Яшил иқтисодиёт – экологик барқарорлик сари муҳим одим

    Яшил иқтисодиёт бу иқтисодий фаолият ва табиатнинг ҳамоҳанглигини таъминлаш, истиқболда иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликка эришиш учун муҳим йўналишдир.

    Жорий йил 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида Президентимиз экология ва иқлим ўзгариши масалаларига тўхталиб, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келаётгани, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказилаётганини қайд этиб ўтди.

    Давлатимиз раҳбари эл-юртимизнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истакларини атрофлича ўрганиб, билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф этди.

    Мазкур таклиф мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасида муҳим қадамдир. Ушбу ташаббус, нафақат экологик муаммоларни ҳал қилиш, балки иқтисодий ўсишни янада барқарор ва яшил йўналишда амалга оширишга қаратилган.

    Ҳозирги кунда инсон фаолиятининг табиатга таъсири ва глобал иқлим ўзгаришлари барча давлатларнинг иқтисодиёт тизимларини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

    “Яшил иқтисoдиёт” деганда, инсoн ҳaёти вa сoғлиғи учун зaрур бўлгaн рeсурслaрни, aтрoф-муҳит вa эколoгияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб, ишлaб чиқaриш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисoдиётни янaдa ривoжлaнтиришни aмaлгa oширишгa aсoслaнгaн иқтисoдий фaoлиятнинг янги йўнaлиши тушунилади.

    Инсон фаолиятининг табиатга таъсири даражасини акс эттирувчи кўрсаткич – “Экологик из” инсон тараққиётини белгилаб берувчи объектларни барпо этиш, инсон истеъмоли учун зарур неъматларни ишлаб чиқариш мақсадида қанчалик кўп миқдорда маҳсулдор ер ва тоза ичимлик сувидан фойдаланаётганимиз ҳамда чиқиндилар ҳосил қилаётганимизни ифода этади.Яшил иқтисодиётўзига хос бир иқтисодий модел сифатида, шу талабларга жавоб беришга қаратилган. Маҳаллий ва глобал даражада табиат билан уйғунликда фаолият юритиш, ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш, энергия манбаларига тегишли муаммоларни ечиш ва экологик хавфларни минималлаштириш – буларнинг бари яшил иқтисодиётнинг асосий мақсадлари бўлиб, улар барқарор ривожланишга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради.

    Яшил иқтисодиёт концепциясининг мақсади барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва инвестициялар фаоллигини ошириш билан бир вақтда атроф муҳит муҳофазаси ва ижтимоий интеграция сифатини яхшилаш ҳисобланади. Бу иқтисодий ўсишни табиатга зарар етказмасдан ва келажак авлодлар учун барқарор муҳитни сақлаб қолишга қаратилган иқтисодий тизимни барпо этишдир.

    Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун эканини алоҳида таъкидлади.Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда “Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)”ни қабул қилди. Бу ўрта ва узоқ муддатда иқтисодиётни яшиллаштириш, экологик тозалик ва ресурсларни самарали фойдаланишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Барқарор ривожланишга эришиш мақсадида Ўзбекистоннинг энергия истеъмоли ва ишлаб чиқаришининг катта қисми углерод эмиссияларига боғлиқлиги сабабли, 2020 йилда давлат “Яшил энергия” стратегиясини қабул қилиб, ушбу секторда янгиланадиган энергия манбаларига (қуёш, шамол, биомасса) инвестицияларни кўпайтиришнинг асосий йўналишларида стратегиялар ишлаб чиқилган.

    Сўнгги йилларда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини бажариш мақсадида, бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежаш, “яшил” ва “инклюзив” иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган.

    Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланган:

    Биринчидан, 2030 йилгача Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва “яшил ўсиш”ни таъминлаш – ушбу Дастурга мувофиқ, иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йил даражасидан 35 фоизга камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва электр энергиясининг 30 фоизидан кўпроғини улардан олиш назарда тутилган.

    Иккинчидан, энергия самарадорлигини ошириш – саноатда энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш, ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини 30 фоизга камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсад қилинади.

    Учинчидан, сув ресурсларини тежаш – 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий қилиш ва иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан самарали фойдаланишни ошириш.

    Тўртинчидан, яшилмайдонлар ва кўчатлар – шаҳарларда яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш, 200 миллион кўчат экиш ва 1 миллиарддан ошиқ кўчатни яратиш орқали экологик ҳолатни яхшилаш.

    Бешинчидан, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш – бу соҳадаги фаолиятни 65 фоизга ошириш, шу билан бирга чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

    Шунингдек, энергетика ва саноат соҳасида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш концепцияси ҳамда йўл харитаси ишлаб чиқилди, улар 2026 йилга қадар энергия сиғимини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтиришни назарда тутади.

    Яшил иқтисодиёт ўзига хос ёндашувни талаб қилади: иқтисодий ривожланиш, экологик барқарорлик ва ижтимоий адолатни бирлаштиради. Бунда асоссиз табиий ресурсларни тежаш, қайта тиклаш ва ёрдамга лойиҳа ва технологияларни жалб қилиш орқали ресурслардан самарали фойдаланишга эътибор қаратилган.Шунингдек, ёшларнинг экологик онгини ошириш, ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини янгилаш, энергияни тежаш ва углерод эмиссиясини камайтиришга асосланган фаолиятларнинг янги шаклларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эгадир.

    Бундан ташқари, кўплаб давлатлар янги стратегиялар, қонунлар ва яшил молиялаштириш тизимлари орқали яшил иқтисодиётни ривожлантиришга интилмоқда.Глобал иқлим ўзгаришлари, жумладан, сув ресурсларининг камайиши, чўллашиш ва табиий офатларнинг ортиши, бутун дунёда ишлаб чиқариш ва иқтисодий фаолиятни қайта кўриб чиқишга сабаб бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, давлатларнинг иқтисодий моделларини экологик ва ижтимоий қудратга эга бўлган барқарор тизимларга айлантиришга чорламоқда. Бундай шароитда яшил иқтисодиёт концепцияси, аҳоли учун янада яхши ҳаёт шароити яратиш ва табиатни сақлаб қолиш мақсадида муҳим ўрин тутади.

    Яшил иқтисодиёт бу иқтисодий фаолият ва табиатнинг ҳамоҳанглигини таъминлаш, истиқболда иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликка эришиш учун муҳим йўналишдир. Бундан келиб чиқиб, ҳар бир давлат ўз иқтисодиёт тизимини табиий ресурлардан тўғри ва самарали фойдаланишга йўналтириши, экологик хавфларни камайтириш, яшил энергия манбаларига сармоя киритиш ва ахборот технологиялари орқали яшил инновацияларни жорий этишга интилиши лозим. Шунингдек, яшил иқтисодиёт иқтисодий фаолиятни табиатга зарар етказмасдан ва экологик барқарорликни сақлаш орқали ривожлантиришга қаратилган иқтисодий моделдир. Унга кўра, янги технологиялар, янгиланадиган энергия манбалари ва самарали ресурслардан фойдаланиш асосий йўналишларни ташкил этади. Яшил иқтисодиётнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:яшил иқтисодиёт ўзига хос ресурсларни қайта тиклаш ва уларни тежашга йўналтирилган. Бу энергияни тежаш ва ташландиқ чиқиндиларни минималлаштиришни кўзлайди; ўтган асрдаги индустриал инқилоб даврида органик хомашёлар ва традицион энергия манбаларига таянган иқтисодий тизимлар, ҳозирги кунда замонавий технологиялар билан энергия самарадорлигини оширишга қаратилган. Бу ерда қуёш, шамол ва биомасса энергиясидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга; яшил иқтисодиёт турли соҳаларда экологик ёндашувларни жорий этишни кўзлайди. Масалан, айрим ишлаб чиқариш жараёнларида хомашёнинг қайта ишланиши ёки сарфланган энергияни камайтириш учун инновацион технологиялар ишлаб чиқарилади.

    У нафақат табиатга, балки иқтисодий ўсишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу модел ривожланган ва ривожланаётган давлатларда янги иш ўринлари яратиш, инвестициялар кенгайиши ва самарали ресурслардан фойдаланишга замин яратади.

    Яшил иқтисодиётнинг афзаллиги шундаки, янги технологиялар ва энергия манбалари бўйича ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида иш ўринлари яратади. Айниқса, янгиланадиган энергия манбалари соҳасида йирик инвестициялар керак бўлгани учун, ушбу соҳада жуда кўп янги касб ва имкониятлар пайдо бўлади.

    Яшил иқтисодиётга ўтиш қўшни соҳаларда ҳам ривожланишни рағбатлантиради. Техникалар ва янгиланган тизимлар билан ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, иқтисодий фаолиятни ва ишлаб чиқаришни тезлаштиради. Бу иқтисодиётдаги умумий ўсишни таъминлашга ёрдам беради.

    Инновацион ва экологик тозаликка асосланган модел ҳамдир, шунинг учун энергия ва ресурслардан самарали фойдаланиш жараёнларини ишга солади. Молиявий томондан бу фойда бериши мумкин, чунки ишлаб чиқариш жараёнларида кам хомашё ва энергия сарфлаш харажатларини камайтиради.

    Энг муҳим жиҳатларидан яна бири – атроф-муҳитни ҳимоя қилишдир. Ушбу иқтисодий моделнинг экологик афзалликлари ҳақида гапирар эканмиз, аввало, табиатга тааллуқли масалаларга эътибор беришимиз керак.Яшил иқтисодиёт ушбу мақсадга эришиш учун углерод чиқаришни камайтиришга эътибор қаратган. Яшил энергетика манбалари ва ресурсларни қайта тиклаш, углерод эмиссиясини пасайтириш имконини яратади, бу эса иқлим ўзгаришларининг олдини олишга ёрдам беради.

    Табиат билан ҳамоҳанг иқтисодий фаолият табиатнинг сақланишини таъминлайди. Табиий ресурслар, хусусан, сув, озиқ-овқат хомашёсидан оқилона фойдаланишга, табиий тизимларнинг ушбу фаолиятларга таъсирини минималлаштиришга ҳаракат қилиш мустаҳкам барқарорликка олиб келади.Яшил иқтисодиётда ишлаб чиқариш жараёнларидаги чиқиндиларни қайта ишлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу чиқиндиларни қисқартириш ва қайта ишлашнинг янги йўналишларини аниқлашга, шунингдек, қолдиқларни барқарор манбаларга айлантиришга кўмаклашади.

    Яшил иқтисодиётга ўтишга қаратилган сиёсатлар ва стратегиялар ҳар бир давлат учун муҳимдир. Бу жараёнда қонунчилик, молиялаштириш ва инновацион янгиликлар муҳим роль ўйнайди. Яшил иқтисодиётга сармоя киритиш экологик тозаликка ва янгиланадиган энергия манбаларига йўналтириладиган инвестицияларни кўпайтиришга имкон беради. Давлатлар яшил облигациялар, экологик индекслар ва барқарор молиялаштириш чораларини амалга оширишга интилишмоқда. Яшил иқтисодиёт йўналишида давлатларнинг қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий асослари мукаммал бўлиши керак. Бу соҳада углерод солиқлари, экологик стандартлар ва янги технологияларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган сиёсат муҳим аҳамиятга эга.

    Президентимизнинг 2023 йил 8 августдаги “Жаҳон банки иштирокида “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғриси”ги қарори асосида, мамлакатимизда Жаҳон банки кўмаги билан “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (iCRAFT) лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, у энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.Лойиҳа учун Жаҳон банки 7,5 миллион АҚШ доллари миқдорида 1-транш маблағларини ажратган.Бу маблағлар, асосан, “Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси” (ERPA) доирасидаги ислоҳотларга, шу жумладан, энергия тарифлари ислоҳотлари орқали аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига таъсирни юмшатиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

    1-транш маблағлари халқаро иссиқхона газлари савдоси симуляцияси орқали Ўзбекистонга қайтарилади ва бу, қисқартирилган иссиқхона газлари эмиссияси учун ажратилган грант маблағлари ҳисобланади.

    iCRAFT лойиҳаси – Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дунёдаги биринчи глобал ташаббусдир. Лойиҳа доирасида иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш ва уларнинг бир қисмини халқаро бозорларда савдога чиқариш назарда тутилган.Қарорга мувофиқ, ажратилган маблағлар республиканинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш, иссиқхона газлари эмиссиясини мониторинг қилиш тизимини ишга тушириш, қўллаб-қувватлашга қаратилган. Масалан, Навоий вилоятида қуёш электростанцияси қуриш, Самарқандда шамол энергиясидан фойдаланиш ва Хоразмда биомасса энергиясини ишлаб чиқариш бўйича амалиётлар кенгайтирилмоқда.

    Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган йўналишлар кўзда тутилган. Молиялаштириш соҳасида “Яшил” молиялаштириш концепцияси жорий қилинди ва бу давлатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш йўлидаги муҳим қадамларидан биридир. Юртимизда яшил иқтисодиётга қаратилган инвестициялар ҳам юқори суръатларда ривожланмоқда. Молиялаштириш ва иқтисодий рағбатлантиришни жорий этиш мақсадида давлат томонидан қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.2021 йилда Ўзбекистоннинг биринчи яшил облигациялари чиқарилди. Бу облигациялар орқали давлат ва хусусий сектор яшил энергетика, қўйилган талабларга мувофиқ ишлаб чиқариш ва экологик тадбирларга сармоя киритишга қаратилган.

    Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармонларида татбиқ этилиши белгиланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси дастурларида атроф-муҳит объектларини (ҳаво, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилма-хиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) инсон таъсири ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш ҳамда саноат ишлаб чиқариши, урбанизация кўлами кескин кенгайиши ва аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкни камайтириш механизмларини такомиллаштириш режалари ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.

    Жорий йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиб, яшиллик миқёсини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич 12 фоизга етди.Бу йил баҳорда 138 миллион дона кўчат экилди. Йил бошидан буён 10 минг гектардан зиёд “яшил белбоғ”, вазирлик ва ҳокимликлар 257 та боғ барпо қилди. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошди.Жорий йилдан бошлаб, йўл, дарё ва каналларга туташ 2 минг гектар ер 10 минг аҳоли ва тадбиркорларга экиш учун ижарага берилди.“Менинг боғим” лойиҳаси доирасида бюджетдан 49 миллиард сўм ажратилиб, маҳаллаларда 215 та янги боғ яратиляпти.

    Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳудудида 2023-2024 йиллардаушбу умуммиллий лойиҳа доирасидаинститут махсус маблағлари ҳисобидан сотиб олинган 13 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Бу кўчатлар ҳудуднинг табиий иқлимига мос равишда танлаб олинди ва суғориш ишларини қай тартибда амалга ошириш белгилаб олинди.Биринчи навбатда, институтнинг бино ва иншоотлари жойлашган майдонларда боғлар ҳосил қилишни, мавжуд боғларни тўлдиришни ва кўкаламзорлаштириш назарда тутилди.

    Ўзбекистонда қуёш энергияси соҳасида инвестициялар аниқ динамика билан ўсмоқда. Масалан, Наманган вилоятидаги қуёш станцияси ва Тошкент вилоятидаги қуёш панеллари лойиҳалари амалга оширилган. Бундай лойиҳалар мамлакатимизда энергия самарадорлигини оширишга ва углерод эмиссиясини камайтиришга қаратилган муҳим қадамлардир.Чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш бўйича ишларнинг янада ривожланиши талаб этилади. 2020 йилда мамлакатда иқтисодий, экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган янги ташаббуслар қабул қилинди, жумладан, қайта ишланадиган материалларни ишлаб чиқариш ва тўғри чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларига инвестицияларни кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда.Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. БМТ ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда, мамлакат иқлим ўзгаришини чеклашга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқмоқда.Яшил иқтисодиётнинг бир қисми сифатида юртимизда қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам бир қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.

    Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш учун замонавий ирригация тизимлари жорий этилмоқда. Бу ерда асосий эътибор сувни тежаш ва катта миқдордаги сув сарфини камайтиришга қаратилган. Масалан, Дўстлик суғориш каналида инновацион, автоматлаштирилган суғориш тизимлари жорий қилинган. Бу фермерлар учун самарали ва энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш имконини беради. Яшил иқтисодиётга ўтиш нафақат экологик, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тадбирлар, хусусан, барқарор шаҳарларни яратиш, аҳоли учун яшил зоналарни ташкил этиш, соғлом муҳитда яшаш учун шарт-шароитларни яхшилашга қаратилган.Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда яшил хўжалик ва атроф-муҳитга ғамхўрлик билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Мамлакатимизнинг энергетика секторидаги ислоҳотлар, янгиланадиган энергия манбаларига сармоялар киритиш, қуёш ва шамол энергиясини фаол жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик – буларнинг барчаси юртимиз иқтисодиётини экологик жиҳатдан тозалаш ва узоқ муддатда барқарорлаштириш учун қўйилаётган муҳим стратегик қадамлардир. Янги ишлаб чиқариш технологиялари, энергияни тежашга қаратилган тизимлар, сув ресурсларидан самарали фойдаланишга оид тадбирлар бунинг далили бўлади. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик устуворликни таъминлаш ўз ўрнида мамлакатни экологик хавфлардан ҳимоя қилишга, келажак авлодлар учун барқарор муҳитни сақлаб қолишга йўналтирилган чоралардир.

    Жумладан, агар Ўзбекистон ўзининг қишлоқ хўжалик ва энергетика секторидаги иқтисодий салоҳиятини янада яхшиласа, у ҳолда мамлакатда яшил иқтисодиётнинг ривожланиши тезлашади.Шу билан бирга, Ўзбекистондаги экологик сиёсат, янги технологиялар ва инновацион лойиҳаларга ёрдам беришга қаратилган халқаро ҳамкорлик ва инвестициялар ҳам муҳим омиллардир. Халқаро ташкилотлар ва хорижий сармоявий лойиҳалар Ўзбекистонга янги имкониятлар ва ресурсларни тақдим этиш орқали мамлакатни яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида муваффақиятга эришишда йўл кўрсатувчи вазифасини бажаради.

    Шу билан бирга, давлатнинг ёшлар, тадбиркорлар ва жамоатчилик билан биргаликда амалга ошираётган ташаббуслари, янгиланган иқтисодий сиёсат ва технологик ёндашувлар яшил иқтисодиётга ҳаракатни жамоатчилик ҳамда хусусий секторнинг фаол иштироки билан самарали тарзда амалга оширишга имкон беради. Бунинг натижасида Ўзбекистон нафақат экологик барқарорлигини сақлаб қолиш, балки ўсиш, ривожланиш ва самарали ресурслардан фойдаланиш бўйича катта натижаларга эришиш имконига эга бўлади.

    Шу сабабли, мамлакатимизнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёни бугунги кундаги энг муҳим ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган илғор ташаббуслар билан қувватланмоқда. Ушбу жараён мамлакатнинг экологик барқарорлигини таъминлашга ёрдам бериш билан бирга, иш ўринларини яратиш, янги инвестициялар киритиш ва жаҳон иқтисодиётидаги ижобий ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

    Муҳиддин ПЎЛАТОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates