Янада фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади

    Фикр 12 сентябр 2024 193

    Янги Ўзбекистон эркин фуқаролик жамияти сари юз тутаётган масъулиятли бир даврда яшаяпмиз. Бу жараёнда фуқаролик жамиятининг барча институтлари кенг қамровли фаолият юритиши зарурияти вужудга келади.

    Кейинги йилларда мамлакатимизда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди.

    Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони билан тасдиқланган, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланиш босқичларини белгилаб берган 2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим ўрин тутмоқда.

    2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилди, улар конституциявий институт сифатида эътироф этилди. Унинг 69-моддасида фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгилаб қўйилди.

    Инсонпарвар демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ННТнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди.

    Жорий йилнинг 26 август куни имзоланган «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун янги даврни бошлаб берди.

    Фармондан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида ННТ ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда қулай шарт-шароит яратишдан иборат.

    Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади, мазкур жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди.

    Энг муҳими, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очади, хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширади.

    Ҳужжатга кўра, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир қатор йўналишлари белгилаб олинди. Булар:

    – давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан, имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш;

    жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;

    – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш;

    – фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш;

    – фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг хориждаги уюшмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

    – фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш.

    Биламизки, фуқаролик жамиятининг умум тан олган тамойилларидан бири – ижтимоий шериклик ҳисобланади.

    Ижтимоий шериклик давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир. Жаҳон тажрибаси ижтимоий шериклик ғоясидан турли ижтимоий муносабатларни тартибга солишда самарали фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади. Ўзбекистон Республикасида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлишига қарамай, амалиётдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, вазирлик ва идоралар ўзлари масъул бўлган соҳаларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эҳтиёж мавжуд.

    Фармонга кўра, эндиликда ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда:

    – ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади;

    – давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини БҲМнинг 1 000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилади;

    – ҳар йили Ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.

    Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига қуйидаги имтиёзлар берилмоқда:

    – давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилмоқда;

    – 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга камайтирилмоқда;

    – ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хайрия пулининг солиқ солинмайдига миқдори амалдаги 15 млн сўмдан 34 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) оширилмоқда.

    Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтишимиз керак. Маълумки, таъсирчан жамоатчилик назорати давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга доир фаолияти жамоатчилик назоратининг объекти тарзида назарда тутилган.

    Мазкур норма амалиётда қандай ишлайди? Муайян йўналишда фаолият юритаётган ННТ, дейлик, ижтимоий-иқтисодий соҳага доир қонун лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, тегишли давлат органига тақдим этди. Бироқ унинг қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган ушбу таклифларини давлат органи ёки унинг мансабдор шахси инобатга олмади ва буни асослантирмади ҳам. Бизнингча, қонунчиликда бунинг оқибати билан боғлиқ норма ҳам белгиланиши мақсадга мувофиқ.

    Президент фармони билан фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.

    Содда қилиб айтганда, энди фуқаролик жамияти институтларининг ўзи ва кенг жамоатчилик Олий Мажлис фонди ўтказадиган танловларнинг йўналишларини шакллантиришда бевосита иштирок этиши мумкин.

    Бундан ташқари, танловларнинг барча босқичлари, шу жумладан, ариза беришдан танлов натижасини эълон қилишгача бўлган жараёнлар рақамлаштирилиб, инсон омили минимал даражага туширилади, иштирокчилардан ортиқча ҳужжатлар сўралишига чек қўйилади.

    Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур фармони фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади, мазкур жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди.

    Бу жараён, ўз навбатида, юртимизда фаолият юритаётган барча ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан фаоллик ҳамда ташаббускорликни талаб этади.

    Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

    Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг

    бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

    маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси,

    Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

    жамиятлари федерацияси раиси

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates