Жумладан, дастлаб “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Италиянинг Осиё ва Африка учун Ўртаер денгизи институти (ISMAA) президенти Маурицио Барнаба ва Бош котиби Винченцо Валенти билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор мамлакатимизда амалга оширилаётган кўп қиррали ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва технологик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ISMAA ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга қаратилди.
Мулоқот аввалида Марказ раҳбари Элдор Туляков хорижлик кузатувчиларни мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, сўз эркинлиги, очиқлик сиёсатини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар, шунингдек, ушбу жараёнда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилаётган жамоатчилик назоратининг ўрни ва аҳамияти билан яқиндан таништириб ўтди.
Учрашув давомида италиялик экспертлар Италия ва Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун муҳим дипломатик, савдо-иқтисодий ва логистика салоҳиятига эга эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Мулоқот давомида Марказ ва ISMAA ўртасида турли соҳаларда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг “Tillotama Foundation” фонди бош операцион директори Камакши Уосон ва фонд раиси Соҳан Дас ҳамда Италиянинг “Vision & Global Trends” таҳлилий маркази директори Тиберио Грацианилар билан икки томонлама мулоқотлар ўтказилиб, унда мамлакатларимиз ўтрасидаги фаол ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу берилди.
Хусусан, ҳиндистонлик ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш шароитида туризм муҳим тармоқлардан бири ҳисобланиб, Ўзбекистон бу соҳада катта салоҳиятга эга экани таъкидланди. Томонлар икки давлат ўртасидаги сайёҳлар оқимини янада ошириш бўйича таклифлари билан ўртоқлашишди.
Ўз навбатида, Италиянинг “Vision & Global Trends” таҳлилий маркази директори Тиберио Грациани ўзаро маданият ва туризмни ривожлантиришга қаратилган учрашувлар ташкил қилиш ва уларда Италиянинг кенг жамоатчилиги учун тақдимотлар ўтказиш мақсадга мувофиқлигини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, суҳбат давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда сайлов қонунчилиги билан боғлик янгиликлар борасида ҳам атрофлича фикр алмашилди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
aхборот хизмати