Мамлакатимизда келажагимиз эгалари ҳисобланмиш ёшлар масаласи яна бир карра давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ёш авлод ташкил этиши барчага маълум. Шундай экан, мазкур йўналишда бундай муҳим қарорлар чиқиши ҳам ҳаётий заруриятдир.
Тарихий манбалардан маълумки, ёшларнинг ахлоқли, одобли, жисмонан ва руҳан пишиқ-пухта улғайишлари учун жамики педагогик воситалардан, самарали услублардан унумли фойдаланилган. Шунинг учун қадимда ота-боболаримиз ёшларнинг тарбиясига, бинобарин, ҳар жиҳатдан комил инсон сифатида ўсишига катта аҳамият қаратишган. Бугунги глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган даврда ёшларга нисбатан диққат-эътибор билан муносабатда бўлишнинг ўзи камлик қилади. Бу ҳаёт-мамот масаласини ижобий ҳал этишнинг энг мақбул йўлларидан бири, шубҳасиз, маҳалла билан ҳамкорлик қилишдир. Донишманд элимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», «Бир болага етти маҳалла ота-она» каби пурмаъно ҳикматлар бисёр. Айни ҳикматлар замирида ёш авлод тарбиясида оила ва маҳалланинг роли долзарб эканлиги таъкидланган. Доимо давлатнинг кичик ҳужайраси сифатида оиланинг мустаҳкамлиги учун ҳаракат қилинган. Шу туфайли маҳалла аҳлининг тинчлиги, фаровонлиги, унинг ҳудудидаги хонадонларнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳолатига чамбарчас боғлиқ бўлиб келган.
Азалий миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз моҳиятини тўғри англаб етиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида олий ўқув юртлари билан маҳалланинг ўзаро алоқасини қатъий йўлга қўйилиши кўзланган мақсад сари муҳим қадам бўлади. Президентнинг юқоридаги қарори хайрли саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ва Учинчи Ренессанс бунёдкорлари – ўғил-қизларимизга нисбатан давлатимизнинг навбатдаги ғамхўрлиги дея аниқ айтиш мумкин. Маҳаллада ҳам аҳолининг йирик қисми ёшлардан иборат. Одатда маҳалла идорасида ишлайдиган ходимларнинг аксарияти катта ёшли бўлганликлари боис ҳам фарзандларимиз ботиниб бориб, уларга мурожаат қилгани тортинишарди. Маҳаллада ёшлар билан ишловчи алоҳида ходимнинг, аниқроғи, ёшлар етакчиси лавозимининг жорий қилиниши эса ёшлар муаммоларининг ижобий ҳал этилишини таъминлайди, деб ўйлаймиз.
Зеро, «Ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақти» деган нақлни унутмайлик. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кеча ва учрашувлар уюштирилиши, албатта, ўз самарасини кўрсатади. Айниқса, алоҳида иқтидор ва истеъдод соҳибларига эътиборнинг кучайтирилиши, кўрик-танловлар ғолибларининг рағбатлантирилиши ҳам тарбиявий аҳамиятга эга.
Дарвоқе, номи саналган дастуриламал қарор билан олий таълим муассасаларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларига биринчи проректор (ректорнинг биринчи ўринбосари) мақомининг берилиши масаланинг нақадар муҳимлигини кўрсатиб турибди. Бу эса ёшларнинг таълими ва тарбиясини юксалтириш, уларни она Ватанга меҳр-муҳаббатини янада ошириш кечиктириб бўлмас вазифалигини англатмоқда. Шу соҳада фаолият олиб бораётган биз каби масъуллар учун юксак шараф ва чексиз масъулият ҳамдир.
Наманган давлат университети жамоаси «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат сифатида баҳолаймиз ва унинг ижросини таъминлаш учун бор куч-ғайратимизни, салоҳиятимизни сарфлаймиз.
Наримон ДЕҲҚОНОВ,
Наманган давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори