Бу борада эса агрологистика хизматларининг алоҳида ўрни бор. Зеро, бундай марказларнинг асосий вазифаси мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш учун тайёрлаш жараёнини халқаро даражага етказишдан иборат.
Таҳлилларга кўра, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг ички истеъмолдан ортган қисмини тўғридан тўғри ёки қайта ишланган ҳолда экспортга чиқариш Ўзбекистон учун жаҳон бозорларида катта имконият яратади.
Бугунги кунда юртимизда юзга яқин агрологистика маркази фаолият юритади. Уларнинг умумий сиғими қарийб бир миллион тоннани ташкил этади.
Гарчи мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга чиқариш соҳаси йилдан йилга ривожланаётган бўлса-да, мамлакатимизда ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп.
Буни тўғри англаган “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ “BMB holding” компаниясининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида “BMB Agro Plus” корхонасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Мазкур лойиҳа учун банк томонидан 34,6 миллион доллар кредит ажратилди.
Ушбу ташаббус қисқа фурсатда муваффақиятли амалга оширилди. Энг улуғ ва энг азиз айём — мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида Шароф Рашидов туманида “BMB Holding” таркибидаги кластерларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, сақлаш ва сотиш (экспорт) жараёнларини кенг татбиқ этишга хизмат қилувчи “BMB Agro Plus” корхонасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Корхонадаги Бельгия, Австрия, Италия, Туркия ва Хитойнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар йилига 40 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш имконини беради. Хусусан, йилига 21 минг тонна маҳсулот бирламчи қайта ишланади. Маҳсулотни қуритиш натижасида 12,5 минг тонна мева ҳамда 5 минг тонна пюре, жем, томат ва бошқалар учун хомашё ишлаб чиқарилади. Эллик минг тонна дуккакли маҳсулот сараланиб, 1500 тонна маҳсулот шок ва акустика усулда музлатилиши режалаштирилган.
Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда мева-сабзавотни бирламчи чуқур қайта ишлаб, мураббо, консерва, пюре ва паста каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қуритиш, иккинчи босқичда эса сублимацион усулда қуритиш линияси, шок ва акустика усулда музлатиш жараёнларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Энг муҳими, лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
— Бозор иқтисодиёти шароитида маҳсулот ишлаб чиқаришдан то истеъмолчига етказиб бериш кетма-кетлигини тизимли ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга, — дейди “BMB Holding” кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов. — Шунинг учун мазкур корхонани очдик. Лойиҳа самарасини ўрганиш давомида экспертларимиз томонидан зарур маълумотлар жамланди. Мамлакатимизда ҳар йили 23 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот етиштирилиб, ундан 3,5 миллион тоннадан ортиғи қайта ишланиб, бир ярим миллион тоннаси ташқи бозорларга ҳўл ҳолида экспорт қилинади. Халқаро бозорда қуёш нурига тўйинган мева-сабзавотимизга талаб ошиб бораётган экан, улар қайта ишланиб, чиройли қадоқларда савдога чиқарилса, айни муддаодир.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 179-сонида (2024 йил 5 сентябрь) чоп этилган.
Ҳамкорлик материали