Йиғилишда Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти, «Oliver Wyman» компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори Джеффри Уитни, «Қозоғистон темир йўли» АЖ 2016-2018 йилларда президент-раиси бўлиб фаолият юритган Канат Алписбоев, шунингдек, «Oliver Wyman» экспертлари Адриен Бейли ва Жорис Динка, темир йўл транспорти бўйича фахрий ҳамкорлари Род Кейс ва Хю Рендалл иштирок этди.
«Oliver Wyman» компанияси SNCF (Франция), Swiss Federal Railways (Швейцария), Canadian National Railway Company (Канада) каби етакчи темир йўл компанияларининг трансформация жараёнида қатнашган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-329-сон қарорида темир йўл транспортини комплекс трансформация қилиш назарда тутилган бўлиб, унда активларни таркибий ўзгартириш, рақобатни шакллантириш ва хусусий секторни жалб этиш, соҳани рақамлаштириш, шунингдек, саноат корхоналарининг молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш каби масалалар белгиланган.
Учрашувда Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, компания вакиллари республика темир йўл тармоғини такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида атрофлича сўз юритди.
Йиғилишда операцион моделни қайта кўриб чиқиш, активларни қайта қуриш, узоқ муддатли бизнес-режани тайёрлаш ва лойиҳа бошқаруви идорасини яратиш каби вазифалар белгилаб олинди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун компания 3-4 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»ни қабул қилишни таклиф қилди.
Худди шу тарздаги Германиянинг «DB Engineering & Consulting» компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда «DB Engineering & Consulting» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Иннокентий Беляков-Загуменнов компания салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар бериб, «DB Engineering & Consulting» компаниясининг Миср, Канада ва Ҳиндистонда йирик темир йўл транспорти лойиҳаларини амалга оширишда халқаро тажрибаларни амалда қўллаш ҳақида таклифлар берди.
Хусусан, компания Мисрда узунлиги 2 минг километр бўлган дунёдаги олтинчи йирик тезюрар тармоқ бўлган энг йирик темир йўл лойиҳасини бошқаради. Биринчи линия 2025 йилда ишга туширилиши кутиляпти.
Канадада компанияси Британия Колумбияси провинциясининг темир йўл инфратузилмасини бошқаради, у билан 25 йиллик шартнома тузилган.
Учрашув давомида Ҳиндистон ҳукумати билан темир йўллардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича 12 йиллик шартнома имзоланди ва махсус операцион компания ташкил этилди.
Бундан ташқари, «DB Engineering & Consulting» компанияси консалтинг билан бир қаторда Ўзбекистонда темир йўл лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқаришга ҳам тайёр эканлиги ҳақида сўз юритди.
Шу муносабат билан «DB Engineering & Consulting» компанияси вакиллари мақсадли ташкилий моделни яратиш, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти иш жараёнларини такомиллаштириш, хусусий инвестиция жалб этган ҳолда темир йўл вокзалларини ривожлантириш каби йўналишларда иштирок этишни таклиф қилди.
Шу билан бирга, компания «Тошкент-Самарқанд» йўналишида алоҳида ажратилган линия орқали юқори тезликда ҳаракатланиш қурилишида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ушбу йўналишдаги мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Стратегик ислоҳотлар агентлиги матбуот хизмати.