Пискент туманимизнинг “Ғайрат” маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйларни кўздан кечирар эканмиз, яқиндагина фақат қоғозда лойиҳаси турган уй-жойлар бугун ростмана қад ростлаётганини кўриб, талабалик даврларимиз ёдимга тушди. Ўша вақтларда энг катта муаммоларимиздан бири ижара уй топиш бўлиб, бу азобни жуда кўп бошдан кечирганмиз.
Ижара уй топишнинг ўзи бир муаммо бўлса, хонадон эгасининг таънаю маломатлари, тергашу тақиқларига чидаб яшаш яна бир муаммо бўлар ва шундай пайтларда, қанийди кичкинагина бўлса ҳам ўз ўйимиз, ўз бошпанамиз бўлса, чарчаб келган вақтимизда тинчгина ҳордиқ олсак, истаган вақтимизда чироқ ёқиб, истаган вақтимизда овқат пиширсак, деб орзу қилардик. Дунёда ўз уйинг, дахлсиз қўрғонинг бўлишидан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Давлатимиз томонидан аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган сиёсат туфайли, кечагина ўз уй-жойи бўлишини орзу қилиб юрганлар бугун шинам квартиралар эгасига айланаётганини кўриб, қувонаман. Одамлар уйли бўлса, кўнгли ҳотиржам, ишида унум бўлади. Айниқса, аҳоли сони, янги оилалар кўпайгани сари уй-жойга талаб ҳам ортиб бораверади.
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президентимиз раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масала яна бир бор кун тартибига қўйилгани бежиз эмас. Унда ҳар йили мамлакатимизда 300 000 дан ортиқ никоҳ қайд этилаётганини ҳисобга олиб, яна 5 йилдан кейин аҳолимиз сони 38 миллионга етиши кутилаётгани, қурилаётган уйлар кўламини шунга мувофиқ кенгайтиришга катта эътибор қаратилиши зарурлиги айтилди. Шаҳар ва туманларда “Янги Ўзбекистон” бош лойиҳасига асосан марказлардан четдаги, қаровсиз ва ташландиқ жойларга янги ҳаёт бериб, кўп қаватли уй-жой массивлари қуриш мақсадга мувофиқлиги таъкидланиб, ушбу йўналиш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Унга кўра, яқин вақт мобайнида мамлакатимизда 250 минг оила уй-жой билан таъминланиши керак. Давлатимиз раҳбари бу борада “Боғдод” тажрибасини мисол тариқасида келтирар экан, бошқа жойларда ҳам шундай массивлар барпо этиш бўйича кўрсатма берди.
Пискент туманимизда бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” турар жой массиви ушбу улкан ташаббус маҳсулидир. Бу мажмуа “Янги Ўзбекистон” бош лойиҳасида белгиланган барча талабларга мос келади. 19 гектар майдонда қад ростлаётган 70 та 5 ва 7 қаватли уйлар қарийб 2000 та оилани уй-жой билан таъминлаш имконини беради. Демак, мақсадлар муштараклиги тўғри йўлда эканимизни кўрсатиб турибди.
Уйларни кўздан кечирар эканмиз, қурилиш жадал олиб борилмаётгандек туюлди. Шунда қурилиш масъулларидан бири: “Тўғри, иш бироз секин силжияпти, бунинг ҳам ўзига хос сабаби бор, назорат ташкилотлари деярли ҳар куни келиб, қурилишда фойдаланилаётган оддий тупроқдан тортиб, ғишту цементимизгача, барча қурилиш материалларимизни текшириб кўрадилар ва ҳар бир текшириш хулосаси, лаборатория натижалари чиқмагунча қурилишни давом эттиришимизга рухсат берилмайди”, деди. Бу гапни эшитиб, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, бехатар яшаши давлатимиз зиммасида экани, юртимизда инсон омили энг олий қадрият сифатида белгилаб қўйилганининг яна бир исботини кўргандек бўлдик.
Ҳақиқатан ҳам уйлар қурилишида энг замонавий ва юқори сифатли қурилиш материалларидан фойдаланилаётганига гувоҳи бўлдик. Канализация мосламалари Россиядан келтирилгани, чиқинди сувлар замонавий технологиялар ёрдамида синтез қилинишини айтишди.
Эътиборлиси, кўп қаватли уй-жойлар аҳолининг уй-жойларга бўлган талабидан келиб чиқиб қурилмоқда. Хонадонлар эҳтиёжманд оилаларга молиявий аҳволи инобатга олиниб, кам фоизли ва узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилаётгани, кам таъминланган фуқароларнинг бошланғич тўловлари давлат томонидан субсидия асосида тўлаб берилаётгани катта ғамхўрлик белгисидир. Массивдаги дастлабки уй-жойлар ўз эгаларига Наврўз байрами арафасида топширилиши белгиланган. Қолган хонадонлар ҳам лойиҳа режаси асосида 2025 йилгача қуриб битказилади.
Насиб қилса, “Янги Ўзбекистон” массиви кўрганлар ҳавас қиладиган яшаш масканига айланади. Айтишларича, уй-жойлар атрофида жуда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Атроф кўкаламзорлаштирилиб, сув бўйида аллеялар ташкил қилинади. Мактаб, боғча, савдо дўконлари, спорт комплекслари қурилади.
Массив атрофидаги 10 гектар ерда иссиқхоналар барпо этилиб, талабгор хонадон эгаларига ажратиш ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари, лимонзор ва узумзор боғлар яратиш учун ер ажратиш масаласи ҳал этилмоқда. Қарабсизки, бу ерда истиқомат қиладиган одамлар бир йўла ҳам уйли, ҳам ишли бўлади-да!
Шундай қилиб, “Ғайрат” маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви туманимизнинг кичик қиёфаси, янги манзараларини ўзида акс эттиради. Бу каби обод, янги манзиллар эса ҳаммамизни катта марралар сари илҳомлантиради.
Башорат САТТОРОВА,
журналист