Халқимиз нега картошкани "иккинчи нон" дейди?

    Бугунги кунда юртимизда 253 минг гектарда картошка экилаётган бўлса, ўртача ҳосилдорлик 163 центнерни ташкил этмоқда. Шундай бир кезда.  АҚШда 490, Нидерландия, Бельгия, Германия, Францияда 430 — 440, Эронда 300, Покистонда 250, Россияда 200 центнердан ҳосил олинади. Нега?

    Кейинги даврда мамлакатимизда кўп йиллик тадқиқотларнинг маҳсули сифатида картошканинг янги 11 та маҳаллий нави ихтиро қилинган. Шу йил бошида улар сони яна биттага кўпайди ва селекционер олимларимиз унга «Тошкент эртагиси» деган номни беришди. Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк депараменти томонидан патентлаштирилган ушбу нав мавжудларидан бир қатор устунлик жиҳатлари билан ажралиб туради. Жумладан, у ультра эртапишар, турдошларига қараганда 10-12 кун вақтли етилади,

    — «Тошкент эртагиси» нинг вегетация даври, яъни униб чиқишидан то палак қуригунча муддати 65-70 кундан иборат, — дейди ихтиро муаллифларидан бири — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низомов, — У юқори унумдор тупроққа талабчан, вирусли касалликларга бардошли эканлиги билан ҳам ажралиб туради, гектар бошига 268-275 центнердан ҳосил олиниши кутиляпти. Яъни, мавжуд эртапишар маҳаллий навлардан 50-60 центр юқори ҳосил беради.

    Ўтган йили Самарқанддаги илмий тажриба станцияси олимлари томонидан ихтиро қилинган ва фермер хўжаликларида синовдан ўтказилаётган «Боғизоғон» нави хусусида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. Шунингдек, институтимизнинг Биотехнология лабораториясида 10 дан зиёд маҳаллий картошка навлари микротуганаклари ин-витро усулида етиштирилмоқда. Умуман олганда, республикамиз ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реэстрига картошканинг 150 дан ортиқ нави киритилган, шундан 20 таси маҳаллий илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган.

    Агар юртимизда 1990 йилда умумий картошка ҳосили 300 минг тонна бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 3,4 миллион тоннадан оши. Дунёнинг 150 дан ортиқ давлатида ушбу маҳсулот етиштирилади ва улар орасида ялпи ҳосил салмоғи бўйича Ўзбекистон 23 ўринда туради.

    Мамлакатимизда аҳоли сони ўсиб боряпти. Бу картошкага бўлган талабни ҳам оширяпти. Бундан етти йил аввал бу маҳсулотга эҳтиёж 3,4 тонна эди, айни кунда 3,9 миллион тоннани ташкил қилади. Шунинг 80 фоиздан зиёди юртимизда етиштирилиб, қолган қисми импорт ҳисобидан тўлдирилмоқда. Яъни, 2022 йилда унинг 1 миллион тоннаси картошкачилик хўжаликлари, 2,4 миллион тоннаси деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан олинган. Қолган 532 минг тонна маҳсулот 71 миллион доллар ҳисобига Покистон (264 минг тонна), Қозоғистон (208 минг тонна), Қирғизистон (38 минг тонна), Россия (11 минг тонна) ва бошқа давлатлардан импорт қилинган.

    Бундан ташқари, КФC, Wэндй, ЛОООК, ЭВОС каби йирик умумий овқатланиш тармоқлари талабларига маҳаллий маҳсулотнинг жавоб бермаслиги туфайли хорижий давлатлардан катта миқдорда ярим тайёр картошка, чипс, картошка крахмали, пюреси ва ёрмаси каби маҳсулотлар импорт қилимоқда

    — Яқинда Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган режа ва таклифлар тақдимотида эришилган ютуқларга эмас, балки мавжуд муаммоларни ҳал этиш эътибор марказида бўлди, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Абдузуҳиров. — Масалан, бугунги кунда юртимизда 253 минг гектарда картошка экилаётган бўлса, ўртача ҳосилдорлик 163 центнерни ташкил этмоқда. Шундай бир кезда. АҚШда 490, Нидерландия, Бельгия, Германия, Францияда 430 — 440, Эронда 300, Покистонда 250, Россияда 200 центнердан ҳосил олинади.

    Бу муаммонинг бир учи уруғчиликка бориб тақалади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бир йилда Ўзбекистонга 650 минг тонна картошка уруғлиги керак бўлади. Ўтган йили юртимизга 22 минг тонна уруғ импорт қилинган, қолган қисми уруғчилик хўжаликлари ва томорқаларда етиштирилган.

    Тўғри, юзаки қараганда четдан келтирилаётган картошка уруғининг ҳиссаси унчалик катта эмас. Қолаверса, бугунги кунда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг ўзида 200 дан ортиқ картошка генофонди селекция мақсадида сақлаб келинмоқда. Унда Нидерландия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Венгрия, Хитой, Россия, Беларус сингари давлатларнинг навлари ҳам бор.

    Ҳақиқатан, картошка уруғчилиги бўйича ана шундай катта бойликка эгамиз. Лекин маҳаллий уруғларнинг ҳосилдорлиги пастлиги туфайли етиштириллган маҳсулот салмоғи ҳам шунга яраша тош босади.

    Ушбу муаммони ҳал қилишнинг қандай йўллари бор?

    — Президентимизнинг қарорлари билан Жиззах вилоятининг Зомин туманидан 20 гектар, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидан 17,2 гектар ер майдони ажратилди ва картошка навлари селекцияси, уруғчилиги бўйича тажрибалар олиб бориш ишлари йўлга қўйилган эди, — дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти илмий бўлим мудири Фахриддин Расулов. — Улар сафига қўшилган 4 та корхонадаги амалий изланишлар билан илмий тадқиқот институтлардаги ишларни умумлаштирадиган бўлсак, 27 та нав бўйича миллий уруғ яратилаётганининг гувоҳи бўламиз.

    Шу билан бирга, «Пском», «Серҳосил», «Сарнав», «Умид-2», «Тошкент эртагиси», «Ақроб ва бошқа» навларнинг ин-витро ўсимликларини ва микротуганакларни кўпайтириш институтимизнинг Биотехнология лабораториясида олиб бориляпти. Улар аввало замонавий иссиқхонамизга экилиб картошканинг минитуганклари ҳосил қилинмоқда. Жорий йилда институтимизда 2,5 миллион дона картошканинг юқори авлодли бирламчи уруғлигини етиштирилиб, ихтисослашган элита уруғчилик хўжаликларига етказиб бериш режалаштирилган.

    Бундан шундай савол келиб чиқади. Нима учун маҳаллий навларга катта эътибор қаратиляпти?

    —Янги технология асосида маҳаллий шароитда етиштирилган уруғлар ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мослиги, нархининг 3 бараваргача арзонлиги, 3-4 йил давомида кетма-кет юқори ҳосил бериши (гектарига 35-40 тонна), бепул агромаслаҳат билан таъминланиши, вируслардан ҳоли эканлиги билан устунлик қилади, — дейди Жамшид Абдузуҳиров. — Улардан бири Самарқанддаги Ўзбекистон – Корея қўшма корхонаси ҳисобланади. Унинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида биринчи босқичда Булунғур, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 500 гектар, иккинчи босқичда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан 2 минг гектар ер ажратиш мўлжалланмоқда.

    Президентимиз ҳузуридаги тақдимотда таъкидланганидек, юқори ҳосилли уруғлик картошка етиштириш экин ерлари ва замонавий иссиқхоналар, уларни сақлаш учун омборхоналарни, ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлувчи вирус ҳамда бактерияли касалликларни текширадиган лабораторияларни тақозо этади. Шу мақсадда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида 4 гектарлик, Самарқанддаги «Греэн Кореа агро Инвест» корхонасида 1 гектарлик иссиқхона ва совуткичли омборхоналар қуриш режалаштирилган. Бу лойиҳалар Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва «ин витро» усулида картошка уруғини етиштиришнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилади.

    Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида «илм – таълим – ишлаб чиқариш» тамойили бўйича Картошка уруғчилиги маркази ташкил этилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзагроинспекция ҳузурида Жаҳон банкининг «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси» доирасида картошкани яширин вирус касалликлари ва сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича лаборатория ишга туширилиб, етказиб берилаётган уруғликлар сифати кафолатланади.

    Шу ўринда 2021 йил март ойида иш бошлаганТошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида Ўзбекистон-Венгрия Картошкачилик илмий марказининг фаолиятига эътибор қаратсак. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу муассаса Венгриядан келтирилган навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

    Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилган, 50 дан ортиқ навлар маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланиши учун замонавий шарт-шароитлар яратилган.

    — Даставвал ушбу мамлакат селекциясига мансуб «Арану cлипке», «Балатони Росса», «Демон», «Ботант», «Wҳите», «09-688» нав намуналари юртимиз тупроқ-иқлим шароитида синаш мақсадида олиб келинди, — дейди Рустам Низомов. — Уларнинг уруғлик туганакларини экиш ишлари институтимиз тажриба майдонларида, Тошкен, Бўстонлиқ, Тайлоқ туманлари шароитларида экиб ўрганилди.

    Таққослайдиган бўлсак, олимларимиз томонидан реестрга киритилган «Пском» навида ўртача ҳосилдорлик гектар бошига 18,6 тоннани ташкил этса, Венгриянинг «Ботант» навининг ҳосили 39,5 тоннадан кўпроқ тош босди. «Араний Cлипке» нави эса, республикамиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мослашмади ва стандарт навига нисбатан ўртача ҳосилдорлиги 3,3 тоннага кам бўлди. Шу боис 5 та нав 2022 йилда истиқболли деб топилди ва Давлат реестрига киритилди.

    Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратиш бўйича бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Бутунжахон картошкачилик Маркази (CИП) билан ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият қаратиляпти. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан умумий қиймати 195 минг доллар бўлган лойиҳа амалга ошириляпти. Унинг асосий мақсади картошка ишлаб чиқариш соҳаси салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, бунга навларни рўйхатга олиш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар йўналишини модернизациялаш, юқори сифатли картошка ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тайёр маҳсулотларининг омборхоналарда сақлаш шароитларини яхшилашни назарда тутади.

    Президентимизнинг 2021 йил 26 февралдаги қарорига асосан, Бўстонлиқ, Булунғур, Янгиқўрғон, Андижон, Олтиариқ, Музробод, Мирзаобод туманларида боғ, сабзавот экинлари қатор орасида картошканинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бу дастур ўз самрасини бера бошлади. Жорий йилда экиладиган майдонлар 9 минг гектарни ташкил этяпти.

    Тақдимотда яна бир муҳим масала қўллаб-қувватланди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда маҳслуот етиштирувчилар ўртасида юқори ҳосилли маҳаллий картошка навлари афзалликларини тарғиб қилиш ҳамда майдонларини кенгайтириш мақсадида 2024-2025 йиллар ҳосили учун 500 тонна авлодли маҳаллий картошка уруғлигини 1700 та энг илғор дехқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига бепул тарқатилишини таъминланади.

    Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, асосий майдонларга эртаги муддатларда юқори авлодли картошка навларини тўғри танлаб экиш ҳамда ўз муддатида агротехник тадбирларни бажариш ҳисобига, бугунги кунда жанубий минтақалар, яъни Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида эртаки ҳосил ички бозорларимизга кириб келди. Қолган ҳудудларимиздаги маҳсулотлар ҳам июнь ойидан пештахталаримизни тўлдира бошлайди. Эртаки экинлар ва ғалладан бўшаган майдонларга кечки экин сифатида картошка экиш ишларига июнь ойидан киришилади.

    Умуман олганда, жорий йилда 4,1 миллион тонна маҳсулот етиштириш белгиланган. Республикамизнинг 40 та ихтисослаштирилган туманининг 23 тасида уруғлик, 9 та туманнинг 39 ҳудудида супер-элита ва элита навлари экилади.

    Сифатли уруғ-ҳосил бўлиқ, деганларидек картошка уруғлари навларининг инновацион усуллар ва замонавий технологиялар асосида ривожлантирилиши дастурхонимизда «иккинчи нон»нинг тўкин бўлишига мустаҳкам замин ҳозмрлайди.

    Аслида халқимиз картошкани «иккинчи нон» дейилиши бежиз эмас. Чунки, у ҳам нон каби меъдага тегмайди. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, у нафақат тўйимли хусусияти, балки ўзининг шифобахшлиги билан ҳам бошқа экинлардан ажралиб туради. Картошканинг таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, органик кислоталар, В1, В2, РР, С, Д, К, Э, А витаминлари, натрий, калий, магний, кальций, темир, фосфор, ёд каби элементлар мавжуд.

    Бошқа жиҳатдан, «иккинчи нон» атамасининг ўзи унинг ижтимоий аҳамиятини ва аҳолининг озиқ-овқат истеъмолида муҳим ўрнини белгилайди. Унинг тўкин, сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates