“Яшил” логистика нима учун заруратга айланмоқда?

    Логистика ривожи бевосита давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг ўсишига бориб тақалади.

    Жаҳон истеъмол бозори йил сайин кенгайиб боряпти: талабга яраша таклиф ҳам юқори. Истеъмолчилар бир маҳсулотнинг бир неча ўнлаб турларини танлаш имкониятига эга. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор, инсоният сўнгги йилларда атроф-муҳит тозалиги, бу орқали ўз саломатлиги ҳақида жиддий қайғура бошлади. Натижада, дунё бозорида экологик тоза маҳсулотларга талаб ортиб, одамлар атроф-муҳитга камроқ зарар етказадиган ишлаб чиқарувчилар, сотувчи ва брендларни афзал кўрмоқда. Халқаро ташкилотлардан бирининг хисоботига кўра, ҳатто, истеъмолчиларнинг 57 фоизи табиат тозалигига ҳисса қўшиш мақсадида онлайн харидларни танламоқда.

    Логистика, яъни, етказиб бериш хизматлари иқтисодиётнинг асосий негизларидан ҳисобланади. Одатда, бу вазифани транспорт воситалари бажаради. Ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўртасидаги товарлар ҳаво, темирйўл, денгиз ёки автомобил йўли транспортлари орқали бир манзилдан иккинчи манзилга етказилади. Давлатлар ўртасидаги савдо алоқалари ҳам асрлар давомида шу тарзда амалга ошириб келинмоқда. Шу жиҳатдан, мамлакатларнинг экспорт ривожини транспорт-логистика хизматларисиз тасаввур этиш қийин.

    Юртимизнинг хориж давлатлари билан мунтазам олиб борилаётган ҳамкорлик муносабатларининг энг аввалида ҳам экспортга урғу бериляптики, натижада Ўзбекистон қисқа вақт ичида ташқи бозорга хомашё етказиб берувчидан, тайёр маҳсулот экспорт қилувчи мамлакатга айланди. Ишлаб чиқариш ва экспорт кўламининг ортиши логистика хизматларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, юртимизда экспортёр корхоналар сони беш йилда 4 минг 500 тадан 7 минг 200 тага кўпайган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар турлари эса 1 минг 500 тадан қарийб 3 мингтага ошиб, мамлакатлар географияси 164 тага етди. Мутахассислар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий давлатлардан бири сифатида экспорт имкониятларини янада юқорироқ баҳоламоқда.

    Логистика масалаларини ҳал этиш, янги транспорт йўлакларини яратиш бунга кенг йўл очади. Бу борада вазифалар ҳам белгиланган. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўтган йили 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йилда тайёр маҳсулотлар экспортини қўшимча 4 миллиард долларга ошириш асосий мақсадларимиздан бири эканини таъкидлади. Жорий йилда Президент фармони билан қабул қилинган Давлат дастурида эса 2026 йилга қадар мамлакатимиз экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишдек катта мақсадлар қўйилган.

    Бунинг учун логистика хизматларини нафақат ривожлантириш, балки замон талабига мослаштириб бориш ҳам тақазо этилади. Яъни, юқорида таъкидланганидек, одамларда тезкор, экологик ва арзон маҳсулот ҳамда хизматларга эҳтиёж ошиб бормоқда. Логистика масалалари ҳам бундан мустасно эмас. Тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар эса ана шу талабга мослашмоқда. Ҳатто, логистика хизматларида “яшиллик”ка эътибор кучайиши ортидан, бу масала бизнес мажбуриятга айланиб боряпти.

    Асосий мезон: иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва экология

    Хўш, бугунги кунда одамлар интилаётган “яшил” логистика ўзи нима ва уни қўллашнинг энг мақбул амалиётлари нималарда кўзга ташланади?

    Манбаларга кўра, “яшил” логистика ижтимоий ривожланишнинг экологик ва ижтимоий омилларини ҳисобга олган ҳолда товарларни барқарор равишда ишлаб чиқариш ва тарқатишни англатади. У логистика фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини ўлчаш ва минималлаштиришга қаратилган барча ҳаракатларни тавсифлайди.

    Содда қилиб айтганда эса, “яшил” логистика — бу логистика жараёнларини рақамлаштириш орқали истеъмолчиларга маҳсулотларни энг минимал харажатлар эвазига, келишилган муддатда етказиб бериш ҳамда бу босқичда атроф-муҳитга бўладиган зарарли таъсирни камайтириш мезонидир. Яъни, бу ерда буюртмани ҳам тез, ҳам арзон, ҳам экологияга зарар келтирмаган ҳолда етказиб бериш назарда тутилади. У чиқиндиларни бошқариш, утилизация қилиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, энергия истеъмолини камайтириш ва ҳоказолар билан шуғулланадиган таъминот занжирини ўз ичига олади. Буларнинг барига логистика хизматларини замонавийлаштириш ва рақамлаштириш эвазига эришиш мумкин.

    Бунда логистика операцияларининг бари рақамлаштириш ҳисобига осонлик билан амалга оширилади. Рақамлаштириш, ўз-ўзидан қоғоз кўринишидаги хизматлардан буткул воз кечиш ва бунинг натижасида, вақт, ортиқча харажатларни тежашга олиб келади. Қарабсизки, энергия сарфи ҳам камайиб, чиқиндилар чиқиши сезиларли қисқаради. Тўғри танланган технология ва таъминот занжири истеъмолчи талабларига ечим бўлиш баробарида, етказиб бериш ва бренд имижини ошириш харажатларини ҳам камайтириши мумкин.

    “Яшил” логистика 1980 йилларнинг ўрталарида пайдо бўлгани ҳақида маълумотлар бор. У иш пайтида атроф-муҳитга етказилган зарарни минималлаштириш учун илғор технологиялар ва ускуналардан фойдаланадиган логистика тизими ва ёндашувлари кўринишида юзага келган.

    Тасаввур қилинг, тадбиркор қайсидир вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан шуғулланади. Харидорлари шаҳарлардаги бозорлар, супермаркетлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ёки хориж майдони бўлиши мумкин. Тоза маҳсулот охирги харидорга етиб боргунига қадар бир неча кунгина вақт бўлади. Шу вақт ичида ҳосилни йиғиб олиш, қадоқлаш, транспорт воситасига юклаб, харидорга етказиш керак. Маҳсулот сифатли қадоқлансаю, логистика тизими яхши йўлга қўйилмаган ёки транспортда сақлаш учун зарур шароитлар бўлмаса, харидор ўзи кутган маҳсулотни ололмайди. Маҳсулотнинг сифати бузилишидан ишлаб чиқарувчи ҳам катта зиён кўради. Яроқсиз маҳсулотлар эса чиқиндига айланиб, табиатга зарар етказади. Буларнинг бари ўзаро боғлиқ ва шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам “яшил” логистикани ривожлантириш зарур.

    Экологик талабларга жавоб берадиган логистикада учта асосий мезон — иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва экология барқарорлиги назарда тутилади. Яъни, маҳсулотларни етказиб беришда уларнинг табиатга салбий таъсири бўлмаслиги баробарида, иқтисодий тежамкорлиги ҳам зарурий қийматга эга. Ҳатто, маҳсулотларни қадоқлашда жойни тежашни инобатга олиш, фойдаланиладиган хомашёни қайта ишлаш мумкинлигига эътибор қаратиш зарур. Умуман, бунда барча жараён сифатли, экологик тоза маҳсулот етказиб беришга қаратилади. Рақамли технология ва замонавий қурилмалар эса ушбу жараёнларнинг сифат ҳамда тезкорлигини таъминлайди.

    Ҳозир аксарият давлатларнинг талаби ҳам шу — “яшил” логистикани ривожлантиришдан иборат. Тизимни рақамлаштириш йўли миллий “яшил” логистикамизни ривожлантиришда ҳам мос келади. Қолаверса, мамлакатимизда барча соҳаларда жадал рақамлаштириш жараёнлари кетаётган ҳозирги шароитда бу зарурий эҳтиёж ҳамдир.

    Арзон ва самарали

    Логистика тизимига мамлакат иқтисодиётининг қон томири, дея таъриф берилиши бежиз эмас. Боиси, самарадор логистика ички бозорда тайёр маҳсулот ва хомашё ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун қулай шароит ва арзон нархларда етказиб берилишини таъминлайди, бозордаги рақобатни рағбатлантиради. Ташқи бозорда эса мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини оширади ва жаҳон иқтисодиётига интеграция жараёнини тезлаштиради.

    Ўзбекистон географик жойлашуви жиҳатидан Ўрта Осиёнинг марказидаги давлатлардан бири. Демак, бизда бошқа мамлакатлар учун “Хаб” вазифасини бажариш имконияти катта. Аммо географик нуқтаи назардан, денгизга чиқиш имкониятларимиз чекланган. Бу эса маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқаради. Шундай шароитда, биз мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишимизга тўғри келади. Чунки юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар берилаётгани ҳисобига экспортёр корхоналар сони йилдан йилга ортиб, ўзбек бренди остидаги маҳсулотлар янги бозорлар, ҳатто, Европа давлатлари савдо расталарига кириб боряпти.

    Ўзбекистон учун Европа бозорлари 2021 йилдан бошлаб очилди. Мамлакатимизнинг GSP+ тизимига аъзо бўлгани ҳам катта воқеликдир. Бу тизим Ўзбекистондан экспорт қилинадиган 6 минг турдан ортиқ маҳсулотларни Европа Иттифоқидаги 28 та давлатга олиб кириш эшикларини очди. Бу жуда катта имконият ва унга мослашиш, талабларни таҳлил қилиб, стандартларга жавоб бериш устида ишлар олиб бориляпти. Маҳаллий экспортёрларга логистика масалаларида кенгроқ имкониятлар яратиш мақсадида юртимиздаги ҳаво ва темир йўллари янги лойиҳалар асосида қўшимча қулайликлар яратишга интилмоқда.

    Логистика ривожи бевосита давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг ўсишига бориб тақалади. Географик ва иқтисодий жиҳатдан оладиган бўлсак, Ўзбекистон Марказий Осиёда транспорт оқимларининг янги архитектурасини шакллантириш имконини беради. Сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбари Марказий Осиёда “яшил” транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш ташаббусини фаол илгари сурмоқда. Буни ўзаро ҳамкорликда бошланган катта лойиҳалар, халқаро майдондаги чиқишлар хронологиясида ҳам кузатиш мумкин.

    Масалан, Марказий Осиё — Форс кўрфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ташаббусини олайлик. Ўзаро келишув асосида биринчидан, Жанубий Осиёга чиқадиган Трансафғон йўлагини тезроқ шакллантириш, шунингдек, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон автомобил ва темир йўл магистралларини қуришни жадаллаштириш кўзда тутилган. Иккинчи йирик лойиҳа Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар темир йўлининг қурилишидир. Ҳудудларимизни ўзаро боғлайдиган бу йўл “яшил” логистиканинг асосий элементи ҳисобланади. Қурилиш лойиҳаси аллақачон қўллаб-қувватланган бўлиб, ҳозирда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

    Бу йўлларнинг зарурлиги шундаки, улар транспорт ташувларини анча енгиллаштиради. Биргина, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон йўналишининг амалга оширилиши Хитойдан Жануби-Шарқий Европагача бўлган масофани 900 километрга қисқартиради, бу 7-8 кунга тенг дегани. Мазкур йўл янги транспорт коридорининг муҳим бўғинига айланади ва у орқали Ўзбекистон Хитойнинг ниҳоятда катта бўлган савдо майдонига кириб боради. Қолаверса, “Шарқ—Ғарб” лойиҳаси доирасида Ўрта Ер денгизи портларига қийинчиликларсиз чиқилади. Вақт ва сарф-харажатларнинг қисқариши экспорт кўламини оширади. Маҳсулотлар белгиланган манзилга ўз сифатини йўқотмаган ҳолда, белгиланган муддатларда етиб боради.

    “Яшил” логистика ҳақида гап борганида, уни транспорт воситалари ташувидан ҳоли тасаввур этиш нотўғри бўлади. Чунки, ҳатто, онлайн буютмалар ҳам мижозларга маълум транспорт тури орқали етказиб берилади. Шунчаки, мижозлар тезкор, камжарж ва, албатта, сифатли логистикага кўпроқ талабгир. Буюртмаларни қабул қилиш ва бошқа жараёнларнинг электрон амалга оширилиши эса ана шу сифатнинг янада ошишига хизмат қилади.

    Буюртмаларни тезкор ва сифатини сақлаган ҳолда етказиш учун эса замонавий транспорт инфратузилмасини яратиш зарур. Минтақамиздаги транзит йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг қулай тарифларни жорий этиш ҳам шулар жумласидан. Буларнинг ҳисобига охирги йилларда мамлакатимиздаги юк ва йўловчи ташиш хизматларида ўсиш кузатилаётганини кўришимиз мумкин. Масалан, ўтган йили барча транспорт турларида юк ташиш 6,5 фоизга, йўловчи ташиш эса 2,9 фоизга ошган. Транзит юк ташиш ҳажми эса 10 миллион тоннадан ошиб, халқаро юк ташишнинг умумий ҳажми 49 миллион тоннага етди.

    Ўзбекистонда транспорт соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг 6,4 фоизини, жами инвестициялар ҳажмининг 7,4 фоизини, жами хизматлар бозорининг 29,5 фоизини ташкил қилади. Мутахассислар 2030 йилга бориб юртимизнинг транзит салоҳияти 4,4 бараварга ошиб, 6,04 миллиард тоннагача етишини тахмин қилмоқда. Шу билан бирга, транспорт соҳасига йўналтирилган инвестицияларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан улуши 46,7 миллиард долларгача ошиши ҳақида тахминлар бор.

    2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида темир йўл инфратузилмасини электрлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш ва автомобил йўллари тармоғини жадал ривожлантириш, ташқи савдо учун транспорт тизимида “яшил йўлаклар” ва транзит имкониятларини кенгайтириш вазифалари ҳам қўйилган.

    Бу мамлакатимизнинг жаҳон бозоридаги ролини мустаҳкамлаб, ишончли ҳамкорлар сонини кўпайтириш, “яшил” логистикани ривожлантириш, экспорт кўламини янада оширишга кенг йўл очади.

    Шодиёр НАРЗУЛЛАЕВ,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети тадқиқотчиси

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 06.04.23 й, 66-сонида чоп этилган)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates