Хайрли ташаббуслар хориждаги ватандошларни бирлаштирмоқда

    Жорий йилнинг 9-20 октябрь кунлари “Ватандошлар” жамоат фонди вакиллари Ўзбекистон делегацияси таркибида Россиянинг Новосибирск, Томск, Самара, Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида бўлиб, манфаатли учрашувлар, жамоат бирлашмаларида турли музокаралар ўтказди.

    Бугун хориж мамлакатларида яшаб, турли йўналишларда фаолият юритаётган ватандошлар билан яқиндан ишлаш, уларнинг юртимизга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида янги ташаббус ва лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Айниқса, дунёнинг турли мамлакатларида яшаётган юртдошимиз учун ватани билан боғлиқ ҳар қандай воқелик жуда муҳимдир. Уларнинг ҳолидан хабар олиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш эса чинакам қувонч, бахтдир. Янгиланган Конституциямизда давлат ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам фуқароларини ҳимоя қилиши ва ҳомийлик кўрсатишини кафолатлади.

    Давлатимиз раҳбари чет мамлакатларга ташрифи давомида ҳамиша ватандошлар билан кўришиб, фикр алмашиш, таклифларини ҳаётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратади. Ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига доир ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

    Президентимиз қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда: “Мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас. Хорижда бундай шароитда яшаб келаётган одамларимизни ҳақиқий қаҳрамон, десак тўғри бўлади. Чет элларда тажриба ва малака орттираётган ана шундай ватандошларимизга раҳмат айтишимиз керак”, дея таъкидлагани бежиз эмас.

    Юртимизда қўр олган ташаббусларнинг амалий исботи ҳар қадамда кўзга ташланаётгани бор гап. Жорий йилнинг 9-20 октябрь кунлари “Ватандошлар” жамоат фонди вакиллари Ўзбекистон делегацияси таркибида Россиянинг Новосибирск, Томск, Самара, Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида бўлиб, манфаатли учрашувлар, жамоат бирлашмаларида турли музокаралар ўтказди.

    Сафар давомида ватандошлар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари ва миллий-маданий марказлар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди, англашув меморандумлари имзоланди. Истиқболли режалар, таклифлардан келиб чиқиб, мақсадли ва тизимли ишлаш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Учрашувларда жамоат бирлашмалари, миллий-маданий марказларга "Ватандошлар” жамоат фонди томонидан ўзбек тилидаги мингдан ортиқ бадиий адабиёт ва қўлланма, миллий ҳунармандлик буюмлари, чолғу асбоблари жамланмалари тақдим этилди.

    Бу каби эътибордан қувонган фаол ватандошларимиз буни ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири ўлароқ эътироф қилди. “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан хорижда ўтказилаётган “Ватандошлар, бирлашайлик!” эзгу ғояси асосидаги тадбирларга хайрихоҳ эканини билдириб, самимий фикрларини изҳор этишди.

    — Россияда кўплаб ватандошларимиз яшайди. Имкон қадар уларни жамлаш, ўзлигимиз, миллийлигимизни унутмасликка ҳаракат қиламиз. Байрамларни биргаликда нишонлаймиз, муаммоларни биргалашиб ҳал этамиз. Бугун бизни Ватанимиздан йўқлаб келишди. Бу ташрифлар ватандошлар қалбини ёритди. Марказимизга тақдим этилган ҳадялардан миннатдормиз. Фонд билан ўтказилган учрашувдан кейин марказимизнинг келгуси фаолияти яна-да ривожланишига ишончим комил бўлди. Россиядаги ватандошлар ҳам бирлашиб, анъаналаримиз унутилиб кетмаслигига ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз, — деди Рязань шаҳридаги “Олмос” ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Зулайҳо Қодирова.

    Бу каби илиқ фикрларни ҳар бир ватандошдан эшитиш мумкин эди.

    Бундан ташқари, ташриф мобайнида юртдошларимиз меҳнат қилаётган муассасаларга бориб, мурожаатлари тингланди. Мурожаатларнинг кўпи жойида ҳал қилиниб, муддат талаб этиладиганлари бўйича “йўл хариталари” тузилиб, ечими топилади. Бу жараёнларда фидойи ватандошларни оммага танитиш, салоҳиятини юртимиз истиқболига йўналтириш ва намуна сифатида кўрсатиш мақсадида фонд махсус ишчи гуруҳи жойлардан турли лавҳалар тайёрлади.

    Мухтасар айтганда, бу каби учрашувлар хорижда туриб, юртимиз ривожига ҳисса қўшиш истагидаги ватандошлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар иштирокида янги истиқболли режалар тузишга хизмат қилади.

    Одилжон САТТАРОВ,
    “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates