Суҳбат чоғида япон компанияси ўз ҳамкорлари билан биргаликда республикамизнинг чекка ҳудудларида жойлашган касалхоналарда мустақил электр ишлаб чиқариш технологияси татбиқ этилиши лойиҳасини амалга ошириш, жумладан, тиббий муассасаларда газ ва дизель ёқилғиси ёрдамида электр қуввати ишлаб чиқарувчи тежамкор генераторлар ва қуёш панелларини ўрнатишдан манфаатдорлик билдирди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида «JCM» (қўшма кредитлаш механизми) асосида карбон кредитларни япон томонига экспорт қилиш лойиҳаси билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон энергетика, соғлиқни сақлаш, инвестиция ва савдо вазирликлари, туман ҳокимликлари ва маҳаллий тиббиёт муассасалари сармоялари ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг «Ривожланишга расмий кўмак» дастури имкониятларини жалб қилиш назарда тутилган.
Япон томонининг билдиришича, тиббий муассасаларда муқобил энергия манбаининг узлуксиз мавжуд бўлиши беморлар ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, харажатларни қисқартириш ҳамда электр манбаига ортиб бораётган эҳтиёжларни қондириш мақсадида лойиҳанинг асосий объекти сифатида айнан тиббиёт муассасалари танлаб олинган.
Шу билан бирга, мустақил электр ишлаб чиқариш технологиясини татбиқ этишнинг афзал томонлари республикамизда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш, магистраль электр узатиш тармоқлари ва кичик станцияларда кучланишнинг олдини олиш асосий мақсадлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, элчихона вакиллари томонидан республикамизнинг чекка ҳудудларидаги бошқа ижтимоий аҳамиятга молик объектларда ҳам ушбу лойиҳаларни амалга ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шу ўринда таклиф этилаётган лойиҳанинг ютуқ ва афзалликларини намоён қилиш мақсадида республикамизнинг маҳаллий тиббиёт муассасаларидан бирида япон компанияси ва ҳамкорларининг тежамкор муқобил энергияси ишлаб чиқарувчи генераторни ўрнатиш лойиҳасини татбиқ этиш таклиф қилинди, деб хабар беради «Дунё» АА.