Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Қонун жиҳатидан такомиллаштирилади

    Хавфсизлик 19 январ 2024 1146

    Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

    Таъкидланганидек, кейинги йилларда ички ишлар органларида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди.

    Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилиб келяпти.

    Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

    Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритиляпти.

    Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари бериляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Сенаторлар фикрича, ушбу Қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates