Бу рақам Барак Обама президентлиги даврида бир йил ичида 400 минг киши депортация қилинган аввалги рекорддан ошиб кетиши мумкин, деб ҳисоблайди WP манбалари. Шу билан бирга, WP томонидан тақдим этилган таҳлилга кўра, Трампнинг мақсади молиялаштириш ва ходимлар билан таъминлаш даражаси туфайли нореал кўринади. Аксарият муҳожирлар мамлакатдан депортация қилинишидан олдин суд муҳокамасидан ўтиш ҳуқуқига ҳам эга.
WP манбаларига кўра, стратегия Оқ уй маъмурияти раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Стивен Миллер, Ички хавфсизлик вазирлиги ва бошқа федерал идоралар расмийлари томонидан ишлаб чиқилмоқда. Кўриб чиқилаётган вариантлардан бири аллақачон қайтариб юборилиши керак бўлган, аммо ўз Ватанларига киришга рухсат берилмаган 1,4 миллион мигрантнинг бир қисмини депортация қилишдир.
Икки расмийнинг нашрга айтишича, АҚШ маъмурияти 30 та давлат билан уларнинг фуқароси бўлмаган муҳожирларни депортация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Гап минглаб ташриф буюрувчилар ҳақида бормоқда.
WPнинг аниқлик киритишича, Трампнинг президентлик муддати бошланганидан бери маъмурият депортация қилинганлар сони бўйича статистик маълумотларни эълон қилишни тўхтатган. Шу билан бирга, Ички хавфсизлик вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан буён 117 минг киши мамлакатдан депортация қилинган, деб хабар беради kommersant.ru.