Хориж тажрибасини ўрганиш олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг узвий қисмидир

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 25 октябрь сонида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримовнинг “Хориж тажрибасини ўрганиш олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг узвий қисмидир” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Мамлакат тараққиётида таълим асосий ўрин эгаллайди. Тарихга назар ташласак, ривожланган давлатлар бу соҳага юрт келажаги, тараққиётнинг муҳим шарти сифатида эътибор қаратиб келганига гувоҳ бўламиз. Ҳатто ҳозир ҳам иқтисодий жиҳатдан барқарор юртлар ўз бюджетининг асосий қисмини ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш учун сарфлайди.

    Шу боис, уларнинг ижобий тажрибасидан унумли фойдаланиш, таълим жараёнини интеграциялаш асносида жамият ривожининг муҳим йўналишларини белгилаш мамлакатимиздаги бугунги ислоҳотларда ҳал қилувчи ўрин тутади.

    Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Биргина 2021 йилда мамлакатимизда Россиянинг 4 та нуфузли олий таълим муассасаси филиали очилгани бу соҳадаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

    Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро академик алмашинув йўлга қўйилиб, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши, талабаларнинг турли грант лойиҳаларда қатнашиши мунтазамлик касб этмоқда.

    Таълимдаги ҳамкорлик ривожида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Россотрудничество” агентлиги ўртасидаги изчил муносабатлар эътиборга молик.

    2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги делегацияси Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлигида бўлди. Йиғилишда олий ўқув юртлари филиалларини ташкил этишнинг ягона механизмини ишлаб чиқиш, филиаллар очилиши муносабати билан Россия Федерацияси олий таълим муассасалари ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Ҳамкорликдаги вазифаларни бажариш юзасидан баённома қабул қилинди. Шунингдек, вазирликлар ўртасида иккита видеоконференция ўтказилди. Бу борадаги саъйҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.

    Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Россия Федерациясининг тегишли ташкилоти ва тузилмаларининг мутасаддилари мамлакатларимиз олий таълим тизимидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва янада ривожлантириш бўйича бир неча бор учрашув, йиғилиш, онлайн мулоқотлар ўтказди. Уларнинг самараси ўлароқ икки давлат олий таълим тизими ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгиланди.

    Жумладан, шу йил 22-24 сентябрь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Россия таълими. Тошкент — 2022” мавзусидаги кўргазма-ярмарка юқори савияда ўтказилгани айни ҳамкорликнинг амалий ифодасидир. Бу лойиҳа “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Кўргазмада Россиянинг 56 та олий ўқув юрти қатнашди.

    “Россотрудничество” агентлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, мамлакат олий таълим муассасаларида 2023/2024 ўқув йили учун ўзбекистонлик абитуриентларга федерал бюджет ҳисобидан ўқиш квотаси 800 ўринга оширилган. Жорий ўқув йили учун бу кўрсаткич 750 ўринни ташкил этганди.

    Ўзбекистон ва Россия олий таълим тизимининг ҳамкорлик механизми чуқур, тадрижий, изчиллик тамойилларига таянади. Кейинги 4-5 йилда икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишга доир икки томонлама платформаларнинг кўплаб шакллари яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги Фан ва таълим бўйича қуйи қўмита мамлакатимиз Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ тузилган. Ўзбекистон томонидан ҳамраис Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Россия томонидан эса Таълим ва фан вазирлигидир.

    Шу кунгача қуйи комиссиянинг тўртта мажлиси бўлиб ўтди. Кичик қўмита йиғилишларида мактабгача, умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар, илмий алоқалар муҳокама қилинди.

    Икки мамлакат олий таълим тизимини ривожлантиришга доир муносабатларда Ўзбекистон — Россия таълим форуми ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу платформа кун тартибидан давлатларимиз ўртасида таълимнинг барча босқичи, жумладан, мактабгача таълимдан то илмий ҳамкорликкача бўлган масалалар ўрин олган.

    2018 йилнинг 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида биринчи Ўзбекистон — Россия таълим форуми бўлиб ўтди. Иккинчи форум Президентимизнинг 2021 йил 16-17 ноябрь кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи арафасида Москва шаҳрида ўтказилди.

    Россия ва Ўзбекистон университетлари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси ҳам икки давлат олий таълимидаги муҳим платформалардан. Ушбу ҳамкорлик доирасида университетлар ўртасидаги ўзаро мулоқот муҳокама қилинади. Ҳозиргача Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари ректорларининг минтақалараро учта конференцияси бўлиб ўтди.

    Масалан, Бухоро шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари ректорларининг ҳудудлараро учинчи конференциясида икки давлат олий таълим соҳаси мутасаддилари билан бирга ректор ва проректорлар ҳам иштирок этди. Анжуманда 23 та университетлараро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Умуман олганда, Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик бўйича 800га яқин шартнома ва меморандум мавжуд.

    Давлатларимиз ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари физика, кимё, материалшунослик, спектроскопия, астрономия ва астрофизика каби муҳим соҳаларга қаратилган.

    Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, талабалари ҳар икки томонда ўтказиладиган ўқув, илмий-техникавий ва маданий тадбирларда мунтазам иштирок этяпти.

    Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда Россиянинг 15 та етакчи олий ўқув юрти филиаллари ташкил этилган. Улардан 12 таси 2018-2021 йилларда очилган. Мазкур филиалларда 6 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, 267 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Филиалларда 47 таълим йўналиши бўйича ўқув жараёни олиб борилади.

    Маълумотларга кўра, Россия олий ўқув юртларида 49 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси таълим олмоқда ва мамлакатдаги талабалар сони бўйича Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда туради.

    Ўзбекистон ёшлари Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Воронеж, Уфа, Тверь, Иваново ва бошқа шаҳарлардаги олийгоҳларда муҳандислик, ветеринария, сув ресурслари, кончилик, металлургия, биотехнология, технология, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, гидротехника қурилиши, метеорология хизмати, атом энергияси каби муҳим йўналишлар бўйича таълим олмоқда.

    Бундан ташқари, Россия олий ўқув юртларининг Ўзбекистонга келувчи комиссиялари орқали мамлакатимиздан ҳар йили 1000-1500 нафарга яқин абитуриент ушбу давлатдаги олий ўқув юртларига ўқишга киради. Умуман, ҳар йили Россиянинг 50 та университети малака ошириш, таълим кўргазмаларини ўтказиш ва потенциал абитуриентлар билан учрашиш учун имконият яратади.

    “Россотрудничество”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, 2018/2019 ўқув йилида Россия олий ўқув юртларида федерал бюджет ҳисобидан ўқиш учун ўзбекистонлик абитуриентларга квота 203 ўринни ташкил қилган. Уларнинг барчаси Тошкентдаги Россия фан ва маданият марказида имтиҳон топшириб, мамлакат олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган. 2019/2020 ва 2020/2021 ўқув йиллари учун квота 230 та этиб белгиланган. 2021/2022 ўқув йили учун 420 ўрин ажратилган. Жорий ўқув йилида Россия томони Ўзбекистон Республикаси учун квотани 750 ўринга етказди.

    Мамлакатимиз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳар йили юртимиз иқтисодиёти учун талаб юқори бўлган мутахассисликлар рўйхатини тузади ва Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлигига тавсия сифатида тақдим этади.

    Икки давлатнинг олий таълимдаги ҳамкорлигида қўшма таълим дастурлари муҳим ўрин эгаллайди. 2021/2022 ўқув йилида Россия Федерацияси олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларига Ўзбекистондан абитуриентларни қабул қилиш бўйича умумий квота 4530 тани ташкил этди. Жумладан, бакалавриат йўналишлари бўйича 3937, магистратура мутахассисликлари бўйича 593 ўрин ажратилган.

    Ўтган ўқув йилидан Россия университетлари билан таълимнинг кўплаб йўналишлари бўйича қўшма дастурлар тузилган. Булар: тиббиёт, жумладан, дорихона, стоматология, педиатрия, муҳандислик-техник мутахассисликлар, иқтисодиёт ва молия.

    Икки давлат олий таълим тизимидаги янги режалар, истиқболдаги чора-тадбирларни белгилашда шу йилнинг 26-27 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон — Россия учинчи таълим форуми катта аҳамиятга эга. Форумда икки томондан 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этади. Якунда 100 га яқин ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

    Шартномаларнинг аксарият қисми Россияда ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳалари тажрибасини мамлакатимиз олий таълим муассасаларида татбиқ этишга қаратилган.

    Форум доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва Россия ишлаб чиқариш секторлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш, муҳандислик, технология, энергетика, кимё саноати соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш жараёни кенгайтирилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates