“Халқчил IPO” қандай манфаат келтиради?

    Комбинат бугун мис қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик 30 та корхона қаторида жой олган бўлиб, 17 турдан ортиқ  маҳсулотларини  20 дан ортиқ давлатларга экспорт қилади.

    Жаҳон металлургия саноати ҳақида гап борганда, одатда АҚШ ва Канаданинг Буюк кўллари атрофи, Хитойнинг Шимоли-Шарқ, Германиянинг Рур, Россиянинг Урали, юртимизнинг Қизилқум саҳроси кенгликларидаги машҳур олтин конларимиз ва албатта улкан ишлаб чиқариш қувватларига эга Олмалиқ кон металлургия комбинати ҳам кўз ўнгимизда гавдаланади. Комбинат бугун мис қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик 30 та корхона қаторида жой олган бўлиб, 17 турдан ортиқ маҳсулотларини 20 дан ортиқ давлатларга экспорт қилади.

    Бу рақамларнинг ўзи унинг фаолият кўлами ва ишлаб чиқариш салмоғидан далолат беради. Бугун комбинат очиқ ва ерости конлари, бойитиш фабрикалари, металлургия ҳамда цемент заводлари, кенг қамровли инфратузилма объектларини бирлаштирган улкан саноат мажмуаси ҳисобланади. Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур корхона ҳиссасига тўғри келади. Комбинат томонидан солиқ тўловлари давлатимиз бюджетининг қарийб 10 фоизини ташкил этиб, солиқ тўловчи корхоналар рўйхатида 2-ўринни эгаллайди.

    Ҳозирги вақтда комбинат Тошкент, Жиззах, Наманган, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидаги конларида қимматбаҳо ва рангли металларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашни энг илғор технологиялар асосида амалга ошириб, харидоргир маҳсулотлар ҳажмини йилдан йилга оширмоқда, уларнинг 70 фоиздан ортиғи экспорт қилинмоқда.

    8 миллиард доллорлик имконият

    Илм-фан ва янги технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилгани натижасида янги конлар ўзлаштирилиб, ишлаб чиқариш ҳажми йилдан –йилга ошиб бормоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича дастлабки ҳисоб китобларга кўра қиймати 15,0 миллиард долларлик мегалойиҳа изчил амалга ошириб борилаётгани фикримизга далилдир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги қарори билан комбинат фаолиятининг янги тараққиёт даври бошлаб берилди. Бу қарор билан янги металлургия комплекси ва 3-, кейинчалик 4- ва 5- Мис бойитиш фабрикаларини барпо этиш орқали мис ва олтин ишлаб чиқариш ҳажмини 3 бараварга ошириш белгиланди.

    Мазкур лойиҳалар уч босқичда амалга оширилмоқда:

    – биринчи босқичда 2021-2025 йилларда 290 минг тонна мис, 25 тонна олтин ва 176 тонна кумуш;

    – икинчи босқичда 2024-2028 йилларда, 400 минг тонна мис, 35 тонна олтин ва 220 тонна кумуш;

    – учинчи босқичда 2026-2030 йилларда 500 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 340 тонна кумуш ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

    Халқаро экспертларнинг фикрича, 2030 йилга бориб электромобиллар ишлаб чиқариш, электротехника ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожланиши ҳисобига жаҳонда мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда.

    Мамлакатимизнинг мис саноатидан олган даромади айни пайтда 2,5 миллиард долларни ташкил этади. Мис ишлаб чиқаришни 400-500 минг тоннагача ошириш билан бу кўрсаткич турдош тармоқларни ҳисобга олган ҳолда, 7-8 миллиард долларга етиши назарда тутилмоқда.

    “Ёшлик-1” конининг ҳудуди 11 минг гектардан кўпроқ майдонни эгаллаган бўлиб, олтин захираси 5374 тоннани, Мис - 45,3 млн тоннани ташкил этиши билан бирга кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.

    2017 йилда 35 миллион куб метр устки қатламларни очиш ишлари бажарилган эди, 415 миллион долларга 600 га яқин замонавий кон техникалари харид қилингач, самарадорлик ўн каррадан ошди. Эндиликда йилига 40 миллион куб метрдан кўпроқ устки қатламларни очиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Ўтган вақт мобайнида инвестиция лойиҳаси доирасида 143 миллион куб метр кон юзасини очиш ишлари бажарилиб, жами 1,3 миллиард доллар, шу жумладан, жорий йил январь-март ойларида 108 миллион доллар ўзлаштирилди. 32,1 километр узунликдаги янги темир йўл қурилди. Тоғ жинсларини узлуксиз оқимда ташиш жараёнли технологияни қуриш учун 5,6 миллион, маъданни 3-мис бойитиш фабрикасига рудаларни ташувчи технологик майдончасини тайёрлаш бўйича 2,5 миллион куб метрдан зиёд ер ишлари бажарилди.

    Мегалойиҳанинг иккинчи навбатида Мис эритиш заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Янги Мис бойитиш фабрикасидан олинадиган мис концентратини қайта ишлаш учун умумий қуввати 500 минг тонна мис чиқаришга мўлжалланган янги металлургия комплекси бунёд этилади. Бугунги кунда янги металлургия мажмуасини қурилиши бўйича дастлабки қадамлар қўйилди.

    Кейинги босқичда 2027 йилга қадар карьер янада кенгайтирилади, йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишловчи янги 4-мис бойитиш фабрикаси қурилади.

    Келажакда бойитиш фабрикаларида 220 млн тонна маъдан қайта ишланиши инобатга олиниб, барпо этилган қувватларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида маҳаллий технологик ускуналар, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган янги машинасозлик заводи қурилади.

    Лойиҳа доирасида, шунингдек, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилмоқда.

    3-мисни бойитиш фабрикаси комбинатнинг нафақат ишлаб чиқариш қувватларини нафақат бир неча баробарга оширади, балки Мис саноати кластерини, кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда автомобилсозлик тармоқларини ривожланишига хизмат қилади.

    Мисол учун фабрика ишга тушганда зарур бўладиган 24 турдаги кимёвий реагентлар ва бошқа материалларни ишлаб чиқариш хажмини янада оширишга туртки бўлади.

    Шунингдек, мис кабель симлари, мис кукуни, мис фольгаси каби юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали мисни қайта ишлаш ҳажми республикамизда 50 фоиздан 80 фоизгача етказилади.

    Қурилаётган йирик объектлар базасида келажакда саноат ва илм-фан интеграцияси натижасида комбинатдаги ёш олимлар, фан докторлари сафи кенгаяди ва энг муҳими, ёш кончи-металлург мутахассислардан иборат етук кадрлар захираси шаклланади.

    Ҳақиқатан, белгиланган ишлар кўлами ва унинг ишлаб чиқариш қувватлари улкан. Яна бир инвестиция лойиҳамиз бўлган Қизилолма кони базасида “Самарчук” ер ости кони қурилиши имкониятлари ҳам чакки эмас. 71,5 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши туфайли таркиби олтинга бой 100 минг тонна маъдан қазиб олинади. Ҳозирги кунда шахтада кончилик ишлари ниҳоясига етказилиб, маъдан қазиб олиш ишлари бошланди.

    ­ Асосий ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларга эътибор қараталиган бўлсак, Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш ва Рух заводлари қувватларини модернизация қилиш ва янгилаш кўзда тутилган. 357,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши туфайли корхоналарнинг наинки жорий ишлаб чиқиш қувватлари янгиланди, балки атроф-муҳитга чиқарилаётган чиқинди газлар миқдори сезиларли даражада камайишига эришилди.

    Амалий натижалар ва янги мақсадлар

    Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар эвазига комбинатда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари йилдан-йилга ортиғи билан бажариб келинмоқда. Хусусан, 2022 йилда товар маҳсулотлари 30,5 триллион сўмни ёки бизнес-режага нисбатан 108,2 фоизга уддаланди. 2019 йилга нисабатан ўсиш суръати 170,2 фоизни ташкил этди. Соф фойда 6,7 триллион сўмга (прогнозга нисбатан 114,6 фоиз) тенг бўлди. 2019 йилга нисабатан оладиган бўлсак, 2,8 барабарга кўтарилди.

    Бюджетга тўловлар 2019 йилда 7 135 миллиард сўм атрофида бўлса, 2022 йилда 18 449,1 миллиард сўмга, яъни 2,6 баробарга кўпайтирилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш рентабеллиги 21,8 фоизга етказилди.

    Маҳсулот тан-нархини пасайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилиши ҳисобига харажатлар 418 миллиард сўм ёки 3,8 фоизга иқтисод қилинишига эришилди.

    Экспорт салоҳиятига келганда ҳам шундай ижобий рақамларни келтириш мумкин. Ўтган йили комбинат томонидан 947,5 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, башорат кўрсаткичлари 110,8 фоизга бажарилди. Жумладан 75,2 минг тонна мис , 58,7 минг тонна рух маҳсулотлари экспорт қилинди. Селен, теллур, мис купороси, сульфат кислотаси, кадмий, палладий кукуни, молибден, қўрғошин концентрати каби маҳсулотлар бўйича ҳам экспорт башорат кўрсаткичлари бажарилди. Маҳсулотлар экспорти географияси Испания, Австрия, Германия, Финляндия, Канада, Жанубий Африка Республикаси, Сенегал давлатлари каби янги бозорлар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Ушбу янги бозорларга умумий қиймати 14,3 миллион долларлик маҳсулотлар етказиб берилди.

    Ўтган йил охирида мис концентратларидан иборат биринчи юк поезди Болгариянинг Бургас шаҳрига юборилганлиги бу республикамиз учун очилган янги транспорт йўлаги эканлиги билан аҳамиятли бўлиб, унга 46 та вагон ва 91 дона 20 футлик контейнер юкланди. Поезд манзилга етгунча Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Болгария йўналиши бўйлаб 4 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. Мазкур йўдак автомобиль йўлига (5 минг киломнтр) нисбатан қарийб 1 минг километрга қисқароқ бўлиб, бу ишлар Туркманистон транспорт логистика маркази (Туркманистон), ADY Container (Озарбайжон) ва GR Logistics and Terminals (Грузия) каби хорижий ҳамкорлар билан биргаликда йўлга қўйилди.

    Комбинатимиз томонидан 2023 йилга белгиланган барча устувор вазифаларнинг бажарилиши ҳам таъминланмоқда. Жумладан, жорий йил биринчи чорагида 6,8 триллион сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Режага нисбатан 100,1 фоизга бажарилди. Бюджетга 2,6 трлн сўм тўловлар амалга оширилди (башоратга нисбатан 144,8 фоиз). Соф фойда 1,4 трлн сўмни ташкил этди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августда қабул қилинган қарорига биноан, "Олмалиқ КМК" АЖ Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмасининг 2022-2026 йилларда ривожлантириш дастури ижроси юзасидан бажарилаётган ишларга ҳам эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган қисқа вақтда молибден тайёрлаш ҳажми 800 тоннадан 1200 тоннага етказилганлигини қайд этиш лозим бўлади. Буниг натижасида 17,2 миллион доллар қийматда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилиб, соф фойда 5 миллион долларни ташкил этган.

    Нодир металлардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган 5 та лойиҳа ишга туширилиши эвазига 11,1 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот олинди. Шунингдек, мис асосида рангли металларни чуқур қайта ишлаш ҳамда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича “Deutsche Innovatsion Texnologiyalar-AGMK” қўшма корхонасиниг фаолияти Германиялик ҳамкорлар билан йўлга қўйилди. Улар томонидан умумий қиймати 32 миллион доллар бўлган 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда қиймати 3 миллион долларлик дастлабки лойиҳа ишга туширилди ва 25 та янги иш ўрни яратилди.

    Қарор доирасида жорий йил якунига қадар умумий қиймати
    26,0 миллион доллар бўлган яна 9 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган, Уларнинг узвий давоми сифатида илмий ишланмалар асосида янги турдаги маҳсулотлар ва технологияларни жорий этиш бўйича умумий қиймати 90,5 млн доллар бўлган 15 та лойиҳани жорий этиш устида ҳам иш кетмоқда.

    Уларнинг 4 таси юзасидан (емирилишга бардошли қопламалар асосида қаттиқ қотишмалар, кобальт оксиди, юқори тозаликдаги индий ва молибден) ишлаб чиқариш технологиялари ўзлаштирилди.

    “Халқчил IPO” йўлидаги дастлабки қадамлар

    Президентимиз жорий йилнинг 24 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш ишларининг ижроси ва бу борада жорий йилги режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши “халқчил IPO” орқали сотилиши юзасидан топшириқлар берди. Шу куни имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида илк бор “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2 фоиз акциялари ҳам аҳолига таклиф этиладиган бўлинди. Бунда аҳолига акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилиб, беш йил давомида соф фойданинг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилади.

    Маълумки, IPO (Initial Public Offering) — бу компаниялар томонидан ўз акцияларини оммага таклиф қилиш жараёни ҳисобланади. Унинг ўзига хос томони шундаки. компания қимматли қоғозлари чет эллик инвесторларга эмас, биринчи навбатда, юртдошларимиз учун савдога қўйилади. Уни сотиб олган кишилар компаниянинг ривожланиши ва ўсишидан фойда олиш имкониятини эга бўлади. Бу йиллик тўловлар дивидендлар ва акциялар нархининг ошиши орқали амалга ошади.

    Қимматли қоғозлар эгаси бўлган ҳар бир киши уларнинг миқдори қанча бўлишидан қатъи назар, акциядорлар мажлисида овоз бериш йўли билан бизнесни бошқаришда иштирок этади.

    Юқорида комбинатимизда халқаро мезонлар асосида трансформация қилиш, замонавий корпоратив бошқарувни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳам “халқчил IPO”ни йўлга қўйишда жуда асқотади.

    Президентимизнинг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида комбинатнинг 4 та корхонаси акцияларнинг 50-51 фоиз улуши оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотилади.

    Шунингдек, “Олмалиқ КМК” АЖ устав капиталидаги 2 фоиз давлат улуши “битта акция – битта лот” тамойили асосида маҳаллий фонд бозорида 12,3 миллион дона акциялари сотувга чиқарилади. Бу ҳақли равишда халқ IPOси бўлиб хизмат қилади

    Албатта, жамиятга тегишли акциялар инвестиция воситачилари, баҳоловчи ташкилотлар ва сотиб олувчи талабгорларнинг таклифлари асосида бошланғич нарх шакллантирилади ва электрон савдо платформасига сотиш учун жойлаштирилади.

    “Олмалиқ КМК” АЖнинг акцияларини сотиб олиш бу фойдали мулк эгасига айланиш демакдир. Акциядор нафақат жозибадор дивидендлар олиш, балки ўз улушига эгалик қилиш, жамиятни бошқаришда иштирок этиш имкониятини қўлга киритади. Қолаверса, фонд биржасида акцияларнинг нархи ошганда ўз акциясини сотиб, фойда кўришлари мумкин.

    Бу борада бизда муайян тажриба орттирилган. Комбинат томонидан 2017 йилда оддий акциялар учун умумий тўланган дивиденд миқдори 110 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, битта акция учун 1233,8 сўм тўланган. 2022 йилда умумий тўланган дивиденд миқдори 6673 миллиард сўмга тенг бўлди ва ҳар битта акция учун 7085,1 сўм тўланди.

    Президентимизнинг ушбу қарори аҳолининг халқчил IPO ўтказиш орқали молиявий саводҳонлигини оширибгина қолмай, балки стратегик аҳамиятга эга йирик корхоналарнинг ривожланишида бевосита қатнашиш имкониятини яратади.

    Абдулла Хурсанов,

    “Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates