Тадбирда Ядро физикаси институти, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ҳамда Физика-техника институтлари, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Илғор технологиялар маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети мутахассислари, академик-олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Асосий мақсад янги материаллар, гелиотехнологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш, такомиллаштириш ва улардан фойдаланиш масалаларини таҳлил қилиш, муҳокама этиш ва илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Конференция давомида AҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Россия, Белорус ва мамлакатимиз олимларининг кўп функционал материалларни яратиш, улардан маҳсулот ишлаб чиқаришнинг илғор технологиялари, шунингдек, гелиотехнологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан амалий фойдаланиш масалаларига бағишланган илмий маърузалари тингланди.
Мазкур тадбир давомида соҳани ривожлантиришга катта ҳисса қўшган таниқли олим, т.ф.д, профессор Ғиёс Умаров таваллудининг 100 йиллиги нишонланди. Олимнинг шогирдлари, ҳамкасблар томонидан кенг кўламли фаолияти эътироф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта ташкил этилаётган «Яшил технологиялар водийси» илмий-технологик Консорциумининг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу лойиҳа Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» AЖ ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади водород энергетикаси технологиялари, карбон толаларини олиш усуллари, ўта ўтказувчан материаллар ва хусусиятлари олдиндан белгиланган материаллар соҳасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш, синаш, тажриба синовларини ўтказиш бўйича ҳамкорликдаги мега-лойиҳаларни амалга оширишдир.
Мазкур конференция 21 май куни ҳам бўлиб ўтади.