Халқ ва давлат ўртасидаги олтин кўприк

    “Халққа адолатни етказишдан қўрқманглар, ортингизда Президент бор”

    Ҳар йили 27 июнда нишонланадиган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни тақвимдаги шунчаки сана эмас, балки мамлакатимиз ҳаётида сўз эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари мустаҳкамланиб бораётганини акс эттирувчи муҳим воқеадир. Ушбу сана юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар ўзагини ташкил этувчи демократик тамойилларнинг қай даражада чуқур илдиз отганини кўрсатиб беради.

    Янги Ўзбекистоннинг пойдевори айнан очиқлик, шаффофлик ва халқ билан мулоқотга асослангани боис, ОАВга қаратилган юксак эътибор ва журналистлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар бу жараённинг ажралмас қисми, ­десак тўғри бўлади. Сабаби ОАВ вакиллари жамият ва давлат ўртасида олтин кўприк вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари журналистларга қарата “Халққа адолатни етказишдан қўрқманглар, ортингизда Президент бор”, дея баралла таъкидлаган. Бу таъкид халқ манфаатлари йўлида жонини жабборга беришга тайёр журналистлар учун туғ кабидир.

    Давлатимиз раҳбарининг сўзлари кейинги йиллардаги ислоҳотлар, журналистика соҳаси ривожи учун қилинган амалий ишлар, очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлигини кучайтирадиган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишида ўз исботини топди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг XV боби ­оммавий ахборот воситаларига бағишланди. Илгари цензурага йўл қўйилмаслиги Бош қонуннинг биргина моддасида акс этганди, холос. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 81-82-моддаларида цензурага йўл қўйилмаслиги, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш ва аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, ўтган йилларда “Оммавий аборот воситалари тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. “Реклама тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

    Бу ҳужжатлар журналистлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, эркин фаолият юритиши учун замин ҳозирламоқда. ОАВнинг чинакам “тўртинчи ҳокимият” мақомига кўтарилиши соҳанинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири ортишига хизмат қилмоқда.

    Самарали бошқарув тизими халқ билан доимий мулоқотда бўлиши, аҳолининг фикр-мулоҳазалари, эҳтиёж ва муаммоларини ҳисобга олиши шарт. Холис ва ҳаққоний ахборот тақдим этиш орқали бу мулоқот янада мустаҳкамланади, ишонч муҳити вужудга келади. Ушбу ёндашув демократик қадриятларни чуқурлаштириш, давлат идораларининг масъулиятини ошириш ва ҳар бир фуқаронинг мамлакат ҳаётидаги иштирокини таъминлашга қаратилган кенг қамровли стратегия асосидир.

    Президентимиз ўтган йили ОАВ ходимларига йўллаган табригида бугун матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бораётганини таъкидлаган эди. Мутахассислар қайд этаётганидек, бугунги глобаллашув ва ахборот асрида давлатлар ўртасидаги халқаро майдонда етакчилик учун кураш, геосиёсий, геоиқтисодий манфаатлар йўлида босим ўтказиш, мамлакатлар орасида лидерликка интилиш йўлидаги кескин рақобат ахборот майдонига кўчган. Глобал интернет тармоғида ҳар қадамда ахборот хуружлари, “оммавий маданият”нинг зарарли тушунчалари билан тўйинтирилган маълумотлар сизиб юрибди. Айни шундай вазиятда халқнинг, айниқса, ёшларнинг дунёқараши, илми ва тафаккурини оширадиган, қалбига ватанпарварлик, миллий ғурур, миллатнинг қадимий, ўзгармас қадриятларини сингдирадиган миллий контентларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори. Айниқса, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масаласи ҳаммани ўйлантираётганини давлатимиз раҳбари бот-бот такрорлайди. Албатта, бу йўлда журналистлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Янгидан янги ахборот сайтлари, телеканаллар, ижтимоий тармоқларда сифатли саҳифалар сонини ошириш зарур. Бунинг учун мамлакатимизда етарли имконият, шарт-шароит яратилган.

    Ахборот хавфсизлиги миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмидир. Ҳар қандай жамиятда тўғри ва ҳаққоний ахборотга эркинлик яратиш, дезинформация ва ёлғон маълумотларга қарши курашиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан. Айниқса, ахборот хуружи кўпайган, ташқи ахборот таъсири тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда оммавий ахборот воситалари нафақат янгиликларни ёритувчи, балки жамиятдаги муаммоларни кўтарувчи, долзарб масалаларни кун тартибига олиб чиқувчи ва кенг жамоатчиликни таҳлилга чорловчи қудратли минбарга айланиши зарур. Шу боис, Президентимизнинг бу борадаги қатъий позицияси мамлакатимизни ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўғри ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган фундаментал қадамдир. Айни қараш Ўзбекистоннинг жаҳон ахборот маконида ўз ўрнини мустаҳкамлаши, миллий манфаатларини ҳимоя қилиши ва халқаро миқёсда янада очиқ, шаффоф давлат имижини шакллантириши учун замин яратади. Ахборотнинг стратегик аҳамияти худди мудофаа тизими каби миллий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги билан изоҳланади. Жамиятни соғлом ахборот муҳити яратиш, ёш авлодни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоя қилишда ОАВнинг ўрни беқиёс. У фуқароларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва миллий ғурурни мустаҳкамлашда ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Ахборотнинг эркин ҳаракати жамиятда турли фикрлар хилма-хиллигини шакллантиришга ёрдам беради. Бу эса демократик ривожланишнинг шартларидан биридир.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш борасида катта ишлар қилинди. Илгари ёпиқ бўлган кўплаб мавзулар бугун очиқ муҳокама қилинмоқда. Бу жараён, биринчидан, давлат ва жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида шаффофликни таъминлайди. Иккинчидан, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни юзага чиқариш ва уларга ечим топиш имконини беради. Журналист ва блогерлар давлат органлари фаолиятини асосли танқид қилиш, коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий адолатсизлик ҳолатларини фош этишда тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётир. Бу эса, ўз навбатида, давлат идоралари масъулиятини ошириб, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда катта роль ўйнади. Мазкур жараён замирида давлат идоралари фаолиятидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, аҳолининг давлатга ишончини мустаҳкамлаш ва ҳақиқий халқпарвар давлат барпо этиш мақсади ётади.

    Журналистларнинг танқидий таҳлил қилиш имконияти давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва охир-оқибатда фуқаролар манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади. Танқид ва конструктив муҳокамалар йўқ жойда ривожланиш ҳам бўлмайди. Шу боис, ОАВнинг эркин ва мустақил фаолият юритиши ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти гаровидир. Бу эса жамиятда соғлом фикр алмашинуви, инновацион ғояларнинг пайдо бўлиши ва ижтимоий мулоқот ривожланишини таъминлайди. Оммавий ахборот воситалари муаммоларни ёритибгина қолмай, ҳал қилиш бўйича ечимлар таклиф қилишда ҳам фаол иштирок этмоқда.

    ОАВга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар негизида, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларини ҳал этишга интилиш ётади. Журналистлар халқнинг кўзи, қулоғи ва тилидир. Улар орқали халқнинг овози ҳокимиятга етиб боради, жамиятдаги камчиликлар ўз вақтида юзага чиқади ҳамда уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилади. Жараён икки томонлама аҳамиятга эга: бир томондан, ОАВ давлат сиёсатининг аҳолига етиб боришини таъминласа, иккинчи томондан, аҳолининг муаммолари ва таклифларини давлат идораларига етказади. Бу эса вертикал ва горизонтал алоқаларни мустаҳкамлаб, самарали бошқарув тизимини шакллантиришга ёрдам беради. Бугун қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларда очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари устувор аҳамият касб этаётгани ҳам ОАВ фаолиятини эркинлаштиришга қаратилган стратегик йўналишнинг яққол далилидир.

    Фуқаролик жамияти ривожланиши бевосита ОАВнинг мустақиллиги ва фаоллиги билан боғлиқ. ОАВ жамиятда турли фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, ижтимоий лойиҳаларни тарғиб қилади ва аҳолини фаол фуқаролик позициясини эгаллашга ундайди. Бу, ўз навбатида, ижтимоий назоратни кучайтиради ва давлат хизматчиларининг ўз вазифаcига масъулият билан ёндашишини таъминлайди.

    Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш каби жараёнларда ОАВнинг роли беқиёс. Журналистлар нафақат ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказади, балки уларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, юзага келаётган тўсиқлар ва муаммоларни кўрсатиб беради. Бу эса ислоҳотларнинг аҳоли томонидан тўғри тушунилиши ва қўллаб-қувватланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. ОАВ орқали иқтисодий ислоҳотларнинг аҳоли ҳаётига таъсири, янги иш ўринлари очилиши, инвестиция жалб қилиниши, экспорт салоҳияти ошиши, қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар, саноатнинг ривожланиши каби масалалар кенг ёритилади. Ушбу жараён жамиятда ўзгаришларга ишончни мустаҳкамлайди ва аҳолининг фаоллигини оширади. Шу билан бирга, ОАВ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик позициясини шакллантириш ва фаол фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим иштирокчидир. Чунки журналистлар ҳуқуқий билимлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ва фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти ҳақида маълумот бериш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиради.

    Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан фойдаланиши демократик жамиятнинг муҳим белгисидир. ОАВ бу борада маърифатпарварлик вазифасини ҳам бажаради. Жамиятда ҳуқуқий онгни шакллантиради ва қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Соғлиқни сақлаш, таълим каби ижтимоий соҳалардаги янгиликлар, жумладан, янги шифохоналар, мактаблар қурилиши, ўқув методикасидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам ОАВ кенг жамоатчиликни хабардор қилиб, одамларнинг ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлайди.

    Сўнгги йилларда ахборот маконида, хусусан, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда фаоллик сезиларли даражада ошди. Бу бир томондан, ахборотга тезкорлик билан эришиш имкониятини яратган бўлса, иккинчи томондан, ахборот гигиенаси ва медиасаводхонлик масалаларининг долзарблигини янада оширди. Турли манбалардан келаётган ахборот оқими туфайли ёлғон хабарлар ва дезинформациядан ҳимояланиш учун жамоатчиликда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш зарур. Ишончли манбалар орқали тарқатилаётган расмий ахборотлар, таҳлилий мақолалар ва экспертлар фикрлари жамоатчиликнинг тўғри хулоса чиқариши муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса ҳар бир фуқарога ахборотни таҳлил қилиш, ҳақиқатни ёлғондан ажрата олиш кўникмаларини шакллантириш муҳимлигини кўрсатмоқда. Медиадаги ахборот орасидан ўзига керакли ва ишончли манбаларни топа олиш қобилияти замонавий жамият аъзосининг муҳим хусусиятларидан. Медиадан фойдаланиш маданиятини ошириш ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш — жамиятнинг ахборот асрида ўзини ишончли ҳис қилиши учун муҳим омил. Бу борада таълим тизимида ҳам тегишли дастурлар жорий этилиши, ёшларга интернетдан самарали ва хавфсиз фойдаланиш кўникмалари ўргатилиши лозим. Шунингдек, ОАВнинг ўзи ҳам ахборотнинг ишончлилигини таъминлашга катта масъулият билан ёндашиши, шубҳали маълумотларни тарқатишдан тийилиши шарт.

    Мамлакатимизда сўз эркинлигига оид имкониятлар оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига янада катта масъулият юклайди. Бу масъулият, биринчи навбатда, халқ манфаати йўлида холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш, жамиятда тўғри мулоқот маданиятини шакллантириш, турли фикр ва қарашларни ҳурмат қилиш, энг муҳими, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишдан иборат. Ахборот майдонидаги глобаллашув шароитида ОАВ ходимлари зиммасига тушадиган жавобгарлик янада ортади. Журналистлар нафақат маҳаллий, балки глобал ахборот оқимини ҳам таҳлил қилиб, миллий манфаатларимизга мос келадиган хулосаларни шакллантириши лозим. Шу боис, уларнинг профессионал маҳоратини ошириш, ахборотни чуқур таҳлил қилиш, воқеа-ҳодисаларни ҳар томонлама ёритиш қобилиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ўтган йили ОАВ ходимларига йўллаган табригида кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади, дея таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

    Дарҳақиқат, халқаро тажриба алмашиш, хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилиш ва илғор технологиялардан фойдаланиш журналистларнинг фаолиятини янада кенгайтиради. Ўқув курслари, семинарлар ва бошқа тажриба алмашиш дастурлари журналистларнинг билим ва кўникмаларини оширишга, янги журналистик жанрлар ва йўналишларни ўзлаштиришга ёрдам беради. Жумладан, маълумотларга асосланган журналистика (data journalism) каби йўналишларни ривожлантириш жамиятдаги муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларга тизимли ечим топиш имконини беради. ОАВ ходимлари орасида ахлоқий нормаларга риоя қилиш, ахборотни текшириб тарқатиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини ҳурмат қилиш каби тамойилларга қатъий амал қилиш муҳим.

    ОАВ ходимларининг эркин фаолият юритиши учун барча шароит яратилиши, ҳақ-ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилиниши давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қатъий сиёсати туфайли журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилишга уринишлар кескин тақиқланмоқда. Бу эса сўз эркинлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Юртимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлаш шунчаки расмий тадбир эмас, балки сўз эркинлиги тамойилларига содиқлик, очиқлик ва ошкоралик сари қўйилган дадил қадамлар эътирофидир. Бу ОАВнинг чинакам “тўртинчи ҳокимият” сифатида эътироф этилиши, журналистларга катта ишонч билдирилиши ва мамлакатни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишда уларнинг ўрнини беқиёс эканининг ёрқин ифодасидир. Ўзбекистон демократик ривожланиш йўлида ОАВни асосий таянчларидан бири сифатида кўради ва у орқали жамиятни янада демократлаштириш, ҳар бир фуқаронинг эркин фикр билдириш ва ахборот олиш ҳуқуқини тўлақонли таъминлашга интилади. Бу эса мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўзини ўзгаришларнинг бир қисми сифатида ҳис этиши, давлатнинг фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиши ва жамиятдаги муаммоларга биргаликда ечим топишга интилишини англатади.

    Келгусида ҳам ОАВнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб, демократик ўзгаришларнинг илғор драйверига айланишига шубҳа йўқ. Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, аҳолининг фаровонлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрўсини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ҳиссаси беқиёс бўлиб қолаверади. Журналистларнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир чиқиши жамиятда ижобий ўзгаришларга туртки бўлиши, одамларни эзгу мақсадлар сари бирлаштириши ва мамлакатимизнинг ёрқин келажагини қуришга хизмат қилиши лозим. Бу йўлда давлат томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилиб, ОАВнинг мустақиллиги ва эркинлиги қонуний ҳимоя қилиниши давом эттирилиши айни муддао.

    Зеро, фақат эркин ва мустақил матбуотгина чинакам демократик жамиятнинг кўзгуси бўла олади, унинг нафас олишига имкон беради ва жамиятнинг соғлом ривожланишига замин яратади.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates