Ана шундай эзгу мақсадлар билан 2022 йилдан эътиборан олий таълим муассасаси магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таҳсил олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом кучга кирган эди.
Бундай имкониятнинг тақдим этилишини юртимиздаги минглаб хотин-қизлар жуда катта хурсандлик билан қарши олди. Айниқса, оила, деб аталган муқаддас қўрғонни эндигина барпо қилган, магистратурада ўқиш иштиёқи бор, лекин моддий томондан имконияти бўлмай турган талабгорлар учун кутилмаган янгилик бўлди, десак адашмаймиз.
Айни кунларда янги тизим имкониятидан унумли фойдаланган хотин-қизларимиз магистратурада ўқишнинг биринчи йилини тамомламоқда. Биз уларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, таассуротлари билан қизиқдик.
ОРЗУИМ УШАЛИШИ КАМИДА 5 ЙИЛГА ТЕЗЛАШДИ
Мафтуна УМАРАЛИЕВА,
Наманган давлат педагогика институти таълим-тарбия назарияси ва методикаси йўналиши магистранти:
— Бакалаврни тамомлаш арафасида турмушга чиқдим. Шунга қарамай, магистратурага ҳам кириш мақсадим бор эди. Лекин, турмуш ўртоғим ҳам талабалигини ҳисобга олиб, ҳозирча бу ниятим ушалмаса керак, деб ўйлаганман. Очиғи, ўз мақсадимни камида 5 йилга кечиктириб туриш ҳақида қарор қилиб бўлгандим. Яъни, турмуш ўртоғим ўқишни тамомлаб, ишлай бошлаганидан кейин ўқийман, деган фикрга келгандим. Бироқ, давлатимиз томонидан хотин-қизларга магистратурада бепул ўқиш имкони берилиши орзуимни 5 йилга тезлаштириб юборди. Ўша пайтдаги қувончимни сўз билан таърифлаб бериш қийин.
Аслида, ҳар бир қиз яхши ўқиб, ўз севган касбига эга бўлишни орзу қилади. Давлатимизнинг бу каби қўллаб-қувватлашидан кейин эса бу орзулар амалга оша бошлади.
Яқинда фарзандли бўлдик. Минг шукрки, оиламнинг кўмаги билан ўқишимни ҳам қийналмасдан давом эттиряпман. Ўйлаб қоламан, аёл киши учун атрофидаги муҳитнинг қўллаб-қувватлашидан ҳам кўра яхшироқ бахт бормикан?!
МАГИСТРАТУРАДА ЎҚИШДАН УМИДИМНИ УЗГАН ЭДИМ
Азиза ЗАРИПОВА,
Ўзбекистон Миллий университети инглиз тили лингвистикаси йўналиши магистранти:
— Магистратурада ўқишдан умидимни узиб бўлгандим. Чунки ёш оиламиз, мендан ташқари ҳам контрактда ўқийдиганлар бор. Турмуш ўртоғим ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси магистранти. Табиийки, бир оилада икки кишининг магистратурада ўқиш учун шартнома пулини тўлаш оғирлик қилади. Аммо, магистратурада ўқиш истаги бўлган хотин-қизларга шартнома пули давлат томонидан тўлаб берилиши йўлга қўйилгани юртимизда шу ниятдаги барча хотин-қизлар каби мени ҳам жуда қувонтириб юборди. Ёш оила сифатида биз бу имкониятни зўр хурсандчилик билан қабул қилдик.
Мен билан бирга таълим олаётганларнинг кўпчилиги шу имтиёз шарофати билан ўқиётган хотин-қизлар ҳисобланади. Бирор сабаб билан йиғилишиб қолсак, албатта, давлатимиз берган бу имкониятни эсламасдан тарқалмаймиз.
Бу ғамхўрлик келажакда албатта ўз самарасини беришига ишонаман. Чунки шу имконият туфайли билими зўр, аммо моддий имконияти сабаб ўқишини давом эттира олмайдиган юзлаб хотин-қизлар ўқишини давом эттириш бахтига муяссар бўлди.
БОЛАЛИКДАН НИЯТ ҚИЛАР ЭДИК
Шодиёна БЕКНАЗАРОВА,
Қарши давлат университети ўзбек филологияси йўналиши магистранти:
— Болаликдан бирга улғайган Нигора исмли дугонам бор. Бир маҳаллада яшаб, мактабда бир синфда ўқидик. Бирга дарс тайёрлардик, мусобақаю тадбирларга ҳам бирга қатнашардик. Мактабни намунали тамомладик. Коллежда бирга ўқиб, университетга тайёргарлик кўрдик. Ўша пайтлардаёқ университетда бирга ўқиб, илмий ишимизни ҳам биргаликда бошлаймиз, деб ният қилганмиз.
Ниятимиз холис экан, университетга бир йўналишга кириш насиб этди. Тўртинчи курсга келиб, Нигора ҳам, мен ҳам турмушга чиқдик. Шундан кейин магистратурада ўқишимизни бирга давом эттиришимиз борасида иккилана бошладим. Чунки дугонам ўзига тўқроқ, имконияти етарли оилага келин бўлди. Менинг турмуш ўртоғим эса ҳали талаба эди. Шу вазиятда озроқ сабр қилишга қарор қилдим. Лекин болаликдан бирга улғайган, бирга мақсадлар қўйган ўртоғим билан йўлимиз айрилиши менга оғир ботганди. Тан оламан, баъзида алам ҳам қилган.
Ана шундай кунларнинг бирида кўнглимни бутунлай ёриштириб юборган қарорни эшитдим. Ўша кундаги қувончимни билсангиз эди. Хурсандлигимдан қўшиқ айтиб, рақсга тушиб юборганимни билмай қолибман. Нигора ҳам бундан хурсанд бўлган.
Бугун иккаламиз магистратурада бирга ўқияпмиз. Худо хоҳласа, докторлик илмий ишини ҳам биргаликда ҳимоя қиламиз.
Жонибек АЛИЖОНОВ,
журналист