“Янги Ўзбекистон” университети келажак касблари бўйича етакчи олий таълим муассасаси бўлади

    Мамлакатимизда жаҳон стандартларига мос олий таълим тизимини барпо этиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада қўйилган муҳим қадам бўлди.

    Қарорда юксак интеллектуал салоҳиятга эга, жаҳон меҳнат бозори, илм-фан ва технологиялар оламида рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирган кадрлар тайёрлаш борасидаги вазифалар белгилаб берилган. Шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги зиммасига ҳам муайян топшириқлар юкланган.

    Янги ташкил этиладиган университетда таълим жараёнини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида ташкил этиш бўйича бир қанча халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишладик. Хусусан, АҚШнинг Массачусетс технология институти, Стенфорд университети, Буюк Британиянинг Кембриж университети, Германиянинг Мюнхен техника университети ва бошқа нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан музокаралар олиб борилди. Уларнинг тажрибаси ўрганилди.

    Массачусетс технология институти янги инновациялар, янги ғоялар, ахборот технологиялари бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Шу институт билан шартнома имзоладик. Унга кўра, “Янги Ўзбекистон” университети ўқув режаси ва дастурлари Массачусетс технология институти билан биргаликда ишлаб чиқилади.

    Мюнхен техника университети ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш билан бирга, таълим сифатини назорат қилишда ҳам бизга кўмаклашади. Янги университетга кириш имтиҳонлари ҳамкоримиз — Cambridge Assessment ташкилоти билан бирга ташкил этилади.

    Янги олий ўқув юртини ташкил қилиш жараёнида биз ёш, лекин халқаро рейтингдан қисқа муддатда юқори ўрин олган университетлар билан музокара олиб бордик. Бунга мисол қилиб, Сингапур технология ва дизайн университетини келтиришимиз мумкин. Мазкур олий ўқув юрти нуфузли университетлар қатори ўзининг таълим дастури билан ўртоқлашди. Ҳамкорларимиз ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, сарфланадиган лаборатория материаллари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, мультимедиа маҳсулотлари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар билан таъминлашда ёрдам беради.

    Айни пайтда халқаро экспертлар билан бирга мамлакатимиз учун келажак касбларини белгилаб олдик. Университетда жорий йилдан бошлаб муҳандислик, математика, физика йўналишлари бўйича табиий фанлар, бизнес-молиявий бошқарув факультетларини ташкил этишни режалаштирганмиз. Агротехнологиялар бўйича янги йўналишлар ташкил этиш режамизда бор. Зеро, аграр соҳа бўйича мамлакатимиз катта ресурсларга эга. Шу боис ҳам агротехнология, шунингдек, атрофмуҳит муҳандислигини ўрганиш, информатика факультетларини ташкил этиш бўйича ишлаяпмиз.

    Ҳозир барча соҳа тараққиётида ахборот технологиялари муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли мазкур йўналишда мутахассислар тайёрлаш мақсадида ахборот технологиялари факультетини очмоқчимиз.

    Янги университетнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш ўзаро интеграция қилинади. Университетда таҳсил оладиган талабаларни биринчи курсданоқ ишлаб чиқариш муассасаларига бириктириш кўзда тутилган. Улар биринчи курсдан илмий мақолалар ёзишни ўрганиш учун профессор устозларга бириктирилади.

    “Янги Ўзбекистон” университети саноат билан боғлиқ ҳолда ҳам фаолият олиб боради. Айни пайтда нафақат юртимиздаги саноат корхоналари, балки бошқа давлатлардаги йирик корхоналар билан ҳам музокаралар олиб бормоқдамиз. У ерда 3-4-курсдаги талабаларимизнинг амалиёт ўташи кўзда тутилган.

    Ушбу университет ўқитувчилари билан биргаликда ёшларнинг ватанпарварлик туйғусини ошириш борасида ҳам бир қанча дастурлар устида ишлаяпмиз. “Янги Ўзбекистон” университетида ўқиш давлат тилида, шунингдек, инглиз тилида ҳам олиб борилади. Хорижлик мутахассислар, маҳаллий профессор-ўқитувчилар ўз соҳаси бўйича ёшларга чуқур билим бериш билан бирга, талабаларни халқаро касбий кўникмага ҳам йўналтириши режалаштирилган.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йили Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилганди. Бундан мақсад салоҳиятли, иқтидорли болаларни танлаб олиш, уларга жаҳон стандартлари даражасида билим бериш этиб белгиланган. Бу йил Президент мактабларини 96 нафар ўқувчи битирди. Улардан 88 нафари муддатидан олдин, хориждаги рейтинги баланд университетларга ўқишга қабул қилинди.

    Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университетининг очилаётгани ана шу мактабда фарзандлари таҳсил олаётган ота-оналар учун ҳам қувончли воқеа бўлди. Зеро, иқтидорли, илмга чанқоқ, ватанпарвар ёшлар янги университетда таҳсил олиб, эртага юрт корига ярайдиган етук мутахассис бўлиши шубҳасиз.

    Ҳилола УМАРОВА,

    Президент, ижод ва ихтисослаштирилган

    мактабларни ривожлантириш агентлиги директори