Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев ЎзАга маълум қилди.
Қайд этилишича, йўлкира учун тўловларни нақд тўлаш амалиёти бекор қилиниши ортидан чиптачилар фаолиятидан воз кечилди. Бугунги кунда пойтахтимизда 2644 та автобекат бўлса, улар атрофига 5500 та QR-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган. Агар йўловчи нақд пул орқали тўлов қилмоқчи бўлса, QR-чиптани харид қилиш учун тўлов инфокиоскларидан фойдаланиши мумкин. Йўловчи бир марталик тўлов учун QR-чипта олса йўл ҳақи 3000 сўм, "АТТО" картаси ёки мобил илова орқали тўлаганда 1700 сўмни ташкил этада.
— Агар йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда қабул қиладиган бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак. Вазият Транспорт инспекциясининг ҳудудий инспекторлари томонидан назорат қилинади. Биринчи сафар огоҳлантириш берилади. Огоҳлантиришга қарамасдан ҳуқуқбузарлик такрорланадиган бўлса, ўрнатилган тартибда ҳайдовчига ҳам йўловчига ҳам маъмурий баённома расмийлаштиришга тўғри келади, — дейди Салимжон Нишонбоев
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси ҳамда 145-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Яъни, йўловчига нисбатан маъмурий баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан тузилади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бири миқдорида жарима белгиланади. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 минг бўлса, 37 минг 500 сўм миқдорида фуқаро жаримага тортилади. "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти томонидан барча автобусларга назорат камералари ўрнатилган.