Ҳаётимнинг чорак қисмини пахта териб, ўқитувчилик фаолиятимда эса талабаларни далага ҳайдаб умр ўтказдим

    Конституциямизнинг янги лойиҳасини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим.

    Мактабда ўқиётган пайтларим Конституциямизнинг 128 моддасини сўзма-сўз ёд олганим учун янги лойиҳадаги ҳар бир модда, ҳар бир сўзнинг ўзгариш ва янгиланиши, қўшимчалар билан бойитилганлигини дарров пайқадим.

    Эътиборимни тортгани Қомусимиздаги “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” номли бўлими бўлди.

    Ушбу бўлимга қўшилган “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши;

    Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги бандлар бу давлатимизнинг бугунги инсонпарвар сиёсатини ўзида акс эттирмоқда. Шунингдек, бу бўлимнинг “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” бобидаги 8 та модда маъно ва мазмун билан бойигандан ташқари, яна 3 та муҳим модда қўшилган.

    Масалан, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги;

    шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги;

    ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;

    агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги каби янги қўшилган модда ва бандлар давлатимиз олиб бораётган - ҳуқуқий давлат қуриш сари ислоҳотларимиз ортга қайтмас тараққиёт йўлида эканлигимиздан далолат беради.

    Шунингдек, “Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари” бобида эса Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар бобидаги меҳнатга ҳақ тўлашда муносиб турмуш тарзининг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилмаслик, уни бўшатиш, иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар тақиқланиши каби ижтимоий ҳуқуқлар мустаҳкамланган. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланиши ҳам қайд этилган. Бу каби киритилган инсонни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган янги бандлар Янги Ўзбекистонда инсон қадри юқори даражаларга кўтарилаётганидан дарак беради.

    Тан олиш лозим, амалдаги Конституциямизда экология масаласига унча эътибор қаратилмаган эди. Масалан, “Экология сўзи фақатгина ”фуқароларнинг “экологик муҳитга зарар етказмаслик” бурчи эканлиги белгиланган. Ҳозирги лойиҳада эса Ўзбекистондаги экологик шароит ҳисобга олиниб, экологик ҳуқуқ инсоннинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлари қаторига киритилган. Нафақат бизни, балки бутун Марказий Осиёни ташвишлантираётган Оролбўйи экологик муаммосини бартараф қилиш масалалари Конституциямизнинг янги лойиҳасидан жой олди. Дарҳақиқат, 31 йил олдин экологик хавфсизлик билан боғлиқ масалалар бугунги кундагидек долзарб аҳамият касб этмаган эди.

    Конституциямизда кўпчилик ёд биладиган энг кичик моддалардан бири – соддагина 18 та сўздан иборат бўлган таълим олиш ҳақидаги 41-модда эди. Бу модда янги лойиҳада Янги Ўзбекистонга хос тарзда сифатли таълимни келажагимиз кафолати сифатида белгилайдиган батафсил 3 та модда асосида баён қилинмоқда. Бу ерда биринчи марта мактабгача таълимнинг ҳам давлат назоратида эканлиги белгилаб қўйилган. Биз нақадар аччиқ бўлмасин мустақиллигимизнинг чорак асрида боғчаларимизни ҳароба аҳволга олиб келганимизни ҳам тан олишимиз керак. Аҳир инсон умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини боғча ёшида қабул қилади-ку. Олий таълим ҳақида ҳам Конституциямизда алоҳида таъкидланмаган эди. Янги лойиҳада олий таълим ташкилотлари учун қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш каби дунёвий, ривожланган давлатларга хос эркинликларнинг мустаҳкамлаб қўйилаётганлиги ҳар бир зиёлини ҳурсанд қилиши табиий.

    Яна янги таҳрирдаги конституцияда фуқароларнинг бурчлари қаторига илмий меросни авайлаб асраш, давлат томонидан илмий мерос мухофаза қилиниши белгиланди.

    Амалдаги конституциямиздаги “Оила” боби “Оила, болалар ва ёшлар” боби сифатида янгидан таҳрирланиб, ёшларга ғамҳўрлик, уларнинг ижодий, интеллектуал, жисмоний ривожланишлари учун шарт-шароитлар яратилиши ҳақидаги янги моддалар билан бойитилган.

    Шу билан бирга халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар Конституциямизнинг янги лойиҳасига киритилган.

    Шу ўринда болалагими билан боғлиқ фикрларни келтириб ўтсам.
    11-синфни битираётган вақтларимда (мустақилликка эришганимизнинг ўн иккинчи йили) биз пахта далаларидаги (пахта даласини ёввойи ўтлардан тозалаш, “чканка” номли пахтага ишлов бериш каби) жабр-у ситамларимиз эвазига “5” баҳо олаётган, устозларим эса гуруҳ–гуруҳ бўлиб қишлоқдаги оғилхоналардан гўнг йиғиб, колхоз, ширкат хўжалиги даласига гўнг ташиётган, қишлоқ фермасига ўрта асрларга хос бегор тизими каби йўл бўйларидаги ёнтоқларни чопиб (“Молўтоқ” деб номланарди) фермага топшираётган вақтларимиз бугунги таълим соҳасидаги, умуман бутун жамиятимиздаги бу ислоҳотлар ҳақида ҳатто тасаввур қилиш ҳам мушкул эди, назаримда. Эсимни таниганимдан то университетда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлагунимга қадар йилнинг чорак қисмини пахта териб, ўқитувчилик фаолиятимда эса талабаларни далага ҳайдаб умр ўтказдим. Ўша пайтларда наҳотки, умримнинг охиригача фаслларнинг гўзали бўлмиш кузни фақат далада, ғўзақатор ичида ўтказаман, деган ваҳима қалбимни эгаллар эди. Аллоҳга минг шукурки, ўқитувчининг даладаги ҳаёти қўрқинчли туш каби ортда қолди.

    Хулоса қилиб айтганда конституциямизнинг 128 моддаси замон, шароит таъқозоси билан маъно ва мазмун жиҳатдан бойитилган. Қўшимча 27 та янги модда киритилишини Ўзбекистон халқининг ёрқин келажаги кафолати, деб ҳисоблаш мумкин. Шунингдек, киритилаётган нормаларда Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илм-фанни ривожлантириш, бошқарувда жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали демократияни қарор топтириш каби муҳим масалалар ўрин олмоқда.

    Ишонаманки, ҳар бир юртдошимиз Конституциямизга киритилаётган нормалари билан танишиб, улар халқимиз фаровонлиги, давлатимиз келажагининг муҳим кафолати эканлигини англаб етади.

    Бекзод АБДИРИМОВ,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Хоразм вилояти бўлими раҳбари

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates