«Халқ уйи»дан чиқиб, халқ турмушини яхшилаётган қонунларимиздан «маҳаллам»дагилар рози

    Фикр 2 декабр 2024 147

    Ҳар йили 3 декабрни – Халқаро ногиронлар куни сифатида кенг нишонлаймиз. Бунга «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ва БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

    Мақсад эзгу. Бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқалар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, уларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини таъминлашдан иборат. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кенг нишонланаётган мазкур сана мамлакатимиздаги 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ҳурмат ва эҳтиромимиз рамзидир.

    Фаолиятим бевосита жамиятимизнинг ушбу қатлами билан боғлиқ. Ҳар куни, ҳар лаҳза мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг гувоҳи бўламан. Чунки мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.

    Бугун жамиятимизнинг ажралмас бир қисми бўлган ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида кейинги йилларда мамлакатимизда бир қатор қонунлар ҳамда 30 дан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мустаҳкам қонуний база яратилди.

    Бу эса мазкур тоифа вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, мухтасар айтганда, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этишлари учун янада қулай шароитлар яратиш имконини бермоқда.

    Бугун мени маҳалламда 3105 нафар аҳоли истиқомат қилади, оилалар сони эса 942 та. Кам таъминланган оилалар 47 та. Ногиронлиги бўлган шахслар эса 45 нафарни ташкил этмоқда. Айниқса, ногиронлиги бор, кам таъминланган аҳоли билан ҳар куни учрашаман. Халқпарвар Давлатимиз раҳбарининг ислоҳотлари ҳақида гапираман, ҳаётга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. «Президентимиз тан-жонлари соғ бўлсин», «Кўнглимиз кўтарилди», «Камимиз тўлди», деган миннатдорликларини эшитиб, кўнглим тўлади. Мен бугун давлат хизматининг энг қуйи, лекин Ҳурматли Президентимиз ва халқимиз ўртасидаги энг муҳим бўғинда фаолият юритаман. Бу жой менга халқим дуосини олишда кўприк бўляпти.

    Яқинда Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 23 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2024 йил 21 июнда маъқулланган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни ўқиб чиқдим. Янги Ўзбекистоннинг ҳеч бир фуқароси Юртбошимиз эътиборларидан четда эмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Хусусан, ўзгартиришлар орқали қонунга ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этиш бўйича ҳуқуқларига оид алоҳида моддалар киритилган.

    Унга кўра, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши, шу жумладан, суд жараёнининг барча босқичларида, шунингдек суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда бевосита ёки билвосита иштирок этишини таъминлаш бўйича чораларни кўриши белгилаб ўтилмоқда.

    Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда бевосита ёки ўз вакиллари орқали жамият ва давлатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини таъминланиши, сайлов жараёнларида овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши белгиланмоқда.

    Барча амалга оширилаётган ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга интеграция қилиш, улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш, касбий, ижодий, кундалик турмушнинг барча босқичларида тенг имкониятлар асосида иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган.

    Маҳалламдаги ногиронлиги бўлган шахсларга ушбу қонун ҳақида маълумотлар бериб келаман. Улар одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишлари тўғрисидаги маълумотлар ҳақида эшитиб, жамиятимизнинг ажралмас қисми эканликларидан қувонишяпти.

    Бугун мен Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, «Халқ уйи»дан чиққан халқчил қонунларнинг амалда тўлиқ ишлаётгани гувоҳи бўляпман. Ўйлайманки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар янги давр касб этади ва ногиронлиги бор, бироқ имконияти чегарасиз юртдошларимиз ҳаётини янада яхшилайди.

    Моҳигул Ашурова,

    Ромитан тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази

    Комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими