Учрашув давомида иштирокчилар томонидан сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария, транспорт, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш каби муҳим йўналишларни қамраб олган учта ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария бўйича ишчи гуруҳ сув ресурсларини комплекс бошқариш тамойилларини жорий этиш натижаларини намойиш этди ҳамда мамлакат аҳолисини тоза ва сифатли ичимлик суви ҳамда санитария хизматлари билан таъминлашга қаратилган истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди.
Транспорт бўйича ишчи гуруҳ мамлакат бўйлаб йўловчиларга хавфсиз ва сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш борасида эришилган натижаларни кўрсатиб ўтди. Асосий эътибор самарали ва экологик тоза транспорт турларига ўтишга қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлардан транспорт соҳаси мутахассислари халқаро стандартларга жавоб берадиган инфратузилмани яратишга йўналтирилган сармоялар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Сўнг, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ амалга оширилган сўнгги ислоҳотлардан баъзиларининг тақдимотини ўтказди. Жумладан, янги “Шаҳарсозлик кодекси”нинг қабул қилиниши ва шаҳар ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларини режалаштиришга оид ишлаб чиқилган қатор ҳужжатлар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мамлакат платформасининг раиси сифатида тадбирни олиб борди. Мамлакат платформаси барча асосий манфаатдор томонларни бирлаштирган ҳолда “Стратегия–2030” мақсадларига эришиш учун техник ва молиявий ёрдамларни самарали тақсимлашга ёрдам бериб келяпти.
Европа Иттифоқи (ЕИ) 2025 йилнинг охирига қадар Мамлакат платформасига котиблик қиладиган етакчи халқаро ҳамкор ҳисобланади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Жаноби Тойво Клаар Ҳукумат ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар ўртасида фикр алмашинувининг фаоллашуви кутилган натижаларга ўз вақтида эришишни таъминлашини таъкидлади.
Тадбир сўнгида Мамлакат платформаси иштирокчилари “Стратегия–2030” устувор йўналишларини қўллаб-қувватловчи қишлоқ хўжалиги, энергетик хавфсизлик ва қонун устуворлиги каби соҳалар бўйича 13 та тармоқ ишчи гуруҳи доирасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Стратегик ислоҳотлар агентлиги матбуот хизмати.