Халқаро тажриба ва амалиёт уйғунлиги

    Андижон давлат тиббиёт институтида истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.

    Андижон давлат тиббиёт институтида истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Энди хорижлик етук мутахассислар ўқув жараёнларига жалб қилиниб, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг академик мобиллик дастурлари доирасида хорижга малака ошириш ҳамда янги билимларни ўзлаштиришга юборяпмиз.

    Ҳозирга қадар 60 дан ортиқ хорижий тиббиёт университет ва институти (Италия, АҚШ, Ҳиндистон, Португалия, Россия, Словакия, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Германия, Беларусь, Полша, Туркия, Малайзия, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон) билан фан ва таълим йўналишларида алоқалар ўрнатилди. Бу узвийлик йилдан йилга ортиб бормоқда.

    Жорий йилнинг дастлабки уч ойида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида янада муҳим қадамлар ташланди. 22-23 январь кунлари Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Таълим вазирлиги томонидан Пекин шаҳрида ўтказилган ўзбек-хитой таълим форуми икки мамлакат олий таълим муассасалари билан алоқаларни янги босқичга кўтарди.

    Хитойнинг Ухан университети билан меморандум имзоланди. Унда иммунология ва эпидемиология соҳаларида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган. Форумнинг «Тиббиёт ва фармацевтика» қисмида «Тиббий таълимни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликнинг роли» мавзусидаги маъруза билан иштирок этдик. Шунингдек, Тианжин Хитой халқ табобати университети билан Хитой тажрибаси асосида халқ табобати йўналишини ривожлантириш, доривор ўсимликларни ўрганиш, табобатга татбиқ этиш соҳаларида иш олиб борилади.

    Амалий учрашувлар давомида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида кўплаб қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Эндиликда 300 дан ортиқ талаба Хитойдаги нуфузли университетларда таҳсил олиш имкониятига эга бўлди. Шу билан бирга, ўзбекистонлик 100 дан ортиқ талаба учун грант дастурлари ташкил этишга доир келишувларга эришилди. Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди. Бу олий таълим муассасалари билан институционал платформа яратиш, Хитой-Марказий Осиё таълим ҳамкорлиги моделини шакллантириш, академик алмашинув дастурларини янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини беради.

    Жорий йилнинг март ойида Германиянинг Росток университети урология клиникаси директори, профессор Оливер Ҳакенберг институтимизда маҳорат дарслари, маъруза, амалий машғулотлар ўтди. Германиялик мутахассислар профессор-ўқитувчиларимиз билан биргаликда мураккаб жарроҳлик амалиётларида иштирок этди.

    Фақат бугина эмас. 2023 йилнинг 29-30 ноябрь кунлари Минск шаҳрида ўтказилган «Беларусь -Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва тиббиёт таълими» форумида икки мамлакат ўртасида тиббиётнинг қатор соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тиббий таълим ва илмий соҳаларда янги лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган эди. Беларусьнинг Гомел давлат тиббиёт университети вакиллари институтимизда бўлишди. Учрашувда малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган «1+1» қўшма таълим дастури асосида клиник ординатуранинг офтальмология йўналишини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

    Янги ўқув йилидан клиник ординатуранинг офтальмология йўналишига қабул қилинганлар ўқишнинг 1-босқичини Андижон давлат тиббиёт институтида, 2-босқичини эса Гомел давлат тиббиёт университетида ўқийди. Икки олий таълим муассасаси ўртасида талабалар алмашинуви ва тор соҳа мутахассисларининг малака оширишини йўлга қўйиш масалалари бўйича ҳам келишувга эришилди.

    Янгиланиш, яшариш фасли халқаро ҳамкорлар билан учрашувларга бой бўляпти, десам муболаға эмас. Швейцариянинг «Light for sight» жамғармаси асосчиси, Тошкентдаги MESCA Foundation-National Eye Institute директори Никки Ҳафезининг ташрифи давомида мазкур институт ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унда томонлар ўртасида билим ва малака алмашиш учун мана шу соҳада фаолият юритаётган шифокор ва талабалар ўзаро тажриба алмашиши, илмий тадқиқотлар ва изланишларни ҳамкорликда олиб бориши ҳамда жаҳон миқёсида татбиқ этиши масалалари ўрин олган.

    Россиянинг И.И. Мечников номидаги Санкт-Петербург давлат тиббиёт академияси билан мутахассислар ва талабалар алмашинувини ривожлантириш масалаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида тиббий профилактика йўналишида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

    Ўш давлат университети тиббиёт факультетининг 10 нафар талабаси институтимиздаги 4 ҳафталик машғулотларга жалб этилади.

    Госпиталь педиатрия кафедраси мудири М.Ғаниева АҚШнинг Чикаго шаҳрида жойлашган Росалин Франклин тиббиёт ва фан университетида (Rosalin Franklin University of Medicine and Science) «Болалардаги юқумли касалликлар ва болалар иммунологияси» йўналишларида малака ошириш дастурларида иштирок этиб қайтди.

    Кўлами кенг лойиҳалар профессор-ўқитувчилар ва талабалар хориждаги нуфузли тиббиёт олийгоҳларида билим ва малака ошириши учун янгидан янги имкониятлар яратмоқда. Асосий мақсад юксак салоҳиятли, билим ва тафаккурга эга мутахассислар тайёрлаш орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада ривожлантиришдир. Бу йўлда ишлаш ва изланишлар учун эса барча шарт-шароитлар бор.

    Мадамин МАДАЗИМОВ,

    тиббиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates