Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Тадбирда журналистика соҳасига қўшган беқиёс ҳиссаси, таълим-тарбия жараёнидаги фаол иштироки ҳамда халқаро муносабатларни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун бир гуруҳ таниқли журналистлар, масъуллар ва университет ҳамкорлари ЎзЖОКУ “Фахрий профессори” ва “Фахрий доценти” унвонлари билан тақдирланди.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти Бош муҳаррири Салим Дониёровга ҳам “Фахрий профессор” унвони берилди.
Таъкидлаш жоизки, Салим Мусурмонович медиа соҳасида журналистик назарияни амалиёт билан уйғунлаштириб ривожлантираётган устоз-журналист сифатида эътироф этилади.
Таҳририят жамоаси Салим Дониёровни ушбу унвон билан самимий қутлайди ва келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар ва янги зафарлар тилайди.








