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев пропорционал сайлов тизими бўйича партиялар рўйхатида кўрсатилган амалдаги вазирлар тақдири нима кечиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

    Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларнинг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжуманида «Ўзбекистон овози» газетаси журналисти Тоштемир Худойқулов амалдаги вазирлар рўйхатнинг юқори қисмида турганини эслатиб, улар депутат бўлишни рад этиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида савол берди.

    «Қонунчилигимизда шундай тартиб-тамойил бор: вазир ёки бошқа тегишли давлат идораси раҳбари, ёки лавозими депутатлик лавозими билан қўшиб олиб боришга тўғри келмайдиган ҳолатларда ўша номзод 5 кун муддат ичида Марказий сайлов комиссиясига ёки депутатликда қолиш, ёки ўша лавозимдан ишдан кетиши ҳақида ариза бериши керак», — деди Марказий сайлов комиссияси раиси.

    Эслатиб ўтамиз, сайлов кодексининг 74−2-моддасига кўра, агар номзод депутат бўлишдан воз кечса Марказий сайлов комиссияси тегишли партия рўйхатидаги тартиб рақами бўйича мандат олмаган кейинги номзодга хабарнома юборади.

    МСК раисининг таъкидлашича, ариза орқали номзод ё депутатлик мандатини олишга ёки буни рад этиб, вазир, бошқа давлат идораси раҳбари сифатида қолишга ҳақли.

    «Бу ўзининг иҳтиёрига боғлиқ. Агар у вазир ёки бошқа давлат идорасида раҳбари сифатидаги лавомида қолишни истаса, депутатлик мандати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатдаги ундан кейинги номзодга берилади», — деди Зайниддин Низамходжаев.

    27 октябрь куни бўлиб ўтган депутатлик сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон либерал демократик партияси 26 та, «Миллий тикланиш» демократик партияси 14 та, Экологик партия 10 та, Халқ демократик партияси 13 та ва «Адолат» социал-демократик партияси 12 та ўрин олди.

    Бундан келиб чиқадики, амалда ҳукумат таркибида бўлган ва партиялар рўйхатида кўрсатилган қуйидаги номзодлар ўз иҳтиёри билан депутатлик мандатини рад этиши мумкин бўлади:

    • Жамшид Ходжаев — бош вазир ўринбосари — ЎзЛиДеП
    • Хилола Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири — ЎзЛиДеП
    • Азиз Абдухакимов — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири — Экологик партия
    • Акбар Ташкулов — адлия вазири — «Адолат»
    • Озодек Назарбеков — маданият вазири — «Миллий тикланиш»
    • Зулайхо Махкамова — Бош вазир ўринбосари — ХДП
    • Шерзод Шерматов — рақамли технологиялар вазири — ХДП.
    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates