Бу кун, ҳеч шубҳасиз, дунё конституциявий амалиёти тарихида янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг самараси рўёбга чиққан — янгиланган халқчил Конституция маъқулланган сиёсий-ҳуқуқий воқеа — аҳил халқимизнинг қатъий хоҳиш-иродаси ифодаланган, ноёб ва муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган сана сифатида алоҳида эътироф этилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституциянинг чинакам ташаббускори ва муаллифи халқимиздир.
Тарихга назар
Замон ва макон чиғириқларида синалган конституциялар ҳар бир давлатнинг бош қонуни сифатида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатловчи, ижтимоий тузум негизи, давлат бошқарувининг шакли, тузилиши, давлат ҳокимияти органлари ташкил этилиши, ваколат чегаралари ва муносабатлари асослари белгиланган муҳим ҳужжат сифатида шаклланади.
Инсоният кўп асрлар аввал ҳам жамиятда конституцияга монанд бир асосий ҳужжатга доим эҳтиёж сезган. Ўша ҳужжатга барча фуқаронинг итоат қилиши, жамият тинчлиги, осойишталиги ва равнақининг муҳим шарти деб қаралган.
Мутафаккир Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асари бунга яққол мисол бўла олади. Соҳибқирон Амир Темурнинг ўз даврида муҳим қўлланма бўлган “Темур тузуклари”да эса давлатнинг сиёсий фаолиятидаги йўл-йўриқлар акс этган.
Бугун сайёрамизнинг энг глобал тузилмаси — БМТга аъзо 193 давлатнинг ҳар бири такрорланмас бўлиб, уларнинг ўзига хос — уникал хусусияти, мақсади ва тараққиёт йўли, жамият тузилиши ва қиёфаси, давлатчилик модели мавжуд. Зеро, ҳар бир халқнинг тараққиёт йўли, турмуш ва тафаккур тарзи, тарихий анъанаси, ҳаётга муносабати ва бошқа ўзига хослигидан келиб чиқиб, энг муҳим ижтимоий муносабатларни тизимли ҳуқуқий тартибга солишнинг бу усул ва ёндашувлари, аввало, уларнинг конституциясида муҳрланган.
Конституциявий таълимотларга мувофиқ, ҳар қандай конституция ўз моҳият эътиборига кўра, ижтимоий тузум шаклидан қатъи назар, янги мазмундаги давлатчилик ва унинг институтларини таъсис этувчи, давлат бошқарувини вертикал ёки ҳудудий жиҳатдан ташкил қилувчи, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширувчи, давлат ва жамият мақсадларига мос тарбиявий-мафкуравий йўналтирувчи, тинчлик, хавфсизлик ва тартиботни таъминлаш учун ҳуқуқий тартибга солиш каби тўртта асосий вазифани бажаради.
Хўш, бундай турли-туман конституциялар оламида янгиланган бош қонунимизнинг ўрни қандай? Унинг қандай ўзига хос жиҳатлари бор?
Мамлакатларнинг ҳуқуқий тизими, амалдаги конституцияси ва халқаро ҳуқуқий стандартлар билан ўзаро уйғунлигини ўрганиш, қиёслаш ва таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини ўзига хос қадриятлар жамланган халқчил, ноёб ҳуқуқий ҳужжат деб айтиш учун барча асос бор.
Буюк ғоялар инъикоси
Аввало, референдумга қадар Конституция ва лойиҳасидаги норма ҳамда принциплар мазмун-моҳияти ва мамлакатимиз ривожидаги аҳамияти юзасидан кенг миқёсда умумхалқ муҳокамаси ташкил этилиши, унда юрт равнақи ва келажаги учун бефарқ бўлмаган ёшу кекса фаол қатнашиши натижасида янги таҳрирдаги Конституцияда аҳолининг барча қатлами манфаатлари ўз аксини топди. Натижада Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ишонч билан “Бу — менинг Конституциям!” деб айта оладиган даражадаги ноёб ҳужжат вужудга келди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг муҳим жиҳати, унинг барча аҳоли қатлами манфаатлари ҳамда жамиятдаги хилма-хил қарашларни ўзида мужассам этганидир.
Иккинчидан, конституциявий ислоҳотлар давлат ва жамият бошқаруви тизимидаги ёндашув ва фаолият тамойилларини тубдан ўзгартириш учун асос бўлди. Эскича дунёқарашнинг “давлат — жамият — инсон” тамойили ўрнига “инсон — жамият — давлат” ғояси ўзаро муносабатлардан барчасининг мустаҳкам негизи сифатида янгиланган Конституцияга асос қилиб олинди.
Буларнинг барчаси Президентимизнинг “Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир”, деган концептуал ғоялари билан чамбарчас боғлиқ.
Учинчидан, билдирилган таклифлар асосида янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилди. Бунда давлат ва жамият тараққиёти мафкураси, Ўзбекистон халқининг конституциявий-ҳуқуқий ижодкорлигининг ўзига хослигини акс эттирувчи конституциявий қадриятлар белгиланди. Кўп миллатли халқимизнинг иродасини рўёбга чиқаришда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият деб тан олинди.
Тўртинчидан, унда ўз моҳиятига кўра, амалга оширилган конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсад ва хусусиятини намоён қилувчи, давлатчилик мазмунини тубдан ўзгартирган — Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатидаги давлат-ҳуқуқий мақомини мустаҳкамловчи янги тамойиллар белгиланди.
Шунингдек, конституциявий амалиётимизда биринчи маротаба Конституциямизнинг 1-моддасидаги ва 154-моддасининг иккинчи қисмидаги қоидалар қайта кўриб чиқилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу, ўз навбатида, юқорида кўрсатиб ўтилган конституциявий тузумга хос белгиларнинг барқарорлиги ва ўзгармаслигининг ҳуқуқий кафолатидир.
Бу норма ва принциплар Конституциямиздаги миллий давлатчилигимизга хос ҳуқуқий қадриятлардан бири бўлиб, инсон ва ҳуқуқларига олий ҳуқуқий мақом берадиган, барча одамнинг ижтимоий ҳимояси ва қонун олдида тенглигини баробар таъминлайдиган самарали ҳуқуқий механизм вазифасини ўтайди.
Конституциямизнинг асосий мақсади мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва демократияни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тизимини белгилашдир. Шу маънода, конституция ижодкорлари ушбу масаланинг мақбул ечимига эришганини кўрамиз.
Бешинчидан, унда миллий давлатчиликни такомиллаштиришнинг янги босқичида конституциявий ривожланишнинг устувор йўналиши сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятларга, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқат, инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш белгиланди. Бунинг учун Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиши акс этди.
Олтинчидан, демократик янгиланиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясининг энг муҳим кафолати сифатида Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш механизми сезиларли даражада мустаҳкамланди. Асосий қонун мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши илк бор муҳрланди.
Еттинчидан, ҳуқуқий давлат учун зарур бўлган ўта муҳим талаб — Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Конституция асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосий қонунимизнинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Шунингдек, Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари, ушбу ҳужжатнинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принцип ва нормаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмаслигига оид талаб мустаҳкамланди.
Саккизинчидан, юқоридаги санаб ўтилган ва Конституцияда фуқаролар ҳамда юридик шахслар учун белгиланган ҳуқуқларни кафолатлаш механизми такомиллаштирилди. Хусусан, Конституцияга мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситасидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан бевосита Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланди.
Тўққизинчидан, Конституцияда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши мустаҳкамланди. Шунингдек, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши зарур.
Ўнинчидан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий қадриятлардан фойдалана олишни таъминлаш борасида кўплаб нормалар янги таҳрирдаги Конституцияни бойитди. Фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олиш ҳуқуқи, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш чораларини кўриши белгиланди.
Шу билан бирга, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил тури ва шакли, давлат ва нодавлат таълимнинг ривожланишини таъминлашига оид нормалар, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилди.
Тадрижий қиёслаганимизда янги таҳрирдаги Конституциямизни дунёдаги энг замонавий конституциялар сафига олиб чиқишга хизмат қиладиган, халқимизнинг тинч ва фаровон яшаши, олдига қўйган олий мақсадларига йўналтирадиган бу каби янги мазмундаги нормалар миқёси ва қамрови яққол кўринади. Масалан, янгиланган Конституциядаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошган. Бошқача айтганда, асосий қонунимиз матни халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида янгиланган ва деярли 65 фоизга ортган.
Конституция ва қонун устунлиги
Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади” деган сўзлари бевосита асосий қонунда акс этган муҳим конституциявий принцип — Конституция ва қонуннинг устунлиги деган бобнинг алоҳида ўрнини ва аҳамиятини белгилаб беради.
Дарҳақиқат, замонавий конституциявий назарияда Конституция ва қонун устуворлиги принципини таъминлаш талаби демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезонидир.
Чунки ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови қонун устуворлиги таъминланишига бевосита боғлиқ. Қонун устуворлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт демакдир.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддаси биринчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг ўз юридик кучи жиҳатидан мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида мутлақ устуворлиги белгиланган. Зеро, Конституция бошқа ҳуқуқ манбаларидан ўзининг ижтимоий муносабатларни фундаментал жиҳатдан тартибга солиши билан ажралиб туради. У давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий тизими асосларини белгилаб беради. Ҳуқуқий давлатга хос ушбу принцип орқали Ўзбекистон ҳудудида давлат суверенитети мазмуни ўзининг юридик ифодасини топган.
Ушбу қоида мазмун-моҳиятини янада тўлиқ англаш учун унга Конституциянинг бошқа қоидалари билан уйғун қараш лозим. Гарчи Конституция ва қонунлар устунлиги биргаликда, ёнма-ён ишлатилган бўлса-да, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ тизимида уларнинг юридик кучи ва устунлик даражаси ҳар хил. Чунончи, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ягона ҳужжат сифатида тўғридан тўғри амал қилади ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида қўлланиши шарт.
Конституциянинг 16-моддаси иккинчи қисмига кўра, унинг асосида қабул қилинган қонунлар, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлмаслиги керак. Шундай экан, Конституция билан бир қаторда қонунларнинг устунлиги ҳақида гап кетганда, мазкур моддада инкор қилиб бўлмас қатор узвий шартлар, яъни аввало, қонунларнинг Конституцияга мос бўлиши, иккинчидан, Конституцияда белгиланган тартибда қабул ва эълон қилиниши каби талабларга риоя этилишининг шартлиги ҳам назарда тутилган.
Янги таҳрирдаги Конституция ва унга асосланган ҳолда қабул қилинган ҳар бир қонун ўзида Ўзбекистон Республикаси юрисдикциявий чегарасини ҳамда давлат органларининг ваколати доирасини белгилайди.
Соддароқ айтганда, Конституция — қонунлар қонуни, давлатнинг олий қонунидир. Унинг талаблари барча давлат ва ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилот ва муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳар қандай мансабдор шахс ҳамда фуқаро, шунингдек, мамлакат ҳудудида жойлашган хусусий юридик шахслар ва фуқаролигидан қатъи назар, барча жисмоний шахс учун мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “тўғридан тўғри амал қилади” деган нормасининг маъноси, унинг қоидаларини ўзида аниқлаштирадиган ҳамда ривожлантирадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ёки йўқлигидан қатъи назар, ҳеч қандай шартларсиз амалга оширилиши зарурлигини англатади.
Албатта, Конституцияда бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатсиз уни ижро этиш имкони бўлмайдиган конституциявий нормалар ҳам мавжуд.
Аксарият конституциявий нормалар ҳеч қандай тўсиқларсиз бевосита қўлланиши ва ижро этилиши мумкин. Бироқ конституциявий нормалар қонун ҳужжатлари орқали аниқлаштирилмаса ва ривожлантирилмаса, ҳаётда уларни қўллаш натижасида кутилмаган номувофиқликлар юзага келиши ҳамда миллий юридик нормалар тизимида кўплаб катта-кичик бўшлиқлар пайдо бўлиши хавфи туғилади.
Шу боис, агар аниқлаштирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзи мавжуд бўлмаса, ижро этувчи ёки ҳуқуқни қўллашга масъул орган бевосита Конституция асосида зарур қарорни қабул қилиши шарт. Ушбу қарорнинг тўғри ёки нотўғрилигини эса, низо вужудга келган тақдирда, тегишли суд ҳал қилади. Бундай қарорларнинг тўғрилиги уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги билан эмас, балки Конституция талабларига зид эмаслиги ҳамда мазкур қарорни қабул қилган давлат органи ёки фуқаролик жамияти институтлари ёхуд мансабдор шахснинг ваколатлари доирасига кириши билан белгиланади.
Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилишида 2023 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми томонидан “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилингани улкан аҳамият касб этади.
Унга мувофиқ, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ҳамда Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги белгиланди. Судлар Конституция нормасини тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмагани важи билан қўллашни рад этишга йўл қўйилмаслигига эътибор қаратиши таъкидланди.
Пленум қарори билан муайян ишда қўлланиши зарур бўлган Конституциянинг нормасида бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилинганда, ишни кўриб чиқаётган судлар Конституция ва тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунга асосланиши лозимлиги тушунтирилди.
Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Жумладан, судлар томонидан биргина 2025 йилнинг биринчи чораги давомида 54 минг 995 иш бўйича Конституция нормалари тўғридан тўғри қўлланган қарорлар чиқарилгани эълон қилинди.
Шунингдек, муайян ишларда қўлланиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга зидлиги аниқланган тақдирда, судлар Олий судга шу масалада Конституциявий судга мурожаат қилиш юзасидан таклиф киритишлари лозимлиги белгиланди.
Қарорда судларнинг эътибори айрим тоифадаги ишларни кўриб чиқиш пайтида Конституциянинг судлар назарда тутиши лозим бўлган қатор жиҳати очиб берилган. Жумладан, судлар Конституция ва қонун ёки бошқа норматив ҳужжат ўртасида зиддият аниқланди, деган важ билан Конституция нормасини қўлламасликка ҳақли эмас.
Мабодо умумий юрисдикция суди қайсидир қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид, деган хулосага келган тақдирда, белгиланган тартибда бу қонуннинг конституциявийлигини текшириш учун Олий суд орқали юбориладиган сўров билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга мажбурдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мос келмайдиган ҳужжатлар белгиланган тартибда бекор қилиниши керак. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ўртасида яққол зиддиятлар мавжуд бўлган тақдирда, Конституция нормалари ижро этилиши лозим. Бу унинг устунлигини ифодалайди.
Бу каби механизмлар юқорида кўриб чиқилган Конституция ва унга асосланган қонунлар устунлигини таъминлашга, ҳуқуқий давлатга хос Ўзбекистондаги барча қонун ҳужжатларининг энг муҳим принципларидан биридир. Конституциянинг устунлиги принципи пировард натижада кенг миқёсли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизими яхлитлигини, ягона, барқарор ва ўзаро мувофиқлаштирилган миллий ҳуқуқий тизим бўлишини таъминлайди.
Тизимли ислоҳотларнинг юксак самараси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билишимиз, бунинг учун, аввало, уни ёшларга ўқитишни тўғри ташкил этиш, иккинчидан, юртимиздаги ёшу кекса Конституцияга таяниб яшашни ҳаётимизнинг бош мезонига айлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши лозим деб ўйлаймиз.
Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганидан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 8 май куни муҳим ҳужжат — “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинган эди.
Унда Конституцияни амалга оширишга оид кўплаб вазифалар қаторида янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, Конституцияни ўрганиш бўйича барча таълим турлари ва босқичлардаги ўқув режа ва таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни янги таҳрирдаги Конституция норма ва қоидаларига мослаштириш бўйича белгиланган вазифалар мамлакатимизда ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни назарда тутган эди.
Дарҳақиқат, Конституцияни ўрганиш бир марталик тадбир эмас. Унинг мунтазам ва тизимли амалга оширилиши кутилган натижани беради. Фармон айнан ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозир умумий ўрта таълим мактабларида давлат ва ҳуқуқ асослари фани 8-11-синфларда ҳафтасига бир соатдан жами ҳар бир синфда ўқув йили давомида 34 соат ўқитилади.
Янги таҳрирдаги Конституция асосида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун мўлжалланган дарсликлар босқичма-босқич янгиланаётгани ҳам қувонарли. Хусусан, давлат ва ҳуқуқ асослари фани дарслиги, “Конституцияни ўрганамиз” номли қўлланма ҳамда давлат ва ҳуқуқ асослари дарслигини ўқитиш бўйича “Ўқитувчилар учун методик қўлланма” китоби янгидан ишлаб чиқилган. Бу жараён давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давр синовларида сезиларли ривожланиш босқичларини ўтаб, мамлакатимизда замонавий ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашда улкан аҳамият касб этмоқда.
Бу жараён Ўзбекистонда ҳам дунёда кечаётган конституциявий ривожланиш тенденциялари — демократиянинг ривожланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳокимиятлар бўлиниши ва ўзаро тийиб туриш механизми, глобал стандартлар ва ижтимоий-экологик масалаларга ҳамоҳанг равишда ижобий ечим топаётганини кўрсатади.
Конституциявий ислоҳотларнинг меваси сифатида халқимиз иродаси билан ҳаётимизга жорий этилган ушбу ноёб ҳужжатда акс этган “шахс — жамият — давлат” йўсинидаги янги модель миллий қонунчиликка кенг сингдирилмоқда. Айни пайтда янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида “инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри — энг муҳим қадрият” сифатида ҳуқуқий амалиётга ва турмуш тарзимизга кенг жорий этилмоқда. Тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш учун янги мазмундаги конституциявий тузумни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётир.
Меҳнаткаш халқимиз мамлакатимиздаги тизимли ва дадил ислоҳотларнинг бош ғоявий муаллифи — давлатимиз раҳбарининг эзгу саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаб, юртимиз тақдирига бирдек масъулмиз, дея кенг қамровли янгиланиш ва ўзгаришларни амалга оширишга елкадош, ижросига фаол камарбаста бўлмоқда. Буларнинг барчаси янги Ўзбекистонни барпо этишда халқимизнинг бирдамлиги ва аҳиллиги бераётган юксак самараларга ёрқин мисоллардир.
Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган юрист








