Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир

    Фикр 2 декабр 2024 145

    Бугун юртимизда кенг қамровли халқчил ислоҳотлар кечмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларнинг асл моҳияти ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилган. Барча фуқаролар Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқда.

    1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига жами 15 марта ўзгартириш киритилган. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 та бўлим, 27 та боб ва 155 та моддадан иборат.

    Конституцияда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига доир нормалар доираси янада кенгайди, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари билан бойитилди. Бугун айнан мана шу каби ўзгаришлар ҳақида сўз юритамиз. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари Конституция билан мустаҳкамланган. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар тушунчасини аниқлашдан аввал, умуман ҳуқуқ, эркинлик деган тушунчаларни аниқлаш лозим.

    Ҳуқуқ давлат томонидан таъминланадиган, ҳимоя қилинадиган нимадир қилиш, амалга ошириш, муносиб яшаш шароитига эга бўлиш, зўрлик (тазйиқ, таҳдид)лардан ҳимоя қилинишнинг табиий имкониятидир.

    Эркинлик эса, бирор-бир нарсада (хулқ-атворда, фаолиятда) қонун билан тақиқланмаган, бирор-бир чеклашнинг йўқлигидир. Яъни, ҳуқуқда асосий масала имкониятга эга бўлиш, эркинликда эса, чеклашнинг йўқлигидир.

    Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, эътиқоди билан боғлиқ. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, одатда, табиий ҳуқуқлар ҳам деб юритилади. Улар инсон туғилиши билан вужудга келади. Уларни давлат бермайди. Фақат шу ҳуқуқларни давлат таъминлайди ва шунга мажбур ҳисобланади. Шахсий, яъни табиий ҳуқуқлар барча мамлакатларда мавжуд ва давлат томонидан таъминланади. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар халқаро ҳужжатлар билан ҳам ҳимоя қилинади.

    Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, бошқа ҳуқуқлардан фарқ қилиб, уларни чеклаш мумкин эмас. Алоҳида ҳолларда чеклаш зарурати бўлса, бу Конституция асосида, унда кўрсатилган тартибда амалга оширилади. Яъни, баъзи ҳолларда чеклаш қонунга асосан амалга оширилиши белгиланган.

    Яшаш ҳуқуқи. Шундай ҳуқуқлар борки, уларни асло чеклаш, улардан маҳрум қилиш мумкин эмас. Масалан, яшаш ҳуқуқи.

    Шахсий ҳуқуқлардан барча шахслар, фуқаролигидан қатъи назар, фойдаланади ва давлат ҳам барчага, фуқаролигидан қатъи назар, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишга имкон яратади. Конституцияга асосан шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар билан боғлиқ инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ҳам бу ҳуқуқларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар тизимида устувор ҳисобланишига олиб келади.

    Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Инсоннинг яшаш ҳуқуқи қонунлар билан ҳимоя қилинади. Яшаш ҳуқуқи ҳаёт кечириш билан боғлиқ бўлганлиги учун инсон ҳаётига ҳар қандай тажовуз қонунга асосан жазоланади.

    Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида инсон ҳаётига қилинган тажовузларга жазо белгиланган. Масалан, Кодекснинг 97-моддасида қасддан одам ўлдирганлик, 98-моддада кучли руҳий ҳаяжонланиш натижасида қасддан одам ўлдирганлик, 99-моддада онанинг ўз чақалоғини (боласини) ўлдирганлик, 100-моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдирганлик, 101-моддасида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдирганлик, 102-моддасида эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

    Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги. Эркинлик шахснинг ўз ихтиёри бўйича яшаш, ҳаёт кечириш имконияти бўлиб, фақат шахс қонунларга итоат этиши зарур. Дахлсизлик дегани шахснинг эркинлигини чекловчи ҳеч қандай ҳаракатларга йўл қўйилмаслигидир.

    Қонунда белгиланган асослардан ташқари ҳеч кимнинг эркинлиги чекланиши, эркинликка зарар етказилиши мумкин эмас. Қонун тегишли ҳолларда кишиларнинг эркинлигини чеклашга йўл қўяди. Яъни, улар жиноий ҳаракат содир этса ёки шундай ҳаракат содир этишда гумон қилинса, шахсни жамиятдан ажратишга зарурат туғилади. Лекин, ҳар қандай эркинликни чеклаш қонунга асосан ва қонун ваколат берган органлар томонидан амалга оширилади. Ҳар қандай кишини айбдор деб топишнинг фақат суд органлари ваколатига берилиши демократик ҳуқуқий давлатга хос хусусият бўлиб, бу шахсни ҳимоялашнинг муҳим воситасидир.

    Айбсизлик презумпсияси. Жаҳон ҳуқуқшунослик тажрибасида “айбсизлик презумпсияси” деган сўз ишлатилади. Бу дегани, шахснинг айби аниқ исботланиб, айбли эканлиги суд томонидан эътироф этилмагунча унга ҳеч қандай айб қўймаслик ва айбдор деб эълон қилмасликдир.

    Шахснинг айби қонунларда белгиланган тартибда, судда кўриб чиқилиб исботлансагина у айбдор деб топилиши мумкин. Бунда яна бир муҳим шарт судда ишнинг ошкора кўрилиши ҳисобланади. Судда ишни ошкора кўриш деганда, манфаатдор томонларни олдиндан судда иш кўриш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантириш, суд мажлисларида иштирок этишга тўсқинлик қилмаслик, суд мажлисларида жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситаларининг иштирокига имконият яратиш тушунилади.

    Сарбон УРАЛОВ

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates