Янгиланаётган Конституциямиз зиё тарқатувчи манба бўлади

    Буюк тараққиётга эришга мамлакатларнинг ютуғини яхши биламиз. Уларнинг қайси бири тенденцияларига, танлаган йўлига назар солмайлик, энг аввало, таълимга сармоя киритилганини кўрамиз. Бугун Ўзбекистон ҳам мана шу йўлда.

    Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

    Ёр ўлунг бир-бирингизкаким, эрур ёрлиғ иш.

    Алишер Навоий бобомиз олти аср нарида битиб кетган бу мисралар ҳикмати бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб тарбиявий аҳамият касб этмоқда.

    Боиси, бугун ғоялар кураши авж олган, ҳар бир соҳага инновацион ишланмалар, янги ихтиролар ва компьютер технологиялари кенг татбиқ этилаётган бир даврда миллатлараро, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити ғоят муҳим тенденциялардан бири бўлиб қолди. Тинчлик ва фаровонликни таъминлаш кун тартибидан бир зумда бўлса-да, тушган эмас.

    Шундай таҳликали ва тезкор замонда эса, фақат ва фақат илм эгаллаш, инсон онгу тафаккурини теран мушоҳадалар билан бойитиш, инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишни ҳаётнинг ўзи олдимизга катта вазифа сифатида қўймоқда.

    Биз бежиз таълим-тарбия, илм-фан ва инсоний қадриятлар ҳақида айтмаяпмиз. Гап шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида катта йўлга чиққанмиз. Шу кунларда навбатдаги муҳим маррага етишиш остонасидамиз. Бу Конституциямизга ўзгартиришлар киритиш ва уни халқимизнинг асосий яшаш мезони қонуниятларига мослаштириш ҳаракатидир.

    Биз ўқитувчимиз. Бевосита фаолиятимиз ёшларни илмли, зиёли қилиб тарбиялашдан иборат. Етук кадрлар етиштириш бош мақсадимиз. Шундай экан, касбимиз тақозосидан келиб чиқиб, Конституциямизга бизнинг фаолиятга тааллуқли киритилаётган ўзгартиришлардан жуда хурсанд бўлдик. Ўз навбатида, бу ўзгартиришларнинг келгуси ҳаётимизга таъсири борасидаги фикрларимиз билан ўртоқлашиш ниятидамиз.

    Президентимиз 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида илгари сурган иккинчи йўналиш — Асосий қонунимизда “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлаш тамойили ва унда 16 та муҳим ташаббус билдирилгани ҳар биримизнинг ҳаётимизга ўз таъсирини ўтказади.

    Жумладан, давлат таълимнинг барча шаклида, жумладан, хусусий таълим муассасаларни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши лозимлиги айтилди.

    Президентимиз шу ҳақда гапирар экан, “Ота-боболаримиз “Бешикдан қабргача илм изланг” деган муборак ҳадисга амал қилиб яшаган даврларда юртимиз заминидан буюк мутафаккир зотлар — бухорийлар, термизийлар, хоразмийлар, берунийлар, фарғонийлар, навоийлар етишиб чиққан. Биз ана шундай улуғ аждодларимизнинг янги баркамол авлодини тарбиялаб вояга етказмоқчи эканмиз, бунинг учун боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишимиз шарт”, деди.

    Мана шу ташаббус ва таълим, илм-фан соҳасига фидойилик ҳар биримизни чуқур мушоҳада қилишга ундайди. Биз кўп йиллар мустабид тузум даврида таълимга юзаки ёндашдик, ота-боболаримиз — буюк мутафаккир аждодларимиздан қолган бой илмий меросни бой бердик. Улар қолдирган ноёб қўлёзмалар талотўпда қолди. Мустақилликдан кейинги йиллар эса, ўзимизни тиклаб олиш ҳаракатида яшадик, узоқ йиллар таълим қотиб қолган эски, самарасиз усулларидан фойдаланишга мажбур бўлдик.

    Бугун мана ша оғриқли муаммоларга ҳам ечим топа бошлаганимизга, тараққиётга эришмоқчи бўлсак, инсон капиталига сармоя киритиш йўлига ўтганимизга ҳам олти йил бўлди, десак муболаға эмас. Ниҳоят янги Ўзбекистонни қуриш йўлининг олтинчи йилида навбатга муҳим қадамни қўймоқдамиз. Яъни, биз энди таълим соҳасига устувор йўналишни Конституция даражасига олиб чиқамиз.

    Эътибор берган бўлсангиз, Президентимиз “боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишимиз шарт”, деди. Бу мамлакатимиздаги, мулк шаклидан қатъий назар, барча таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилади, деганидир.

    Президентимиз “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” ғояси асосида педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилишга йўл қўймаслигини Конституция даражасида белгилаб қўйиш даркорлигини ҳам айтиб ўтди.

    Бу ҳақда, жумладан, шундай деди: “Устоз ва мураббийлар — билимларни, урф-одат ва анъаналар, маданиятимизни авлоддан-авлодга етказадиган буюк кучдир. Шундай экан, устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур”.

    Мана бу гап, ишонаманки, нафақат биз, ўқитувчи-мураббийлар, балки бутун халқимиз кўп йиллар орзу қилган ва астойидил интилган мақсадларнинг рўёбга чиқаётгани билан изоҳланса, не тонг.

    Буюк тараққиётга эришга мамлакатларнинг ютуғини яхши биламиз. Уларнинг қайси бири тенденцияларига, танлаган йўлига назар солмайлик, энг аввало, таълимга сармоя киритилганини кўрамиз. Бугун Ўзбекистон ҳам мана шу йўлда.

    Бир сўз билан айтганда, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришлар бугун ва келажагимизни ёруғ кунларга, катта муваффақиятларга тўлдириши билан ҳам аҳамиятлидир. Шундан экан, биз, зиёлилар қатлами, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар — барчамиз бу жараёнга асло бефарқ бўлмаслигимиз, ташаббускорлик кўрсатиб, қутлуғ ҳодисани қўллаб-қувватлашимиз керак.

    Фахриддин Жониев,

    Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат

    институти профессор-ўқитувчиси,

    Педагогика фанлари бўйича

    фалсафа доктори (PhD)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates