“Янги иқтисодий имкониятлaр ҳудуди” – иқтисодий интегрaция имкониятларининг сaмaрaли плaтформaси

    Ўзбекистон сўнгги беш йил давомида янги хусусиятга эга ташқи иқтисодий алоқаларни барпо этиш, ташқи сиёсатни фаоллаштириш, миллий манфаатларга жавоб берадиган очиқ, прагматик, чуқур ўйланган фаолиятни кучайтириш, барча узоқ ва яқин хориждаги давлатлар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

    Ўзбекистон кузатувчи бўлган даврда ҳам Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) шаклланиши жараёнида фаол иштирок этиб келди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар сабаб, ТДТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари учун авваллари фойдаланилмаган имкониятлар яратилмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, ТДТ ўз фаолиятини нафақат туркий давлатларнинг тил ва дин бирлиги, мулоқот ва ҳамкорлик, балки тарихий ва маданий алоқалар негизида, аввало иқтисодий ҳамда барқарор ривожланиш борасида ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдордирлар.

    Шу нуқтаи назардан ТДТ аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан “Турк дунёсининг нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжати қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, ТДТ давлатларида фаровон жамиятни барпо этиш, минтақавий ва глобал иқтисодий барқарорликни таъминлаш, шунингдек Шимол, Жануб, Шарқ ва Ғарб савдо коридорларини боғловчи кучли минтақавий иқтисодий гуруҳни шакллантиришга хизмат қилади.

    Ҳозирда ўсиш тенденциясига эга бўлган Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолияти ТДТга аъзо давлатлари билан ташқи савдо алоқаларни ўрнатишида муҳим саналади.

    Бунда, Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан ташқи савдо айланмасининг таҳлили, унинг савдо-иқтисодий йўналишда ҳамкорликни янада кенгайтириши зарурлигини кўрсатмоқда.

    2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 10,2 фоизга ошди ва 7,4 млрд. долларни ташкил этди. Экспорт 3,2 млрд. доллар (10,6% ўсиш), импорт ҳажми эса 4,2 млрд. долларга (9,9% ўсиш) етди. Мазкур давр оралиғида Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 20,4 фоизни ташкил қилди.

    Ўзбекистон ТДТни амалга оширилмаган катта имкониятлар ва бирлаштирувчи салоҳиятга эга бўлган минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми деб ҳисоблайди.

    Жорий йилнинг 11 ноябрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ ташкилотининг саммитида Ўзбекистон раҳбари иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтиб, “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

    Хусусан, Президент ўз нутқида: “Ана шу режамизга эришиш учун, Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили “Халқаро туркий иқтисодий форум”ни ўтказишни таклиф этаман”, дея эътироф этди.

    Шу нуқтаи назардан, ТДТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида эълон қилинган ташаббуслар доирасида мазкур тадбирга катта эътибор қаратишдан ташқари, форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ҳамда кўргазмаларни ўтказиш зарур саналади. Шунингдек, саммитда тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари”ни қабул қилиш муҳим эканлигини алоҳида қайд қилинди.

    Бу эса, стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, иқтисодий интеграция жараёнларини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирлари, юқори технологияли кластер ва венчур ширкатларини ташкил этишга кенг имкониятлар яратади, шунингдек савдо, инвестиция ва молия соҳаларида шерикликни янада кенгайтириш истиқболларининг белгиланиши ТДТга аъзо давлатлари ўртасида иқтисодий интеграция жараёнларининг янги босқичга кўтарилишига самарали восита бўлиб хизмат қилади, десак асло муболаға бўлмайди.

    Авазбек Холбеков,
    “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи