Янги Ўзбекистон босиб ўтаётган йўл

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари кенг жамоатчилик — давлат ва жамоат арбоблари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат вакиллари, умуман, халқимиз томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан ўрганилмоқда.

    Янгича бошқарув, янги стратегия ва

    янги имкониятлар

    Бугун Ўзбекистон ўз мустақил тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига қадам қўйди. Бу йўлда у жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришиляпти.

    Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун жон куйдираётган, минтақани саноати ривожланган, обод ва дунё билан кенг интеграциялашган ҳудудга айлантириш орзуси билан яшаб, шунга монанд меҳнат қилаётган етакчи сифатида намоён бўлмоқда.

    Қисқа давр ичида Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқларни қўлга киритди. Шунга монанд равишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар ва модернизация жараёни, жумладан, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича сиёсатни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда.

    Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарири билан суҳбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, ташқи ва минтақавий сиёсати ҳақида батафсил сўз юритилган. Яна бир муҳим хусусияти шундаки, унда Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат экани алоҳида қайд қилинган.

    Бу демократик ўзгаришлар эса кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, балки халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширилмоқда. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

    Янги Ўзбекистон иборасида ҳақида тўхталганда, энг аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш кўз олдимизда гавдаланади. Ўтган беш йилда бу борада қилинган ишларни санаб адоғига етолмайсиз. Энди кўп йиллардан буён одамларни қийнаб келган электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да — бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий вал юталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ қатор муаммолар тарихда қолди.

    Сўнгги беш йилда давлатимиз раҳбарининг мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги- янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда. Буларнинг барчаси Президентимизнинг Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажриба, куч ва имкониятларини сафарбар этаётгани ҳамда бу жараён тобора кучайиб, янги сифат босқичига кўтарилиб бораётганидан далолат беради.

    Суҳбатда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга, қадимий тажриба ва бой анъаналарга эгалиги, аммо узоқ вақт мобайнида ушбу тармоқда бозор иқтисодиётига хос ёндашув ва моддий рағбатлантириш механизмлари жорий этилмагани, уни ривожлантиришга маблағ ва илмий инновациялар етарлича жалб қилинмагани ҳақида ҳам сўз юритилган. Бу эса энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантириш лозимлигини англатади.

    Президентимиз таъкидлаганидек, бу ниманинг ҳисобидан бўлади? Албатта, бунга билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш ҳисобидан эришиш мумкин. Шу сабабли юртимизда аграр секторни ялпи ва тизимли трансформация қилиш бошланди. Ушбу соҳани иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш — бош мақсад бўлиб, шу мақсадда 2020-2030 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида тармоқни ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар аниқ-равшан белгилаб қўйилди.

    Хусусан, қишлоқ хўжалиги, озиқовқат сектори ва қишлоқларни яқин ўн йилда жадал тараққий эттириш режаси кўзда тутилди. Аграр соҳада ишларни бутунлай янги асосда ташкил этиш орқали тармоқнинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, ушбу йўналишда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларда одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш сари муҳим қадамлар қўйилмоқда.

    Албатта, 35 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган, ўтган даврда кўплаб муаммолар тўпланиб қолган мамлакатнинг тақдири ва келажагини белгилаш борасида тўғри йўл танлаш – бу давлат раҳбаридан улкан ақл-заковат, билим ва тажриба, мустаҳкам ирода, жасорат ва азму шижоатни талаб этади. Айни вақтда танланган ривожланиш йўлини ижтимоий институтлар, таъсирчан механизмлар орқали ҳаётга татбиқ этиш, одамларни ислоҳотларнинг мақсади ва натижасига ишонтириш, бутун жамиятни руҳлантириб, улуғ мақсадлар сари сафарбар эта олиш – янада мураккаб вазифа, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

    Буларнинг барчаси Ўзбекистон ўз миллий тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги йилларда Президентимиз томонидан сиёсий-ижтимоий маконда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кенг кўлам касб этиб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажриба, куч ва имкониятлар сафарбар этилаётганидан ҳамда бу жараён тобора кучайиб, янги сифат босқичига кўтарилиб бораётганидан далолат беради.

    Таъкидлаш жоизки, тарихий жараёнларнинг қайноқ изларини ўзида мужассам этган ушбу кенг қамровли мақола мард ва олижаноб халқимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда қандай оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли ривожланиш йўлини босиб ўтаётганини, ўз кучи, ўз салоҳияти билан янги Ўзбекистон давлатини барпо этаётганини бамисоли кўзгудек ёрқин акс эттиради.

    Бугун барча ватандошларимиз бошланган янгича ислоҳотларни янада шиддат билан давом этишини истайди, десак асло муболаға бўлмайди. Шавкат Мирзиёев эса янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар муаллифидир.

    Халқимиз, сайловчиларимиз олдида 2016 йил декабрдаги Президентлик сайловолди дастурида белгиланган вазифалар тўла-тўкис ижро этилиши юзасидан ҳисобдормиз. Сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналишлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида беш йил давомида муваффаққиятли амалга ошириб келинмоқда.

    Ҳар бир соҳада мазкур стратегиясига мувофиқ, давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиётни э р к и н л а ш т и р и ш , қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича тизимли чоралар кўрилди. Бу ишларда шахсан давлатимиз раҳбари бош-қош бўлиб келяпти.

    Илгари ўн йилликлар давомида пайсалга солиб, содда қилиб айтганда, бекитиб айтилмаган, одамларимизни қийнаб келган муаммоларнинг қопқоқлари очилди. Бугун камбағалликни қисқартириш хусусида оддий бир ҳолатдай гапиряпмиз. Лекин ўз даврида ушбу муаммони тан олиш осон бўлмаганини раҳбаримизнинг ўзларидан кўп бора эшитганмиз. “Ёпиқ мавзу” бўлган бу масала ҳам эндиликда тизимли ечимини топиб бормоқда. Ҳукумат иш услубини тубдан ўзгартирди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ташкил этилди. Камбағалликдан чиқариш сиёсати давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

    “Обод қишлоқ” дастури доирасида Манас қишлоғидан бошланган эзгу ташаббус, энг чекка ҳудуддаги қишлоқларгача кириб борди бугун. 2017–2020 йилларда 5 миллион аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқ қиёфаси тубдан ўзгарган бўлса, жорий йилда бу дастурнинг кўлами бир неча бор кенгайиб, барча туман ва шаҳарлардаги 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада 21 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари дастури амалга оширилмоқда.

    Айниқса, тадбиркорлар, фермерлар учун ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар даври бўлди. Асоссиз текширувларга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ўтаётган беш йил мамлакатимизни нафақат ички, балки ташқи сиёсатини ҳам тубдан ўзгартирган, жаҳонга Янги Ўзбекистонни кашф қилган давр бўлди, десак тўғрироқ бўлади. Зеро, юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари сони кейинги пайтда икки баробар кўпайди, ушбу тармоқдаги 50 фоиздан зиёд корхоналар фақат кейинги уч йилда ташкил этилган. Чунки тадбиркорлар давлат томонидан қўллаб-қувватланмаса, уларга шароит яратиб берилмаса, хусусий корхоналар сонини кўпаймаса, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади.

    Ушбу тарихирий суҳбатни ўқир эканман, ундаги қуйидаги фикрлар эътиборимни тортди: “Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш — фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир. Бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини, жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим роль ўйнайди, деб ишонаман”.

    Хулоса ўрнида айтганда, бугун Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда. Президентимиз амалга ошираётган улуғвор ишларни нафақат халқимиз қўллаб-қувватламоқда, балки дунё ҳамжамияти ҳам алоҳида эътироф этмоқда. Бу мустақил Ўзбекистондаги янгича бошқарув, янги стратегия ва янги имкониятларнинг амалдаги ёрқин намунасидир.

    Актам ҲАИТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикери ўринбосари

    Эскича ишлаш тарихга айланяпти

    Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар негизида аввало, халқмизнинг фаровон турмуш тарзини яратиш, жаҳон ҳамжамиятида Янги Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш сингари устувор вазифалар турганини инкор қилиб бўлмайди.

    Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатда айни шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратилиб, охирги беш йилда юртимизда барча соҳаларда қилинган амалий ишлар тўлиқ баён қилинган.

    Чунончи, ўтган даврда ҳудудларимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биргина жорий йилнинг ўзида барча туман ва шаҳарлардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

    Юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилиб, бу орқали ҳар бир муҳтож инсонга унинг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатилмоқда. Эндиликда ижтимоий ҳимоя тизимида сақланиб қолаётган айрим камчилик ва нуқсонлар босқичма-босқич бартараф этилади. Ушбу тизимни такомиллаштириб, яхши натижа берадиган, жамиятдаги барча соғлом кучларни шу мақсад атрофида бирлаштирадиган даражага етказилади.

    Бундан кўриниб турибдики, муҳтож фуқароларни тўғридан-тўғри, аниқ мақсад билан моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда асосий эътибор аҳолининг кам таъминланган қатламларига дотация бериш эмас, балки уларга даромад топиш учун зарур шароит ва имкониятлар туғдиришга қаратилмоқда.

    Президентимиз кейинги йилларда эришилган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, жумладан, “прописка”, хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечилганини мисол келтирди.

    Дарҳақиқат, Тошкентга мамлакатнинг бошқа бир ҳудудидан келиб ишга жойлашиш, яшаш учун келганлардан аввало, “прописка” сўраларди. Шундай бўлардики, прописка сабаб ишдан бўшаб кетганлар ҳам бўлди. Хорижга чиқиб келишда эса отангга бор, онагга бор қабилида бюрократик тўсиқлар бўлгани ҳамон ёдимизда. Пахта йиғим терими мавсумида ўқувчиларнинг теримга жалб этилиши узоқ йиллар давом этган ёқимсиз амалиёт эди. Натижасини таълим сифатининг пасайишида ва бошқа кўплаб жиҳатларда кўриш мумкин.

    Сирасини айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, фуқароларимиз онгу шууурида ҳаётдан розиликларини кўраётганимиз бор гап.

    Албатта, ҳали олдинда қилинадиган ишларимиз салмоғи кўп. Мақсадимиз жонажон Ватанимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш ва бу йўлда бор тажрибамиз ва кучимизни сафарбар этишдир.

    Хайрулло ГАППАРОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикери ўринбосари

    Ислоҳотлар халқчил, натижалар самарадор

    Яна саноқли кунлардан сўнг биз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз истиқлолининг ўттиз йиллигини нишонлаймиз. Таъбир жоиз бўлса, биз Мустақиллик аталмиш улуғ иншоотимизга уч ўн йиллик масофадан туриб қараймиз, холисона баҳо берамиз, ютуқларидан ғурурланамиз, фахрланамиз. Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатида Ўзбекистон халқининг мустақилликка эришган дастлабки даврларга назар ташлаб, осон бўлмаганлигини, халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан улкан марралар забт этилганлиги, тарихан қисқа муддатда Ўзбекистон конституциявий давлат бўлиб барпо этиланганлиги ва унда учта мустақил тармоқ-қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топганлигини алоҳида эътироф этди.

    Тан олайлик, истиқлол йиллари, айниқса, шиддатли, баланд суръатли ислоҳотлар билан кечган кейинги беш йил мобайнида мамлакатимиз чиндан-да демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланди. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча ҳаётий воқеликка айланди.

    Ушбу суҳбатни мутолаа қиларканман, кўнглимда ўзим яшаб турган Ватан учун ифтихор ҳислари жўш урди. Зеро, шу юрт — ҳаммамизники. Унинг ютуқлари, муваффақиятлари, оламшумул зафарлари — ҳар биримизни ва барчамизники!

    Албатта “Янги Ўзбекистон” ғояси ўз-ўзидан, йўқ жойда пайдо бўлиб қолмади. Бу ғоя тарихий зарурат, эҳтиёж ҳосиласи бўлди. Президентимиз сўзлари билан айтганимизда, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

    Шубҳасиз, биз мана шундай янги макон, янги замон бунёдкорлари сафида бўлаётганимиздан мамнунмиз.

    Энг муҳими, бу масъулиятли жараёнда мақсад ва унга элтар йўллар аниқ белгилаб олиниб, мамлакат миқёсида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзгаришларнинг барчаси адолат ва яна адолат тамойилига қатъий амал қилинган ҳолда, ҳаётга татбиқ этилди. Ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига қатъий ишонч пайдо бўлди. Халқнинг бундай ишончи эса ҳар соҳада мўъжизалар яратишга қодир.

    Барча ижобий ўзгаришлар аввало одамлар турмуш тарзида, кундалик ҳаётида юз кўрсатади. Ўзингиз бир тасаввур этиб кўринг, бундан олти-етти йил муқаддам мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечишни тасаввур этиб бўлармиди? Ёки электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали бемалол нақд пулга айлантириш, хорижий валюталарни банклардан истаганча сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйишни-чи? Тасаввур этиб ҳам бўлмасди. Аммо бугун улар амалдаги воқеликка айланди, ваҳоланки, Юртбошимиз сўзлари билан айтганимизда “бу билан осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Аксинча, бюрократия, вазифани суиистеъмол қилиш, тамагирлик кўринишлари камайиб, жамиятимиз ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади”.

    Ҳаёт эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади... Шу эмасми эл манфаати йўлида амалга оширилган ислоҳотларнинг асл моҳият-мазмуни...

    Этироф этамиз, биз яхши яшай бошладик. Табиийки, шунга мутаносиб равишда истеъмол талабимиз ва эҳтиёжларимиз ҳам муттасил ортиб боради. Еримиз, сувимиз сингари ресурсларимиз эса ўз-ўзидан кўпайиб қолмайди. Нима қилиш лозим? Президентимиз ўз интервьюсида замонавий тамаддуннинг энг муҳим, энг устувор жиҳатини қайд этади: “ Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт”.

    Чиндан ҳам, билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш эвазига Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида янада кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айлантира оламиз.

    Шунингдек, Президентимиз мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида энг устивор 6 та вазифага тўхталди. Шулар ичида бешинчи уствор вазифа сифатида “пандемия даврида халқимизниг соғлиғи ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда” деб таъкидлаб, айнан шу мақсадда 2021 йил учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира шакллантирилганлиги ва ушбу маблағ ҳисобидан бугунги кунда тиббиёт соҳасида жуда кўплаб зарур чора тадбирлар амалга оширилаётганлиги атаб ўтилди. Шунинг билан бирга тиббиёт соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, соҳани кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам асосий вазифалардан бири эканлигига тўхталиб ўтилди. Айниқса, жойларда етишмаётган гемодиализ, тиббий диагностика ва реаблитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаётганлиги сабаб давлат-хусусий шерикчилигини амалиётга кенг жорий этиш масалалари ўта долзарбдир.

    Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур интервьюсиз барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги дастуриамал режаларнинг концептуал асослари дея бахолашимиз мумкин. Бизнинг зиммамизга юкланган улуғвор тарихий вазифа эса — Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлиш масъулияти ва шарафини асло унутмасдан меҳнат қиламиз.

    Зухра ИБРАГИМОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикери ўринбосари,

    “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

    Ёшлар — халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи

    Мамлакатимиз раҳбари қаерда сўзламасин, маъруза қилмасин ҳар доим таълим, тарбия масаласига алоҳида тўхталади. Чунки таълим, нафақат ёшлар, келажаги, балки ўтмишимиз, менталитетимиз, буюк қадриятларимиз билан ҳам боғлиқ.

    Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатида айни шу йўналишга ҳам алоҳида тўҳталиб ўтди.

    “Ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз”, деб таъкидладилар.

    Ёшлар — кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади.

    Тарихдан бизга маълум, илм-фан соҳасида буюк кашфиётларни амалга оширган, умумбашарий тафаккур ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг меъросларига содиқ фарзандларимиз келгусида ўзларининг билим ва янгича ғоялари асосида кўзлаган мақсадларимиз сари бормоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг “Юртимизда янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, мирзо улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир” деган сўзлари барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз бўлиб қолади.

    Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони ортиб боргани, хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилгани ва қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришилгани, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.

    Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир.

    Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, ўтган йилги тажрибамизни янги босқичга кўтариб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган эътиборнинг амалдаги намунасидир.

    Мамлакатимизда узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.

    Айниқса, навқирон ўғил-қизларимизнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга давлат миқёсида катта аҳамият берилганлиги ҳар бир ёшни келажакка ишонч билан дадил қадамлар ташлашга ундамоқда.

    “Биласизми, дунёдаги давлатлар, халқларнинг ривожланиш даражасини кўрсатадиган мезонлар, параметрлар кўп. Лекин мен учун шу борадаги энг муҳим мезон — бу ёшларимизнинг бахти, камолидир,” деди президентимиз.

    Бу билдирилган ишонч, яратилган шароит ва қаратилган эътиборни масъулият билан англаган ҳар бир ёш, албатта, уларнинг ижроси учун ҳам лаббай деб жавоб бера олади. Чунки бу юртнинг аждоди буюк, авлодида эса мана шу буюклик қони оқмоқда.

    Турсиной МУРАТОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси

    Энг долзарб масалалар таҳлил қилинган

    Охирги йилларда биз том маънода ўзгаришлар, янгиланишлар эпкинида яшаяпмиз. Янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги сифатида дунё эътироф этаётган ислоҳотларга нафақат шоҳид бўляпмиз, балки барчамиз узоқ йиллар кутган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган катта қадамларни биргаликда ташлаяпмиз.

    Шу маънода, “Янги Ўзбекистон” газетасининг 17 августь сонида “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” сарлавҳаси остида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бош муҳаррир Салим Дониёров билан суҳбати ана шундай ўзгаришларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға эмас. Мен ҳам кўплар қатори давлатимиз раҳбарининг саволларга берган жавобларини жуда катта қизиқиш билан ўқидим. Суҳбатда қайд этилган долзарб масалалар билан танишиб чиқдим.

    Юртбошимиз таъкидлаганларидек, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси 15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси, демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий, албатта. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган. Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт. Президентимиз бу масалани таъкидлабгина қолмай, уларни ечиш механизмларини шу кунга қадар қадамма-қадам ечими билан кўрсатиб келмоқдалар. Буларнинг барчаси эса одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга қаратилганига шак-шубҳа йўқ.

    Халқимиз турмуш тарзи ҳақида гап борганида, сўнгги йиллардаги имкониятлар, ўзгаришларни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Президентимиз ташаббуси ва талаби билан одамларни рози қилишга қаратилган ишлар ҳар бир маҳалла, хонадонларга кириб борди. Ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмади. Кам таъминланган оилалар учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” сингари самарали тизимлар жорий этилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил асосида барча идора-ташкилотлар фуқароларнинг дардига қулоқ тутидиган, уларни тинглайдиган бўлди. Мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш кўрсаткичлари одамлар турмуш шароитида ўз аксини топа бошлади. Суҳбатни ўқир эканман, ана шундай энг муҳим, долзарб масалалар борасидаги таҳлиллар менда жуда катта таассурот қолдирди.

    Биз ислоҳотларни шаҳдам амалга ошираётган бир даврда коронавирус пандемияси дунё халқлари қатори юртимиз учун ҳам оғир келгани рост. Ана шундай долзарб шароитда давлатимиз раҳбарининг халқимиз соғлиғини асраш ва ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган сиёсати сабабли, коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичларининг сони ошиб кетишига йўл қўйилмади. Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилишининг ўзи ҳалқимиз сарсон-саргардонлигининг олдини олди.

    Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чоралари кўрилди. Бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори штат бирлиги ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ҳодимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилиши шифокор ишини енгиллатибгина қолмай, узоқ чекка худуд аҳолисини ҳам тиббий хизматлардан баҳрамандлигини оширди.

    Албатта, соҳаларни ислоҳ қилиш жараёнида муаммолар ҳам кўзга ташланади. Мамлакатимизда хусусий тиббий клиникалар очишга кенг имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, жойларда гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаяпти. Президентимиз ана шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратгани ҳолда, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди.

    Тиббиётдаги яна бир мураккаб муаммо — юқори малакали кадрлар етишмаслигидир. Шу боис янги ўқув йилидан бошлаб клиник ординатуранинг қабул квотаси икки баробар оширилиши, вилоят ҳокимликлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган ана шундай мутахассис шифокорларни тайёрлашга маҳаллий бюджетдан грантлар ажратилиши молиявий муаммо туфайли ўқий олмаган бакалавр врачларимизнинг орзуси эди.

    Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция ҳолатлари кузатилгани, албатта, ачинарли ҳолат. Халқимиз бошига кўринмас ёв ҳужум қилиб турган бир вақтда айрим инсонларнинг бойлик йиғиш, даромад орттиришга ружу қўйиши инсонийликка зид амал. Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқлангани ва айбдорлар қонуний жазога тортилгани, шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилаётгани Президентимиз билан мулоқотда ҳам таъкидланди.

    Бугун саломатликни асраш барчамиз учун энг муҳим масалалардан бирига айланган. Шу жиҳатдан, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида, аввало, ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак. Айниқса, коронавирус пандемияси ер юзи, жумладан, юртимизда ҳам тарқалишда давом этаётган ҳозирги пайтда бунинг аҳамияти юқори. Шунинг учун мамлакатимизда тегишли тиббиёт марказлари, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг етарли захираси шакллантирилди.

    Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида, куюнчаклик билан тўхталар экан, коронавирус ҳали ҳам ёнимизда, биз билан бирга яшаётгани, шу боис, бепарволикка, лоқайдликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ эканини таъкидлади.

    Юртбошимиз яна бир бор халқимизни ўз соғлиғига маъсулият билан қарашга, хавфли касалликка қарши эмлаш тадбирларида фаол иштирок этишга чақирдиларки, бу албатта, ҳар бир инсон ҳаётига, оиласига бефарқ бўлмаслиги кераклигига қаратилган даъватдир.

    Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates