Жумладан, 30-апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири овоз берувчиларнинг 90,2 фоизи томонидан маъқулланиб, 1-майдан кучга кирди.
Конституция авваламбор давлат билан фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаб, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга
ва тўғридан-тўғри амал қилувчи энг муҳим ҳужжатдир.
Янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат бўлди. Шакл ва мазмун жиҳатидан деярли 60 фоизга ўзгарди.
Конституцияда Ўзбекистон ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида эътироф этилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик, бошқарма ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда норасмий “тўртинчи ҳокимият” ҳисобланувчи оммавий ахборот воситаларига оид муҳим нормалар белгиланиб, ОАВ вакилларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва улар фаолиятининг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланди.
Янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг энг муҳим жиҳатлари шундан иборатки, Конституциянинг 1-моддасида мамлакатимиз ҳуқуқий давлат сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикасини ҳуқуқий давлат сифатида белгиланиши жуда муҳим сиёсий аҳамиятга эга. Буни қуйидагиларда кўришимиз мумкин:
Жумладан, Конституция олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади. Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади. Ўзбекистонда барча мулк шакллари тенгдир ва ҳуқуқий томондан ҳимоя қилинади.
Бироқ, сўнгги йилларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкларини қонунга зид равишда олиб қўйиш, халқ тили билан айтганда “снос” масалалари кўплаб фуқароларни ташвишга солиб келаётганди.
Ҳар бир инсонда бир марта бўлса ҳам уй-жойи, мулки дахлсизлигидан хавотир туйғуси ўтган.
Ушбу ҳолатларни келгусида такрорламаслик ҳамда юртимизда мулк дахлсизлиги, хусусан уй-жой масаласида фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида янги Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда бозор қийматида қопланиши таъминланиши кафолатланди.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон – ижтимоий давлат сифатида эътироф этилди. Яъни, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлайди. Ишсизликдан ҳимоя қилади, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.
Ижтимоий давлат сифатида белгиланишининг яна бир исботи - ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди.
Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Ушбу норма бир қараганда оддий сўзларга ўхшаб кўриниши мумкин. Лекин уй-жойга эга бўлиш, бу борада давлат томонидан ёрдам кўрсатилиши инсон ҳаётида жуда муҳим роль ўйнайди.
Бундан ташқари, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлатнинг энг асосий вазифаларидан бири эканлигини ҳисобга олган ҳолда Конституцияда фуқароларга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми бепул кўрсатилиши белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳат. Конституцияда “Инсон қадри учун” тамойили устувор ўрин эгаллади.
Жумладан, ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қайд этилди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Шундан келиб чиқиб, кўришимиз мумкинки, жойларда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар, аҳоли муаммоларини энг юқори даражадаги раҳбардан тортиб, оддий ходимгача маҳаллаларга тушган ҳолда ўрганилиши, фуқаролар муаммоларини ҳал этилиши, аҳоли хонадонларига борган ҳолда сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши, шунингдек, барча давлат хизматларидан давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали фойдаланиш, шу жумладан, давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкониятлари яратилганлиги бевосита инсон қадрини улуғлаш учун хизмат қилади.
Ваҳоланки, илгарилари, оддий битта ишимизни битиришимиз учун ўнлаб идораларга бевосита бориб, ортиқча вақт, асаббузарликлар, ортиқча харажат қилинганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Буларнинг барчаси албатта инсон қадри, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Тадбиркор ва ишбилармонлар ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари яратилди.
Биламизки, юртимизда бозор иқтисодиётига асосланган барқарор иқтисодиётга ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил сиёсат олиб бориляпти.
Бу эса ўз навбатида тадбиркорларга, маҳаллий ва хорижий инвесторларга мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар яратилишини талаб этади.
Шундан келиб чиқиб, янги Конституцияда давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши қайд этилди.
Бундан ташқари, Конституциянинг 68-моддасида ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгиланди.
Ушбу ўзгариш ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлиб, илгари фуқаролар ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлмаган, фақатгина бино-иншоотга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқлари мавжуд бўлган.
Эндиликда, исталган фуқаро ерни ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида онлайн аукцион орқали сотиб олиб, ўзининг хусусий мулкига айлантириши мумкин.
Хулоса ўрнида айтишмиз мумкинки, янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Ушбу Конституция юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан ривожланишига, аҳолимиз турмуш фаровонлиги ҳамда қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлашига ишонамиз ва барчамиз бу йўлда астойдил ҳаракат қилишимиз лозим.
Абдуманноп Буриев,
Фарғона вилоят
адлия бошқармаси бошлиғи.