Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас. Мазкур ибора пайдо бўлганидан буён минг йиллар ўтди. Бу бутун коинот, табиат ва башарият доимий ўзгаришда, янгиланишда деганидир. Дарҳақиқат, инсоният ҳам ана шу азалий қонуният асосида яшайди ва ҳаёт кечиради. Бу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби муқаддимасидан ўрин олган. Бугун биз шу азалий ҳикмат қоидасининг янгиланаётган фалсафаси ва ҳаётий моҳияти ҳақида мушоҳада юритмоқчимиз.
Мақсадимиз аввалида эса Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги ўз нутқини халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётгани ишораси билан бошлаганига эътибор қаратамиз. Ишора жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаяётгани, буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлаётгани билан ойдинлаштирилди.
Бу нутқдаги биринчи эътиборли назар ва кишини ҳушёр торттирадиган катта чақириқ эди.
Фундаментал ўзгаришлар қандай шароитда ва нималар таъсирида юз бермоқда? Бу, аввало, табиат кучи ва руҳи билан боғлиқ. Инсониятнинг ортда қолган чексиз эволюцияси асрдан асрга, даврдан даврга ҳаёт учун курашнинг янги тенденцияларини ортмоқлаб ўта бошлади, уларнинг ҳар бирида қувватланиш руҳи бўлди.
Ихтироларнинг барчаси тириклик ёки тирикчилик эҳтиёжи учун яратилгани аён. Шу билан бирга, бу ихтиролар одам авлодлари қалбида табиатнинг кўзга кўринувчи ва ҳаракатга келувчи моҳияти устидан ҳукмронлик ҳиссини ҳам уйғотди. Шунда қудратий қарашлар шаклланди. Унинг ортидан шахсийликка интилиш фикри куртаклади.
Табиат — буюк қудрат. Мўъжизавий характерга эга. Бу хилқат асрлар мобайнида инсоният учун тириклик манбаи бўлиб келмоқда. Лекин унга нисбатан аёвсиз муносабат кишилик жамиятига жуда катта инқироз бўлиб қайтаётганини биз – бугунги авлодлар кўриб, ўз ҳаётимизда сезиб турибмиз.
Мана шу факторларнинг барчаси давлатлар ўртасида бўлиниш, ўзаро ишонч инқирози содир бўлишига замин яратгани сир бўлмай қолди. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётгани ҳақидаги фикрлари дунё минбаридан туриб айтилгани барчамизни яна бир бор огоҳликка чорлади. Зеро, янгиланаётган, ўзаро боғлиқликда ривожланиш эҳтиёжи пайдо бўлган асримизда зарур хулосалар чиқариш ва ҳамжиҳатликни, ишонч руҳини мустаҳкамлаш, тинчликни асраш ҳар қачонгидан-да долзарб, жуда долзарб бўлиб қолмоқда.
Иккинчи муҳим аспект — бирдамлик ташаббуси. Бу ҳозиргина айтганимиз — ишонч инқирозининг малҳами, дейиш ўринли бўлади. Шу боис ҳам бу ташаббус халқаро экспертлар, сиёсий доира вакиллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
“Ўзбекистон раҳбарининг бутун инсоният учун хавф-хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кўпайиши билан боғлиқ замонавий глобал жараёнларга берган баҳолари алоҳида аҳамиятга эга. Шавкат Мирзиёевнинг геосиёсий қарама-қаршиликлар бутун инсоният тақдирига дахлдор масалаларда ҳам мулоқотга путур етказаётгани ҳақидаги баёнотига қўшилмаслик асло мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбарининг жаҳон ҳамжамиятига қандай сайёрани келажак авлодларга қолдиришимиз ҳақида ўйлашга чақириғи муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, бугунги кунда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам зарур”. Бу фикрлар ШҲТ тадқиқотлари институти директори Дэн Хаога тегишли.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, аслида бирдамликка интилиш ҳисси инсоният учун бегона эмас. Боиси, ҳеч ким ўз муаммолари билан ёлғиз қолишни истамайди. Бу ўринда халқимиз даҳосига тан бермай илож йўқ. Кайвониларимиз “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, дея бежиз айтмаган.
Шундай экан, бирдамлик руҳи борасидаги Ўзбекистон ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани ҳам таҳсинга лойиқ ва бу барчамизга таскин бериши мумкин бўлган реал воқелик сирасига киради.
Бу ҳақда сўз кетганида айтиш керакки, ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” илгари сурилгани “дунё мамлакатлари ва халқларининг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилиш” учун муҳим платформа вазифасини бажаришига яна бир бор амин бўламиз. Негаки, Самарқанд қадим-қадимдан дунёга тинчликни соғинувчи, цивилизацияларга бешик бўлувчи қутлуғ замин сифатида бўй кўрсатиб келади. Бугун бу қудратий ҳодиса “Янги Ўзбекистон ғоялари” фонида давомли сўзини айтмоқда.
Аслиятан олганда, замин ва замон қувватининг уйғунлашуви ҳамиша бирдамлик фалсафаси билан такомилига етган. Демак, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бирдамлик руҳи борасидаги фикрлари ҳаёт ҳақиқати сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Учинчи назар инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимоя воситаларига қаратилди.
Давлатимиз раҳбари бу ўринда мамлакатимизда амалга оширилаётган катта ислоҳотлар ҳақида тўлқинланиб гапирар экан, жўшқинлик руҳи бизга ҳам кўчди ва ҳар бир янгиланиш қадрини қайта ҳис қилдик.
Улардан бири – ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлатни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттираётганимиз ҳақидаги эътирофлар эди.
Бу йўлда муҳим тарихий ислоҳотларни муваффақиятли татбиқ эта олдик. Яъни жорий йил апрель ойида миллий тараққиётимизнинг муҳим ва ажралмас йўналишларини белгилаб берувчи янги таҳрирдаги Конституциямизни тарихда илк бор умумхалқ референдуми асосида қабул қилдик. Шу тариқа бунёдкор ҳаракатларимизнинг ортга қайтмас тус олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратдик.
Халқ ишончи – қутлуғ тақдир. Бугун кўп миллатли халқимиз билан шу тақдир эгасимиз. Бу фикримизнинг ҳуқуқий асослари ҳам бор. Бири – барчамиз ҳамжиҳатликда янгиланган Конституциямизни қабул қилганимиз бўлса, иккинчиси – мамлакатимиз Президентини ишонч билан қайта сайлаганимизда акс этади. Шу кунларда яна бир муҳим йўлга қадам қўйдик. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ҳаётга татбиқ этдик.
Шундай асосларда нималарга эришдик ва қандай мақсадларимиз бор? Жавобни давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан айтган бу гапи билан айтамиз: “Изчил давом этаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти, глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Бизнинг бош мақсадимиз – 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга оширишдир”.
Энди яна бир гап. Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг бош мақсади халқимиз турмуш даражасини оширишдир. Натижалар бор, албатта. Масалан, мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. “Биз 2030 йилгача уни 7 фоизга туширишни режа қилганмиз”.
Ижтимоий давлат мақоми ва унинг катта масъулиятини олган янги Ўзбекистонда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш сифатини яхшилаш мақсадлари устувор аҳамият касб этади. Бу борада аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини кенгайтириш ҳамда такомиллаштириб бориш мақсадимиздир.
Буларнинг барчаси БМТ Бош Ассамблеяси минбарида айтилиб, инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимоя воситаларини амалда қўллаш тажрибасида мамлакатимизни ўрнак қилиб кўрсатиш мумкинлигини яна бир бор исботлади.
Нутқдаги тўртинчи муҳим жиҳат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бўлди.
Бу ҳақда фикр юритганда Ўзбекистон мисолида кўп ютуқларни санаш мумкин. Булардан биринчиси ҳамда тарихийси – мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.
Ўзимиздан ўтганини ўзимиз биламиз. Бир асрдан зиёдроқ давр мобайнида пахта сиёсати халқимиз қадри ва қаддини букиб келди, чунки пахта қуллигига маҳкум этилган эдик. Бу сиёсий тизимга айланди. Афсуски, ватанимиз мустақилликни қўлга киритгач ҳам номақбул тизимни ўзгартиришга журъат қилолмадик, сиёсий иродамиз етишмади.
Тўғрисини айтиш керак, мустақиллигимиз эълон қилингач, халқимиз орзу-умидлари ҳам куртаклай бошлади. Шулар сирасида пахта қуллигидан халос бўлиш каби асрий қайғумиз ҳам бор эди. Бу ҳақда мустамлака сиёсат хорижга қувғин қилган ватандошларимиз ҳам ташвиш тортиб келди. Улардан бири – Боймирза Ҳайит. 1917 йили Наманганда туғилиб, 2006 йили Германияда вафот этгани ҳақида маълумотлар учрайдиган жадид бобомиз 1992 йилда халқимизга битган мактубида, жумладан, шундай деган эди: “1930 йилда Хидир Алиев айтгани каби: “Пахта қизил империализм даврида кафан бўлди, кафан”. Буни унутмаслигимиз керак. Пахтадан воз кечмаймиз. Аммо пахта бизни эзмаслиги керак. Биз пахтани идора қилишимиз керак...”.
Ниҳоят бу ҳодиса янги Ўзбекистон ислоҳотлари эпкинида амалга ошди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан мажбурий ва болалар меҳнатига буткул барҳам берилди.
Бугун ўқитувчи ва ўқувчилар қўли пахта кўсаклари заҳмидан қавармаяпти. Бугун улар мактабга қайтди. Бугун пахтанинг ўз эгаси топилди...
Натижада ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилинди, йиллар давомида “қора рўйхат”ларда турган Ўзбекистон энди қаддини яна тиклади, юзимиз ёруғ бўлди.
Бошида пахта қуллиги бир кунда, битта сиёсий ирода билан бекор қилинганига ишончсизлик кайфияти сезилиб тургани ҳам бор гап. Лекин бу ортга қайтмас тус олганини мана ўзимиз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам кўриб турибди. Қолаверса, Конституциямизда ҳам мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг иккинчи ва учинчи манзаралари ҳам хайрлидир. Булар – паспорт тизими ва фуқаролик масаласи.
Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари кўп йиллар амалда бўлмади. Масалан, юртдошларимиз ўз мамлакатида эркин ҳаракатланишга ожиз эди. Тошкентга келсангиз ёки пойтахтда яшаб, ишламоқчи бўлсангиз, албатта, паспорт режимига амал қилишга тўғри келарди. Доимий ёки вақтинчалик рўйхатда туриш ҳал қилиб бўлмайдиган оғриқли муаммога айланганди.
Фуқаролик олиш-чи? Қўшни республикаларда туғилиб, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда яшаётган, миллий тараққиётимизга ҳисса қўшиб келаётган минглаб юртдошларимиз йигирма беш йил сарсон-саргардон юрди. Бу бир инсон умрининг энг қимматли даври экани айтмасак ҳам аён ҳақиқат.
Бугун шу икки муаммо ҳам ортда қолди. Умуман олганда, Президентимизнинг мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақидаги гаплари қалқиб турган бугунги нотинч дунёда ҳар биримизни шукроналик ҳисси билан яшаш, берилган имкон ва имтиёзлардан унумли фойдаланиш, бир сўз билан айтганда, дунё халқларини бир бутун бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришга ундаши билан ҳам қадрлидир.
Бешинчи эътибор инсон капиталини ривожлантириш ва ёшлар сиёсатининг умумий йўналишларига қаратилди.
Бугунги дунё инсон капиталисиз ривожлана олмаслигини ҳаётнинг ўзи айтиб турибди. Чунки тараққиёт ва аср технологиялари шуни тақозо этмоқда. Аслида бу ҳамма даврларга хос хусусият. Лекин замонавий технологияларнинг кунлик ривожи ҳар биримиздан катта изланиш ва интилиш талаб қилмоқда.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари БМТ минбарида туриб инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялашни ўз олдимизга қўйган стратегик вазифалардан бири эканига бежиз тўхталмади.
Капитал нима учун керак, деган саволга жавоблар кўп. Келинг, уларнинг биттасига тўхталамиз. Янги қиёфа касб этаётган бугунги дунёда иқтисодий тараққиёт кўп ҳолларда инвестиция сиёсатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўз навбатида, XXI аср бошигача тўғридан-тўғри инвестициялар ишчи кучи арзон мамлакатларга киритилган бўлса, бугун интеллектуал салоҳиятли ва инсон капитали юқори салоҳиятга эга давлатларга йўналтирилмоқда.Сабаби бугунги технологияларни ишлатиш учун замонавий билимлар, кучли салоҳият ва профессионализм талаб қилинади.
Президентимиз нутқидаги иккинчи муҳим жиҳат Марказий Осиё ёшларини бирлаштириш ташаббуси бўлди.
Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамияга эгалиги айтилган нутқда, бу борада минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақида битим имзолангани маълум қилинди. Шунингдек, БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш таклиф этилди. Унинг доирасида эса, “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Ёшлар сиёсатига доир шу ва бошқа таклиф-ташаббуслар биргаликда минтақавий тараққиётимиз бардавом бўлишини англатади. Зеро, ягона тарихий маконда бирлашиш ва оға-ини, опа-сингил бўлиб яшаш тақдирини кўзлаган ёш авлод кун келиб катта ишларга қодир бўлади.
Олтинчи аспект Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари талқини ва бунинг дунё минбаридан ҳеч иккиланмасдан айтилиши эди.
Агар эътибор берсак, дунё геосиёсий айвонида тарихий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу фикримизни “Дарёлар оқа бошлаган жойларига яна қайта оққани келадилар”, деган пурмаъно ишонч билан давом эттирамиз.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида “Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!”, деди.
Бу фикрларда жуда катта маъно ва тарихий ҳақиқатлар мужассамлигини англаш фурсати келганига кўп бўлган эди. Аммо минтақадаги ёпиқлик ва ўзаро “мусобақалашиш” кайфияти бизни узоқ йиллар иҳоталаб келди. Ниҳоят 2017 йилдан шу манзара ҳам ўзгарди. Сиёсий тутумдаги музлик эрий бошлади. Бугун нуктадон сиёсатчилар ҳам, оддий фуқаролар ҳам Марказий Осиё давлатларининг қайта бошланган дўстлик алоқаларини бевосита ва ҳақли равишда Шавкат Мирзиёев феномени билан боғлайди.
Масалан, Жанубий Хитойдаги Америка савдо палатаси президенти, доктор Харли Сейдиннинг мана бу фикрларига эътибор қаратинг.
“Бугун Марказий Осиё жадал ривожланаётган минтақалардан бирига айланмоқда. Ўзбекистон миллий манфаатларни фаол илгари сураётгани, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммоларига катта эътибор қаратгани ҳолда, уларнинг ҳал этилиши юзасидан астойдил жонкуярлик қилаётгани билан ажралиб туради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Марказий Осиёни тинч ва фаровон минтақага айлантириш бундан буён ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолади, деган сўзлари бу фикрни яққол тасдиқлайди”, деди у.
Очиқ айтиш керак, минтақамиз давлатларининг бирлашиш мақсади бутун дунёда глобал ўзгаришлар содир бўлаётган, иқлим ўзгаришлари ва геосиёсий хуружлар таҳдид солиб турган бир шароитда юзага келган табиий эҳтиёж эди. Ва, энг муҳими, бугун биз бу йўлда қатъий позициямизни белгилаб олдик.
Президент Шавкат Мирзиёев нутқида билдирилган фикрлар мазмуни жамланмаси эса мақсадларимиз аниқ ва давомли бўлишига ишонч уйғотди: “Аминманки, халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади. Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади”.
Еттинчи аспект ҳам янгиланаётган дунёнинг маънавий қиёфасини белгилаб бериши билан аҳамиятлидир. Бу — хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этишига доир.
Миллий тарихимиздан ҳам маълумки, халқимиз қадимдан аёлларга ҳурмат билан муносабда бўлган. Бизнинг заминда камолга етган хотин-қизлар фарзанд тарбиясида ҳам, рўзғор тутумларида ҳам, давлат бошқарувида ҳам ўз закосини намоён этиб келган.
Шу боис, бугун ҳам шу қадим ҳикмат давом этиб, янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Бунинг намунасини ўтган йили юртимиз олийгоҳларига қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этгани, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши биринчи марта 35 фоизга етгани, аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилингани каби қатор чора-тадбирларнинг ҳаётдаги ифодасида кўришимиз мумкин.
БМТ минбаридан туриб янграган бу ютуқларимиз “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканимизга уйғунлашиб кетди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклифини илгари сурди.
Бу, аввало, минтақамиз аёллари томирида жўш уриб турган бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.
Саккизинчи аспект – учта инқирозни ўз ичига олди. Булар: иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Орол денгизининг бугунги ҳолатига алоҳида тўхталди. Мураккаб шароитда Орол денгизи фоижасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганига урғу берилди.
Аммо биз бу глобал инқироз олдида асло томошабин эмасмиз. Нега деганда, бугун Оролнинг қуриган бағрида яшил ҳудудлар яратишга жиддий киришганмиз. Кейинги йилларда бу ҳудудда 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар эка бошладик.
Бу сафар БМТнинг кенг маконида бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши ҳам жуда муҳимлиги айтилди. Чунки Орол фақат бизнинг муаммо эмас, у минтақа давлатлари оша дунё иқлимига ўз таъсирини кўрсатаётгани шундоқ ҳам маълум.
Иқлим билан боғлиқ яна бир нечта ташвишли ҳолат бор. Минтақамизда ҳаво ҳарорати йил сайин кўтарилиб бормоқда. Оқибатда дарёлар суви камайиб, ичимлик суви таъминоти дунё халқларига жиддий хавф солаётгани ҳам сир бўлмай қолди.
Бундай шароитда нима қилиш керак? Президентимиз мана шу масалалар ечимига ҳам эътибор қаратди. “Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаймиз. Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдоримиз”, деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйилаётгани, бундай шериклик манфаатларимизга бирдек мос бўлиб, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилгани, бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш, унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокамага қўйиш таклиф этилди.
Бундан англашиладики, Самарқанд яна бир бор — бу сафар минтақамиздаги глобал иқлим таҳдидларига қарши курашда умумий мақсадларни бирлаштиради. Энг муҳими эса, мазкур форум иқлим мулоқотлари шаклланишида янги форматга ва тенг манфаатли ҳамкорликка асос солиши мақсад қилинган.
Дарвоқе, Бош Ассамблея сессияси бўлаётган кунларда “ABC News” нашри БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг иқлим ўзгаришларига оид фикрлари билан бўлишди. Жаноб Гутерришнинг инсоният иқлим ўзгаришига қарши курашда олдинга силжий олмаётгани ҳақидаги мулоҳазалари баён этилган нашр майдонида “Бу ерда бизнинг диққат-эътиборимиз иқлим муаммосини бартараф этишга қаратилган. Бу вазифани ортга суриб бўлмайди. Инсоният жаҳаннам эшигини очган. Одамлар беқарор ва хавфли дунёга яқин келиб қолган. Ҳозир қудратли давлатлар ўртасида Иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилмаган даражада кучли тарқоқлик ҳукм сурмоқда. Ҳатто, совуқ уруш даврида ҳам глобал муаммоларни ҳал қилиш ҳозиргидан кўра осонроқ эди”, деган ташвишли хулосалар айтилган.
Тўққизинчи аспект экстремизм балоси тарқалиши, ёшлар радикаллашуви ва диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига йўл қўймасликка қаратилди.
Ўзбекистон илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштиришга киришди. Яқин ўтган йилларда “Меҳр” инсонпарварлик миссиясини беш марта муваффақиятли бажарди. Бу билан 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болаларни Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтариб олиб келдик. Умуман олганда, Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида катта тажриба тўпладик.
Эндиги навбат бу борадаги инсонпарварлик амалиётларини кенг оммалаштиришдир. Шу боис, Президентимиз БМТга аъзо давлатларни халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб ҳаракат қилишга чорлади.
Шавкат Мирзиёев кўтарган навбатдаги масала ҳам дунёга жиддий хавф туғдираётгани билан оғриқли бўлиб келаётир. Бу – диний тоқатсизлик муҳити ва исломофобия ҳолатлари кўпайиб бораётгани.
Бу таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Албатта, Ўзбекистон замини қадимдан бағрикенглик ўлкаси сифатида танилиб келган. Шу маънода, донишманд аждодларимиз руҳи қўллаб турган диёримизда бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини тарғиб қилишга тўлақонли ҳақлимиз, дея оламиз.
Ўнинчи — Афғонистон ва бу мамлакатда яшаётган жафокаш халқ тақдири.
Афғон нолалар мамлакатига, унинг халқи нолалар халқига айланиб қолмоқда. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бизни шу хулосага келишга мажбур қилмоқда. Унда Афғонистоннинг қайсидир бир қишлоғидаги ғишт заводида олти-етти ёшлар атрофидаги ўнлаб ўғил-қизларнинг лой қориб, ғишт қуяётгани, уларни сотиб очликка қарши катта кураш бошлагани тасвирини кўришингиз мумкин бўлади.
Бу болалардан бирининг отаси “Ярим йилки шу заводда болаларим билан ишлаяпмиз. Фарзандларим мактаб ё мадрасага бориши учун имкон йўқ. Пулга бўлган эҳтиёж бизни бу ерда ишлашга мажбур қилди. Эллик тўрт ёшга кирдим. Лекин ҳаётимда ҳеч нарсага эришмадим. Энди, ҳеч бўлмаса, фарзандларим ўқиши ва кимдир бўлиб етишишини ҳамда бизнинг Афғонистон тараққиётига хизмат қилишини истайман”, дея ҳукуматдан ёрдам сўрайди.
Афғон тақдири билан боғлиқ бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ўзбекистон эса биродар афғон халқи тақдирига ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев дунё нигоҳини такрор бу мамлакатдаги муаммоли масалаларга қаратди.
“Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш – бу катта хато бўлади. Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деб ҳисоблаймиз. Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз”, деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиядаги нутқидан ўрин олган мана шу ўнта аспект бугун ҳар биримизни жиддий ўйлантирмоғи, дунёга, ҳаётга ва жамиятга янгича назар билан қараш, шахсий, умуммиллий, умумминтақавий муносабатларимизда аржуманд бирдамлик руҳини шакллантирмоғи шарт ва зарур.
Шундагина биз кун сайиб ўзгариб, мураккаблашиб, таҳликаларга тўлиб бораётган дунёда бардавомлигимизни, яшовчанлигимизни сақлаб қолишга қодир миллат сифатида бўй кўрсатамиз.
Мақоламизни ҳар тонг ҳикмати билан бошлаганимиз ҳам бежиз эмас. Боиси, ҳар тонгда толе бор, ҳаёт ҳақиқатлари яширин, қувватланиш ҳодисаси ҳам нурдан бошланади. Шундай экан, тинч отаётган ҳар тонгдан қувват ва илҳом олиб ҳаёт учун курашиш тақдирини танлаш, бу йўлдаги эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш шарафли бурчимизга айланишини истаймиз.
Салим ДОНИЁРОВ









