баннер
13 мар 2025
22:29

    “Олтин қаламли журналистлар” китоби тақдимоти

    Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан нашр этилган “Олтин қаламли журналистлар” китоби тақдимоти ўтказилди.

    Тадбирда ОАВ вакиллари, газета ва журналлар бош муҳаррирлари, мазкур китобдан материаллари жой олган устоз журналистлар, медиа соҳа йўналишида таълим олаётган талабалар иштирок этди.

    Тақдимотни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов кириш сўзи билан очди ва тадбирни олиб борди. У давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Уюшма томонидан минг нусхада чоп этилган “Олтин қаламли журналистлар” китобини нашрга тайёрлаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот бераркан, китобга 50 нафарга яқин устоз журналистларнинг публицистика, журналистик суриштирув, очерк, фельетон каби 8 та жанр бўйича энг сара материаллари киритилганини айтиб ўтди. Шунингдек, китобдан таниқли фотожурналист Абдуғани Жуманинг “Фотожурналист маҳорати” номли мақоласи билан бирга 9 нафар маҳоратли фотожурналистнинг турли ракурслардан олинган 70 га яқин фотоматериаллари ҳам ўрин олганини таъкидлади.

    Тадбирда устоз журналист ва адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва бошқалар журналистикада ижодий услубга эга бўлиш, доимий равишда касбий маҳоратни ошириб бориш муҳим эканлиги, шу маънода “Олтин қаламли журналистлар” китоби медиа соҳани танлаганлар, умуман, ижодкорларга бу борада зарур манба-қўлланма сифатида хизмат қилишини эътироф этдилар.

    Маълум қилинганидек, минг нусхада чоп этилган “Олтин қаламли журналистлар” китоби республикамизнинг барча вилоят ва туманларида фаолият олиб бораётган ОАВ таҳририятлари, журналистика йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари, Уюшманинг ҳудудий бўлимлари қошида очилган маҳорат мактаблари ҳамда “Ёш журналистлар” тўгаракларига бепул тарқатилади. Келгусида эса ҳар йили “Олтин қаламли журналистлар” серияси остида бундай китобларни кўпроқ ададда нашр этиб бориш йўлга қўйилади.

    Тақдимотда барча иштирокчиларга “Олтин қаламли журналистлар” китоби совға қилинди.

    Телеграм каналимиз
    Text to speech