Шароит йўқлиги боис Хатирчи туманидаги 16 нафар бемор 80 км йўл босиб, муолажаларни Навоий шаҳрида олишига тўғри келган.
Эндиликда бунга ҳожат қолмади. Туманда янги гемодиализ маркази филиалининг фойдаланишга топширилиши ҳудудда яшовчи беморларнинг узоғини яқин қилиб, турли оворгарчиликларга чек қўйди.
Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу марказ 1,2 млрд сўм қийматидаги 3 та гемодиализ аппарати, сув тозалаш ускунаси ва миксер билан жиҳозланди.
Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан филиал биносини таъмирлаш учун 500 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Маълумот ўрнида: 2018 йилгача вилоятда диализ фильтрлари 4-5 марта ишлатилиб, сеанслар 1,5-2 соат давом этган. Баъзан эса навбатлар тунги пайтларга ҳам тўғри келган.
Бугунга келиб, ҳудудда тасдиқланган стандарт асосида беморларнинг тўлиқ 4 соат давомида муолажа олишига имкон яратилди. Қолаверса, гемодиализга муҳтож аҳоли 7 турдаги дори воситалари — В гуруҳ (В1,В6, В12) ва С витаминлари, темир, эритропоэтин препаратлари, оқсил моддалари ҳамда аминокислоталар, гепарин) билан бепул таъминланмоқда.