Куни кеча ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни зиёлилар ва жамоатчилик вакилларига чуқур таҳлиллар асосида тушунтириб берди.
Сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари мунтазамлик тусини олганига қарамай, уларнинг айримларида маънавий қашшоқлашув кузатилмоқда. Бу эса инсоннинг ўз халқи, ватанига дахлдорлик ҳисси заифлашувига олиб келмоқда. Инсонларда дахлдорликнинг сусайиши мафкуравий иммунитетининг пасайиши билан ўзаро боғлиқ бўлади, натижада у секин-аста маънавий таҳдид ва мафкуравий хуружларга қарши ўзида куч топа олмай, заифлашиб боради. Бу эса, албатта, шу соҳада йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни ўз вақтида таҳлил қилишга ундайди.
Шахснинг ҳар қандай масала ўзи учун муҳим эканини англаши ва шунга мос иш тутиши ундаги дахлдорлик фазилатининг қай даражада шаклланганини билдиради. Жамият тараққиётига нисбатан дахлдорликни тушуниб етган инсон ана шу жамиятни фаровон қилишга шакллантиришга интилиб яшайди. Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларига ортиқча эрк бериши маънавиятнинг издан чиқишига сабаб бўлиб қолмоқда. Шу маънода фуқаролик жамиятининг шаклланиши жараёнида ҳуқуқ ва эркинликлари ошиши инсонийлик меъёрларидан оғиш ҳолатларига олиб келмоқда. Буни жаҳоннинг айрим ривожланган мамлакатларида яққол намоён бўлаётган оила институтининг глобал инқирозида кўришимиз мумкин. Бунда “оилага дахлдорлик” “оилага лоқайдлик”, “оилага бефарқлик”ка айлангач, уларнинг ахлоқи никоҳсиз турмушни, оиладаги ажралишларни, ота-оналарнинг биридан иборат оилаларни, бир жинсли никоҳни нормал ҳолат деб қабул қилмоқда.
Шундай глобал инқирознинг юримизга ҳам кириб келиши таҳдиди мавжуд ва буни ўз вақтида англаб олиш ўта муҳим. Йиғилишда айнан шундай хавф-хатарларга қарши қатъий курашиш йўллари очиб берилди. Дарҳақиқат, ёшларнинг ўз ҳаётига дахлдор нарсага лоқайд қараши эртами-кеч уларни ҳалокат ёқасига олиб келади.
Фуқаролик жамиятини шакллантиришда қонунга риоя қилиш, ҳуқуқ ва эркинликни таъминлаш ҳамда тартиб-интизом ўрнатиш муҳим роль ўйнайди. Чунки қайсики шахсда лоқайдлик ёки беписандлик кайфияти кучли бўлса, унинг қонунга риоя қилишини таъминлаш шунчалик мураккаблашади. Ёшларимиздаги лоқайдлик ва бефарқликни бартараф этиб, ўрнига дахлдорлик туйғусини шакллантириш улардаги маънавиятнинг юксалиши билан боғлиқ масаладир. Сабаби, маънавияти юксак ёшнинг иродаси ҳам кучли бўлади. У адолатсизликка бефарқ қараб тура олмайди. Маънавий қашшоқ одам лоқайд бўлиб, ўз маънавиятини, маънавий фазилатларини юксалтиришга ҳаракат қилмайди. Шу боис, ўзидаги бефарқликдан халос бўлиб яшаши учун ҳар бир ёш йигит-қизни маънавий юксалтириш лозим.
Маънавий тарбия худди об-ҳаво каби бир миллатга, мамлакатга эмас, бутун инсониятга дахлдор масаладир. Чунки маънавиятнинг тубанлашиб, саёзлашиб кетиши чегара билмайдиган муаммоларни, инсониятнинг қирилиши, фалокат ёқасига бориб қолиши хавфини келтириб чиқариши мумкин.
Юртимизда бугун асосий эътиборни ёшлар ўртасидаги бефарқлик кайфиятини йўқотишга қаратиш зарур. Чунки фуқаролик жамиятининг моҳияти фуқаролар ўртасидаги жипслик, бирдамликдан, яъни бир фуқаро иккинчи бир фуқаро ва унинг тақдирига бефарқ бўлмаслигидан иборатдир.
Шундай экан, бугунги кунда ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий соҳада фаолият юритаётган ҳар бир фаол фуқаронинг асосий вазифа ва бурчларидан бири одамлардаги бефарқлик кайфиятини йўқотиб, дахлдорлик туйғусини ривож топтиришдан иборат. Бунинг учун эса лоқайдлик ҳодисасини ва лоқайдликни келтириб чиқарадиган ҳолат ва сабабларни аниқлаш керак бўлади.
Хўш, лоқайдликнинг сабаби нимада? Лоқайдликни келтириб чиқарадиган сабаблардан бири масъулиятсизлик иллатининг кўп учраши ҳисобланади. Яъни дангаса одам ниманидир бажариш учун ўзида масъулият ҳис қилмайди. Буни мен эмас, бошқа одам бажариши керак ёки умуман бажармаса ҳам бўлаверади, деб ўйлайди. Натижада айнан ўша иш бажарилмай қолиб, уни бажармаган шахсдан кўра жамиятга кўпроқ зарар етади. Лоқайдлик собиқ иттифоқ даврида авж олди. Чунки ўша замонларда жамият ҳаётида бирор муаммо пайдо бўлса, “уни марказ ҳал қилиши керак”, деган тушунча одамларга сингдириб юборилган эди. Аслида эса империя даврида бизни “иккинчи даражали одамлар” деб ҳисоблашар ва ўзимизнинг муаммоларимизни ҳал қилишга ҳақимиз йўқ эди. Шу тариқа халқимиз дахлдорлигининг доираси сунъий равишда торайтириб қўйилганди.
Лоқайдлик сабабларидан яна бири эгоизм — худбинлик, ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўйиш иллати саналади. Яъни қачонки одам эгоизмини жиловлаб, ўз манфаати билан жамият манфаатини уйғун қўйса, бефарқликдан халос бўлиб яшай бошлайди. Фақат ўз манфаатини ўйлаб яшайдиган, эгоист одам адолат билан разолат ўртасидаги курашда бефарқ бўлиб яшайди.
Буюк бобомиз Алишер Навоий ҳам огоҳлик ва ҳушёрлик ҳақида ёзар экан, ҳар бир инсон жаҳолатдан йироқ бўлиши лозимлигини, бунинг учун эса одам ғафлат уйқусидан уйғониши кераклигини таъкидлайди. Мутафаккирнинг “Муножот” асарида қуйидаги сатрлар бор:
Илоҳи, ғафлат уйқусидамен, бедор қил ва
жаҳолат мастлигидамен, ҳушёр қил.
Илоҳи, ул бедорлиғни огоҳликка еткур ва
бу ҳушёрлиғни беиштибоҳликка уландур.
Яъни ғафлат уйқусидан бедорлик ва жаҳолат мастлигидан ҳушёрлик огоҳликка етказади ва бу ҳушёрлик беиштибоҳликка (ишончга) уланади, дейди.
Агар инсон бефарқлиги оқибатида ўзига ва бошқаларга, ҳатто бутун бошли жамиятга зарар етишини, тараққиёт, ривожланишнинг илдизига болта уришини англаб етса, ҳеч қачон бу иллатга бўйин эгмайди.
Бугун эртамиз бўлган ёшлар тарбияси учун барчамиз бирдек масъулмиз. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати барчамизнинг эътиборимиз марказида бўлмоғи лозим. Зеро, Абдулла Авлоний бобомиз таъкидлаганидек, “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”.
Элдор Шерманов,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институт ректори в.б,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)









