Бир ишониб, бир ишонмай
Жамила Шермуҳамедова,
фалсафа фанлари доктори, профессор
— Синглим, бу жавондаги китобларни сотиб олса бўладими?
— Албатта, фақат қайси китоблигини айтсангиз, бошқа жойдан олиб бераман. Бу китоблар жавони билан сотилади, келин-куёвлар учун мўлжалланган, — деди.
Кутубхоначи қизнинг айтишича, Хоразмда ота-оналар келин-куёвларга шундай китоблар тўла китоб жавонлари ҳадя қилиши урфга айланаётган экан. Дастлаб бу гапга ишонмадим, бироқ жавонга 2.700.000, 2.900.000, 3.600.000 сўм деган нарх белгилари илиб қўйилган. Ваҳоланки, жавон унчалик қиммат эмас, китоблар ҳам. Мана, бўлар экан-ку? Бир ишониб, бир ишонмай яна китобларни кўздан кечиришда давом этдик. Биласизми, агар шу янги анъанани юртимиз бўйлаб амалга оширсак, жуда савобли, хайрли ва маърифатли иш бўлар эди.
Жамила опанинг сўзларини тинглар эканмиз, “Китоб.аодат топиш учун ўқилмайди, китоб ўқишнинг ўзи саодат”, деган ҳикмат хаёлимиздан ўтди. Хоразм вилоятида амалга оширилаётган бу янги ташаббус кенг қулоч ёйса, нафақат янги оила қураётган ёшлар, балки ҳар бир хонадон маърифат зиёси билан янада мунаввар бўлади.
Ўзим гувоҳ бўлдим
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
— Инсон камолоти, дунёқараши кенгайишида, тафаккури тараққиётида китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Хоразм вилоятида ёшларни китобхон қилиш, уларда китобхонлик маданиятини ошириш борасида ишлаб чиқилган янги лойиҳа, ўйлаймизки, келажак авлод равнақи учун ташланган истиқболли қадамдир.
Жорий йилнинг июль ойида Хонқа туманида хизмат сафарида бўлганимизда, серсоя дарахтлар орасидаги дала шийпонида интеллектуал ўйинларни мароқ билан кузатар эканмиз, шийпоннинг бир бурчидаги олтита китоб жавонига кўзим тушиб қолди.
“Ие, бу ерда китоб ярмаркаси ҳам бўляптими”, деган саволимга, “Йўқ, бу ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзосига бериладиган совға”, дея жавоб беришди. Буни қаранг, юзлаб мусобақалар, танловлар гувоҳи бўлибман-у, минглаб ғолиб ёшларни тақдирлабман-у, ҳали ҳеч қачон китоб тўла китоб жавони совға сифатида берилганига гувоҳ бўлмабман! Бу Хоразм вилоятида ёшларни китобхонликка чорлаш ва уларнинг китоб ўқишга қизиқишини янада ошириш йўлидаги янги ташаббус экан. Чиндан ҳам, инсоният кашф қилган энг буюк ихтиро — бу китоб. Башарият асрлар оша қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлса, албатта, бунинг замирида китоб ва мутолаа мужассам.
Хуллас, сафар чоғида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар Хоразмнинг чекка ҳудудларида ҳам янгича руҳда кучайиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Умид қиламизки, бу янги ташаббус қулоч ёйиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига кенг тарқалади.
Китобсиз уй руҳсиз танага ўхшайди
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор:
— Китобсиз уй руҳсиз танага ўхшайди. Жаҳонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиёт локомотиви бўлган мамлакатларда китобга муносабат ривожланмаган ёки тараққиётга эндигина қадам қўяётган давлатлардагидан анча ижобий. 2022 йилда аҳолиси китоб ўқишга кўп вақт сарфлайдиган давлатлар рейтингида Ҳиндистон, Таиланд, Хитой етакчилик қилган. Ҳиндлар бир ҳафтада 10 соатдан кўп вақтини китоб ўқишга сарфлар экан.
Юртимизда азалдан ҳар бир хонадоннинг китоб жавони — кичик кутубхонаси бўлган. Унда ҳар турли китоблар сақланган. Чунки китоб уйнинг муҳитини ўзгартиради, позитивлик келтиради. Албатта, хонадонида катта кутубхонаси бўлган зиёлиларимиз кўп. Бироқ улар 36 миллионли халқ ичида жуда камчилик. Дунё бўйича ҳар бир одамга 15 та китоб тўғри келиши тахмин қилинаётган бир вақтда Буюк Британияда бу рақам
150 тани ташкил этар экан.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Қадрдон мактабимга совғам”, “Биринчи китоб жавоним”, “Маърифатли келажак”, “Бобом, бувим ва мен китобхон” сингари акциялар ўтказиш, турли танловларда китоб тўпламларини совға сифатида тақдим этиш орқали аҳолида китоб ва китобхонликка иштиёқ ва меҳрни кучайтиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу ташаббуслар китобхонликни тарғиб қилишнинг бир йўналиши деб ҳисобласак, ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп. Зеро, Грузияда келиннинг сепига Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” китоби, албатта, қўшилар, қайсики оилада бу унутилса, маломат қилинар экан. Китобсеварликнинг қадриятга айланиши сингари бундай ташаббуслар, жумладан, Хоразм вилоятида ота-оналар фарзандларига, ёш оилаларга, келин-куёвларга китоб ва китоб жавонлари туҳфа қилиши сингари анъаналарнинг юзага келаётгани бизни қувонтиради.
Энг катта ва энг нодир хазина
Бекзод АБДИРИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари:
— Хоразмдаги ҳар бир хонадонда китоб жавони бўлади! Бунинг учун эса турли усуллардан фойдаланмоқдамиз. Турли танлов ва мусобақалар ғолибларига, байрам ва тантаналарда совға сифатида китоб тўла жавонлар ҳадя қилинмоқда. Биз бугунгача турли танловларда маиший жиҳоз, телефон ва планшет, ҳатто телевизорлар бердик. Хонадонларимизда иккитадан кўп телевизор, ҳар кимда смартфон бор, энди уларни бу каби буюмлар билан ажаблантириб, қувонтириб бўлмай қолди.
Биз китоб ўқиш ҳақида кўп ва хўб гапирдик. Одамларимиз китоб олмоқда. Эл орасида юрар эканмиз, хонадонларда барча маиший жиҳозлар, мебелларнинг замонга мослашганини, турмуш шароитимиз яхшиланганини кузатамиз-у, лекин китоб жавонлари янгиланмагани, эскириб омборхонадан жой олгани гувоҳи бўлганмиз.
Шунинг учун китобхонлик тарғиботи йўлида янги усул — хонадонларимизни янги китоб жавонлари билан бойитиш борасида бош қотира бошладик. Авваламбор, вилоят даражасидаги раҳбарлар билан танловлар ғолибларига китоб тўлдирилган ихчам жавонлар совға қилишга келишиб олдик. Иккинчи йўналишда маҳаллалар кайвонилари билан янги турмуш қураётган ёшларга она-оналари, яқинлари томонидан тўй совғаси сифатида шундай мўъжаз жавонлар совға қилиш борасида маслаҳатлашдик. Уларнинг ўзлари шундай хайрли ташаббусни бошлаб бергани бизни хурсанд қилди.
Ахир фарзандларимизга тўй қилсак, бир лаҳзалик автокарвонига 10-20 миллион сўмни, “Love story”сига 5-10 миллион сўм, яна қандайдир амалларга маблағимизни аямаймиз-у, уларнинг маърифати, зеҳни учун икки миллионни қиммат кўрмасак керак? Хоразмликлар илгари сурган бу ибратли ташаббус бугун урфга кириб, эртага замонавий урф-одатга айланса, нур устига нур бўлар эди. Бу қадрият кун келиб ёшларимизга қолдирилган энг катта ва энг нодир хазина бўларди. Бунинг учун нафақат барча зиёлилар, халқимизнинг эътиборида бўлган раҳбарлар, машҳур замондошларимиз ҳам маънан масъулдир. Аввало, бу ташаббусни лаббай деб қўллаб-қувватлашимиз, фарзандларимиз тўйларида қимматбаҳо мебеллар, тилла тақинчоқлар, ўткинчи ҳою ҳавасга берилмай, китоб тўла жавонлар совға қилишни бошлашимиз, ўрнак бўлишимиз керак! Шундагина бу ташаббус умуммиллий ҳаракатга айланади. Яқин 3-4 йил ичида нафақат Хоразмдаги, балки бутун Ўзбекистондаги барча хонадонлар китоб жавонига эга бўлади. Янги чақалоқлар китоблар таратаётган маърифат ҳидидан нафас олиб улғаяди. Айнан шу авлод Учинчи Ренессансни барпо қилади. Зотан, китоб миллатнинг қанотидир!
Сўнгги сўз ўрнида
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “... ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди”, деган сўзлари китоб ва китобхонликни тарғиб этиш нечоғлиқ муҳим эканини яна бир бор теран англатгандек бўлади.
Ҳар бир хонадонни китоб жавонли қилиш бўйича Хоразмда бошланган эзгу ташаббус бугун вилоятнинг барча маҳаллаларида анъанага айланиб бормоқда. Ёш келин-куёвларга ота-оналари томонидан тақдим этилаётган китоб тўла жавонлар янги Ўзбекистондаги янги оилаларнинг китобхон бўлишига қўшилаётган улкан ҳиссадир.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири