Хивада «Қовун сайли» фестивали бошланди

    Туризм 10 август 2024 187

    Хива шаҳридаги қадимий «Ичъан қалъа» мажмуасида анъанавий «Қовун сайли» фестивали бўлиб ўтяпти.

    Кеча фестивалнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм қўмитаси раиси У.Шадиев, Хоразм вилояти ҳокими Ж.Раҳимов, шунингдек, қатор ташкилот ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар расмийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Фестиваль учун «Полвон» дарвоза олди, «Аллея» майдонининг 4 гектарида 60 та павильон ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, Хоразм вилоятидаги 13 та шаҳар ва туман ҳокимликлари, ўз ҳудудларида етиштирилган мева-сабзавотлар, полиз экинлари қовун маҳсулотларининг «Гурвак», «Қиличбой бешак», «Қариқиз», «Туя қовун», «Тўёна», «Ола замча», «Хоразм оқ новвоти», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» каби маҳаллий қовунларнинг 125 га яқин навлари намойиши ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этяпти.

    «Туризм соҳасини ривожланишига бевосита таъсир кўрсатаётган яна бир йўналиш бу агротуризм ҳисобланади. Ҳар йили айни қовун пишиғи мавсумида ўтказиладиган «Қовун сайли» фестивали охирги икки йил давомида халқаро даражада ўтказилиб келинаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. 2023 йилда ўтказилган фестиваль доирасида 200 минг нафардан ортиқ маҳаллий ва 15 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар иштироки қамраб олинган бўлса, бу йилги фестивалда 400 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ва 30 минг нафар хорижий сайёҳларининг иштироки кутиляпти», деб таъкидлади У.Шадиев очилиш маросимидаги нутқида.

    Фестиваль 12 августгача давом этади ва фестивалнинг кейинги кунларида бир қанча гастрономик тадбир ва томошалар режалаштирилган ҳамда тадбирнинг сўнгги кунида:

    - «Қовунчиликда энг юқори даромад ва ҳосилдорликка эришганлик учун»;

    - «Қадимий анъанавий Хоразм қовунлари навларини тиклаш»;

    - «Қовунчиликда инновацион технологиялар жорий қилганлиги учун»;

    - «Энг кўп турдаги қовун етиштирган ҳудуд» номинациялари бўйича баҳолаш, фольклор жамоалари чиқишлари бўлиб ўтади, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates