Янги Ўзбекистонда миллий туризм истиқболлари

    Шаҳрисабз давлат педагогика институтида шу мавзуда республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришда туризм стратегик тармоқ сифатида қаралмоқда. Ҳудудлар туристик салоҳиятини тадқиқ қилиш, туризм учун истиқболли туманларни аниқлаш, сайёҳлик турларини диверсификация қилиш энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

    Президентимиз таъкидлаганларидек, «Ўзбекистон ноёб бир мамлакат бўлиб, унинг ҳудудида энг қадимги тамаддун ва маданиятлар юзага келган, ривожланган, ўз жозибадорлиги жиҳатидан дунёдаги дам олиш ва саёҳатлар учун энг яхши масканлардан қолишмайдиган улкан туризм салоҳиятига эга мамлакатдир».

    Жорий йилнинг 12 июнь куни Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ташкил этилган «Янги Ўзбекистонда миллий туризм истиқболлари» мавзусидаги республика илмий-амалий анжуман айни шу масалаларга қаратилди. Шаҳрисабз давлат педагогика институти, Тошкент давлат транспорт университети ва Қарши давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда Россия Федерациясининг Тюмен Давлат Университети, Туркия давлатининг Карабук давлат университети етакчи профессорлари ва мутахассислари, республикамиз олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда институтнинг иқтидорли талабалари иштирок этди. Нуфузли анжуманни Шаҳрисабз давлат педагогика институти ректори Ж.Шоназаров ва Тошкент давлат транспорт университети биринчи проректори Д.Баратов кириш сўзи билан очиб берди.

    Ушбу илмий-амалий конференциядан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикасининг туризм ва рекреация салоҳияти, туристик янги йўналишларни ишлаб чиқиш, унинг инфратузилмасини ривожлантириш, табиий география, иқтисодий ва ижтимоий география, гидрология, ва иқлимшунослик, маркетинг соҳаларини ривожлантиришдаги долзарб муаммоларни ечишдан иборатдир.

    Конференциянинг очилиш маросимида ТДТУ вакиллари Зиёдулла Раҳматов, Маъсуджон Машарифов, Карабук давлат университети доцент Али Конак, Тюмен давлат университети доценти Бояркина Юлия Анатолевна, ШДПИ профессор-ўқитувчилари Мақсуд Файзуллаев, Луиза Турсунова ҳамда ҚарДУ Туризм ва маркетинг кафедраси ҳамкори «Китоб сайёҳ» туристик компанияси раҳбари Ўрта Осиё Турон Фанлари академияси академики Аҳад Бердиевнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.

    Куннинг иккинчи ярмида анжуман қуйидаги 5 та шубаларга бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди.

    Анжуманда мамлакатимизнинг улкан туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, туризм секторида рақамли технологияларни жорий этишнинг хориж тажрибаси ва ички имкониятлари, минтақада туризмни ривожлантиришда транспорт ва маркетинг коммуникациялари, хизматлар соҳасида аҳоли бандлигини таъминлашдаги асосий муаммолар, туризмга ёндош бўлган иқтисодиёт тармоқларини кластер усулида ривожлантириш ҳамда миллий туризм брендини ривожлантириш бўйича комплекс ишлар олиб бориш ва бошқа шу каби долзарб масалалар кўриб чиқилди.

    Мазкур анжуманда кўрилган масалалар ва билдирилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида ҳам туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш, туризм индустриясини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромадлари, яшаш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда минтақанинг инвестициявий жозибадорлиги ва нуфузини яхшилашга хизмат қилади.